Хабарлар
(а)ни қўшди Abu Muslim    11.04.18 20:15    PDF Печат E-mail
Ресторан бизнесини бошламоқчи бўлганларга бешта маслаҳат

Хусусий бизнесни очишда муаммолар талайгина, айниқса бу иш ресторан очишга тааллуқли бўлса. Натижа ҳар доим ҳам киритилган сармоя ва сарфланган кучларни оқлайвермайди. Кўпчилик харажатларни, прогноз қилинаётган фойдани нотўғри баҳолагани боис муваффақиятсизликка учрайдилар. Шунингдек, ходимларнинг нотўғри танланиши ҳам натижага салбий таъсир кўрсатади.

Тўлиқ ўқиш Охирги янгиланган ( 04.03.19 21:06 )
 
(а)ни қўшди Abu Muslim    06.06.14 11:08    PDF Печат E-mail
Ҳалол ва ҳаромнинг фарқи

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга бир замон келадики, унда киши молни нимадан – ҳалолданми ё ҳаромдан олганига парво ҳам қилмайди», дедилар» (Имом Бухорий ва Насоий ривояти).

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг катта мўъжизаларидан биридир. Ушбу ҳадиси шариф Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққан пайтда кўпчилик мусулмонлар молни ҳалол-ҳаромига қарамай олиш деган нарсани умуман хаёлларига ҳам келтира олишмас эди. Чунки мусулмонман, деган одам фақат ҳалол нарсани олиши, ҳаромдан ҳазар қилиши керак. Бу нарса асри саодатдаги мусулмонларнинг фикри-зикри, бутун вужудига сингиб кетган эди.
Аммо асрлар ўтиб, кишилар Исломдан, иймондан узоқлаша боргач охир-оқибат ҳалол билан ҳаромни фарқ қилмайдиган ҳолатга етишди. Кишилар ҳалолни қўйиб ҳаромга ўзини урадиган бўлишди. Мол-дунё тўплаш йўлида ҳар қандай ҳаромдан, жирканчликдан, пасткашликдан тап торт¬майдиган бўлишди. Ҳаттоки, ҳалол бўлишга уринган кишини девоналикда, ақлсизликда айблайдиган даражага етишди. Шундай қилиб, Пай¬ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисда айтган гаплари юзага чиқди.
Аслида эса инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган нарсалардан бири ҳам ҳалол-ҳаромни фарқ¬лашдир. Дуч келган нарсани суруштирмай ўзиники ҳисоблаб, ундан фойдаланишга ўтиш ҳайвонга хосдир. Инсон эса бу нарса ҳалолми, ҳаромми, яъни, фойдалими, фойдасизми, ўзиникими, ўзганикими, буни сўраб-суриштиради. Мусулмон киши эса ҳар бир нарса шариат рухсат берган тарзда бўлиши кераклигини тўлиқ тушунган ва масъулиятни сезган ҳолда, ҳар бир ҳаром нарса катта гуноҳ бўлишига эътиқод қилиб яшайди.
Ислом ақидаси бўйича шариатда ҳаром ҳисобланган нарсани ҳалол санаш кофирликдир. Ҳаромни ҳаром билиб туриб, ундан ҳазар қилмаслик эса, гуноҳи азимдир. Шунинг учун мусулмон киши нима ҳалол, нима ҳаром эканини яхшилаб билиб олиши ва ҳалол касбни ихтиёр қилиши керак.
Мусулмон кишига бирор таом тақдим қилинса, ҳадя берилса ёки у бирор нарсани сотиб олмоқчи бўлса, у нарсанинг ҳалол ёки ҳаромлигини сўраб-суриштириб олсин. Чунки бундоқ нарсалар вазиятга қараб гоҳида вожиб, гоҳида ҳаром, гоҳида мандуб ва гоҳида макруҳ бўлади, дейишади уламоларимиз.
1. Молнинг эгаси ҳаромхўрлиги билан машҳур бўлса ёки молининг кўпи ҳаромлиги маълум бўлса, сўраб-суриштириб, ҳаромхўрнинг ҳалол моли ва кўп ҳаром аралашган молнинг ҳалол қисмидан муомала қилиш вожиб бўлади.
2. Ҳаромхўрлиги маълум бўлмаган, ўзида ҳаромхўрлик белгиси, аломати ҳам бўлмаган кишининг молини сўраб-суриштириб, тафтиш қилиш эса, беайб мусулмон кишидан ҳаромхўр¬ликда шуб¬ҳаланиш бўлгани учун ҳаром саналади.
3. Мол эгасининг ҳаромхўрлиги маълум бўлмаса, аммо унда ҳаромхўрликнинг аломатлари кўринса, у билан муомала қилиш жоиз, аммо тарк этган афзал.
Демак, сўраб-суриштириш шубҳага боғлиқ. Бир одам ҳаром мол топиш гуноҳ эканини англаб етди. Қўлида ҳаром аралашган мол бор, бу ҳолда нима қилади? Уламоларимиз бундай ҳолда қуйидагиларни  маслаҳат берадилар:
«Агар ҳаром молнинг жинси ва миқдори аниқ бўлса, ўша аниқ жинс ва миқдорни чиқаради. Агар аниқ бўлмаса, ғолиб чамасига кўра ажратса ҳам бўлади. Аммо кўнгли равшан бўладиган даражада ишонч билан чиқарса, яна ҳам яхши.
Кейин ўша молнинг эгасини ёки унинг меросхўрини топиб қайтариб беради. Агар у молнинг муайян эгаси бўлмаса ёки топилмаса, садақа қилади ёки мусулмонлар оммасига фойда келтирадиган нарсаларга ишлатилади».
Ҳаромдан ҳазар қилиш мусулмонларнинг асосий фазилатларидан бири бўлганидек, шубҳали нарсалардан ҳазар қилиш ҳам салафи солиҳларимизнинг одатлари бўлган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу шубҳали нарсадан бир луқма еб қўйиб, кейин уни қусиб юборганлари маълум ва машҳур.
Ривоятларда зикр қилинишича, Бишрул Хофий раҳматуллоҳи алайҳга оналари бир дона хурмо берганида еб туриб, кўчага чиқиб қайтиб қусиб юборган эканлар. Чунки ўша хурмо шубҳали бўлган. Онани хафа қилмаслик учун ейилган, сўнг тақво юзасидан қусилган.
Иббон ибн Абу Аффош розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Анас розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтганлар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: Эй Аллоҳнинг Расули, «мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг, дедим. У зот: «Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий ривояти).
Анас розияллоҳу анҳу доимо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларини ихлос билан қилиб юрганларидан баъзи вақтларда ушбу ривоятдагига ўхшаш нарсаларни у зотдан сўрашга журъат қилганлар. Албатта, у кишининг бу сафарги сўровлари катта саволлардан эди:  «Эй Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг». Ҳар банда учун дуоси қабул бўладиганлардан бўлиш улкан бахт. У ҳар бир мўмин-мусулмон банданинг энг улкан орзуларидан бири.
Албатта, бундоқ вақтда, одатда, Пайғамбар алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолога дуо қилиб, Анас розияллоҳу анҳунинг дуоларини қабул қилинадиган этиб қўйишини сўрашлари хаёлга келади. Эҳтимол, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳам худди шу нарсани ирода қилган бўлсалар керак. Аммо Пайғамбаримиз алайҳиссалом фақат Анас розияллоҳу анҳунинг ўзига етадиган эмас, Қиёмат кунигача бутун Ислом умматига етадиган жавоб бердилар: «Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди», дедилар».
Охирги замон Пайғамбари, Роббил оламийннинг ҳабиби Муҳаммад Амин соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу жавоблари умумий қоида бўлиб қолди. Қайси замон, қайси маконда бўлишидан қатъи назар, ҳар бир мўмин-мусулмон дуоим қабул  бўлсин деса, ҳалол касб қилсин, ейдиган луқмасини ҳалол қилсин. Ана ўшандагина дуоси қабул бўлади.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ушбу жавобларидаги: «Чунки бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди» деган жумлага алоҳида эътибор берайлик. Бундан жуда оз миқдордаги ҳаром нарса инсонга илашса ҳам унинг дуоси қабул бўлмаслиги келиб чиқади.
Бир луқма таом оз нарса, инсоннинг бир марта овқатланиши давомида ҳам бир луқма ҳеч нарсани ташкил қилмайди. Лекин сиз билан бизнинг назаримизда арзимаган бўлиб кўринган ўша бир луқма уни еган одамнинг дуосини қирқ кунгача қабул бўлмайдиган этиб қўяр экан. Эҳтимол, тановул қилинган ҳар бир таомнинг асари инсон жисмида қирқ кунгача турса керак.
Энди инсоф билан ўйлаб кўрайлик. Ҳаммамизнинг қилаётган касбимиз, топаётган молу мулкимизнинг бари ҳалолми? Ҳаммамизнинг тановул қилаётган ҳар бир луқмамиз ҳалолми?
Энди нима учун дуолар қабул бўлмаётганини, нима учун ишлар юришмаётганини тушуниб етган бўлсак керак?! Ушбу улуғ ҳадиси шарифга амал қилиб, касбимизни пок қилишимиз, бир луқма ҳам ҳаромни оғзимизга олмаслигимиз лозим. Икки дунёнинг бахт-саодати шундадир.

(“Ҳадис ва Ҳаёт”, 11-жуз, 34-38-бетлар).

Охирги янгиланган ( 06.06.14 11:10 )
 
(а)ни қўшди Abu Muslim    05.06.14 23:14    PDF Печат E-mail
Сизларни нимадан қайтарган бўлсам...

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан четда бўлинглар. Сизларга нимани амр қилган бўлсам, ундан қудратингиз етганини қилинг. Албатта, сизлардан олдингиларни саволларининг кўплиги ва пайғамбарларига хилоф қилишлари ҳалок қилгандир», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф бобнинг Суннатни маҳкам тутиш қисмига мувофиқдир. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайтарганларидан қайтиб, буюрганларини қилиш–Суннатни маҳкам тутиш деганидир.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз зоти шарифларидан содир бўлган наҳйи ва амрларга сиз билан биз–У кишининг умматлари қандоқ муносабатда бўлишимиз лозимлигини баён қилмоқдалар. Ҳадиснинг иккинчи қисмида эса, бу ишга нотўғри муносабатда бўлиш ҳалокатга олиб келишини айтиб огоҳлантирмоқдалар.
«Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан четда бўлинглар», дейдилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг бошида. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни нимадан қайтарган бўлсалар, биз ҳеч гап-сўзсиз дарҳол ўша нарсадан четда бўлишимиз, у нарсага умуман яқинлашмаслигимиз керак бўлади. Эҳтибор берайлик: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундан четда бўлинг¬лар», демоқдалар, «Ундан қайтинглар, уни қилманглар», деганлари йўқ. Четда бўлиш қайтиш ва қилмасликдан кўра, кучлироқ ишдир. Бир нарсани қилмаслик ёки ундан қайтиш унинг яқинига бормаслик ёки атрофида юрмасликни ифода қилмайди. Четда бўлишлик эса, умуман яқин йўламасликни билдиради. Шунинг учун шариатимизда бирор нарсадан қайтарилган бўлса, ўша нарсанинг сабабчилари ва атрофидаги нарсаларидан ҳам қайтарилган бўлади.
Мисол учун, ароқ ҳаром қилинган–унга тегишли ҳамма нарса, яҳни, уни тайёрлаш, олиб келиш, сотиш, ичганлар билан ўтириш ва бошқалар ҳам ҳаром ҳисобланади.
Шунингдек, зино ҳаром қилиниши билан унга сабаб бўлувчи ва унга тегишли бошқа нарсалар ҳам ҳаром қилинган. Шу сабабли шариат қайтарган нарсалардан узоқда бўлиш жуда муҳимдир.
Ҳадиснинг давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларга нимани амр қилган бўлсам, ундан қудратингиз етганини қилинг», дейдилар.
Ўз-ўзидан маҳлумки, бундан фарз ва вожиб амаллар мустаснодир. Чунки бу амалларни ҳеч кам-кўстсиз бажаришни Аллоҳ таолонинг Ўзи амр қилгандир. Бундай амалларни кучим, қудратим етганича қиламан, чарчаб қолсам, қолаверади, деб бўлмайди.
Мисол учун: «Тўрт вақт намозни ўқийман-у, бомдодга келганда узр, уйғонишим қийин», де¬йилмайди.
Фарз ва вожиб амаллардан ташқари, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилган ишларни қўлдан келганича қилинаверади. Гапни кўпайтириб, сўраб-суриштириб ўтирилмайди. Мўмин-мусулмон инсоннинг вазифаси–ўз Пай¬ғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам ушлаш. Уларни муҳокама қилиш, сўраб-суриштириш эмас. Зотан, тажрибанинг кўрсатишича, бундоқ нотўғри иш ҳеч қачон яхшилик келтирмайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг давомида қуйидагиларни таҳкидламоқдалар:
«Албатта, сизлардан олдингиларни саволларининг кўплиги ва пайғамбарларига хилоф қилишлари ҳалок қилгандир», дедилар».
Мусулмонлардан олдин ўтган кўпгина умматлар буйруқ ва қайтариқларни эшитгандан сўнг индамай амал қилиб кетавермай, саволларни кўпайтириб юборганлари учун ҳалок бўлганлар.
Шунингдек, ўз пайғамбарларига хилоф қилганлари учун ҳалок бўлишган. Мусулмонлар ҳам ўшаларга ўхшаб, ҳалок бўлмайлик, десалар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амр ва наҳйиларига сўзсиз амал қилсинлар, саволни кўпайтирмасинлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган нарсадан четда бўлсинлар, у зотнинг фарз ва вожибдан бошқа амрларига имконлари борича амал қилсинлар, асло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хилоф қилмасинлар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган нарсалардан четда бўлиш.
2. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига имкон борича амал қилиш (Фарз ва вожиблар бундан мустасно).
3. Шариат амрларини иккиланмай амалга ошириш.
4. Беҳуда саволларни кўпайтирмаслик.
5. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч қандай хилоф қилмаслик.
6. Ўтган умматларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган ишларни қилмаслик.
Мусулмонлар бу ҳадиси шариф ҳикматига ҳозирда ҳар қачонгидан ҳам муҳтождирлар. Чунки уларнинг аксарияти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган нарсадан қайтмайдиган, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилган ишларни эса қилмайдиган бўлиб кетганлар. Мусулмон номини даҳво қилиб юрганлардан баҳзилари шариат ҳукмлари тўғрисида турли шак-шабҳали саволларни кўпайтиришдан тўхтамайдилар. Уларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хилоф қилишлари кўп. Бу нарсаларнинг ҳаммаси ҳалокатга учраш йўлидир. Ҳалокатга учрамаслик учун тезда ўзимизни ўнглаб олишимиз лозим.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 
(а)ни қўшди Abu Muslim    20.06.15 21:13    PDF Печат E-mail
Мусулмон учун кимларнинг сўйиши ҳалол?

Бизлар ҳозирги кунда Россия давлатининг Москва вилоятида Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикасидан келиб ишлаётган мусулмонлармиз. Шу ерларда 1-2 йилдан бери ишлаб, ҳар хил ҳаром ишлар ва ҳаром емишлардан ўзимизни сақлаб, ибодатларимизни давом эттирмоқдамиз.
Олдин у ердаги ҳамма биродарларнинг эшитишлари бўйича, «мусофир юртда ҳалол ҳайвонларнинг гўшти истеъмолга ҳалол», деган фатволарни ҳамда Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бир насрония аёл томонидан қўй гўштидан тайёрланган таом берилганлиги ва Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу таомни еганлари ҳақида, яъни–аҳли китоб томонидан сўйилган ҳалол ҳайвоннинг гўшти ҳалолдир, деган ҳадисни эшитганмиз.
Лекин, айрим биродарлар мусулмонларга «бисмиллоҳ»сиз сўйилган ҳайвонни гўшти ҳаромдур, шунингдек, Россияда ҳайвонларни сўйиш ўрнига уларни «электр токи» билан ўлдирилади ва бу билан ҳайвонлар ўлимтик, яъни ҳаром ҳисобланиб қолади, деб, муқаддас китоблардан оятларни келтиришяпти. Шунинг учун, айрим болалар 3-4 ойдан бери умуман гўшт емай қўйишди.
Юқоридагиларга кўра, ҳозирги кунда бар-чамизни қизиқтирадиган асосий саволимиз шуки, мусофир юртда ғайридинлар томонидан «бисмиллоҳ»сиз сўйилган ва супермаркетларда сотилаётган ҳалол ҳайвонларнинг гўшти бизларга истеъмол учун ҳалолми ёки ҳаромми? Бизлар қандай йўл тутсак, яхшироқ бўлади?

ЖАВОБ (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф): Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аввало, мусофир юртларда юриб, дин қайғусини қилганингиз, ҳалолни излаганингиз учун барчангизга ташаккур. Аллоҳ таолонинг Ўзи ёрдамчингиз бўлсин!
Электр токи билан ўлдирилган ҳайвон ҳаромлигида шубҳа йўқ.
Fайридинлар томонидан сўйиладиган, қўй, эчки каби биз учун асли ҳалол бўлган ҳайвонлар гўшти ҳақида батафсилроқ гапиришга тўғри келади.
Аҳли китобнинг сўйгани ҳалол бўлиши «Моида» сурасидаги:
«Бугунги кунда сизларга барча пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир» (5-оят) ояти каримасига биноандир.
Мусулмон ва аҳли китоблардан бошқаларнинг, жумладан, муртад ва динсизларнинг сўйиши ҳам ҳаромдир.
Мажусий ёки муртад овлаган балиқ ва чигиртка ҳалолдир. Чунки, у нарсаларга «Бисмиллаҳ» айтиш шарт эмас.
Уламоларимиз ҳайвон сўйиш ҳукмига оид барча ояти карима ва ҳадиси шарифларни синчиклаб ўрганиб чиққанларидан кейин сиз билан бизга уларни қисқа ва тартибли равишда баён қилиб берганлар. Келаси сатрларда ўша маълумотлардан баъзиларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
1) сўювчилар уч қисмга тақсимланади;
2) сўйиши ҳалол бўлганлар;
3) сўйиши ҳаром бўлганлар;
4) сўйиши ҳақида ихтилоф бўлганлар.
«Сўйиши ҳалол бўлганлар» бир қанча сифатларни ўзида жамлаган сўювчилардир:
Мусулмон, болиғ, оқил, эркак ва намозхон сўювчилар энг афзал сўювчилар ҳисобланадилар.
«Сўйиши ҳаром бўлган сўювчилар» қуйидагилардан иборат:
Аҳли китоб бўлмаган кофир, мушрик, васаний – бутпараст, динсиз, муртад ва зиндиқ сўювчиларнинг сўйишини еб бўлмайди.
«Сўйиши ҳақида ихтилоф бўлган сўювчилар» қуйидагилар:
1. Аҳли китоб сўювчилар.
Улар яҳудий ва насоролардир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг таъбирлари ила айтганда, «яҳудий ва насронийларнинг сўйишлари уларнинг Таврот ва Инжилга иймон келтирганлари учун ҳалол қилингандир».
Аҳли китобларнинг ўз шариатларида «ҳалол» деб эътиқод қиладиган нарсалари бизга ҳаром қилинмаган бўлса, жоиздир, агар Аллоҳнинг исмини айтилгани маълум бўлмаса ҳам, канисаларига ёки ийдларига атаб сўйилган бўлса ҳам. Агар насроний Масийҳнинг номи билан, яҳудий Узайрнинг номи билан сўйса, бизга ҳалол бўлмайди.
Аммо Моликий ва Шофеъий фуқаҳолар баъзи ҳолатларда мазкур ҳукмларга хилоф қиладилар.
2. Мажусий сўювчи.
Мажусийлар аҳли китоб бўлмаганлари, мушрик бўлганлари учун, уларнинг сўйишлари ҳалол ҳисобланмайди.
3. Аёл сўювчи.
Исломда аёл кишининг латофатига зид бўлган, уларнинг мақомларига, ҳурматларига тўғри келмайдиган ишларга аёлларни таклиф қилинмаган.
Аммо, аёл кишининг сўйган сўйиши, агар аёл ҳайз кўрган ҳолда бўлса ҳам, жоиз.
4. Ёш бола сўювчи.
Агар ёш бола ўсмир бўлиб, оқ-қорани ажратадиган ва ишларнинг фарқига борадиган бўлса, сўйиши ҳалол.
Аммо, ёш бола кичкина бўлиб, нарсаларнинг фарқига бормайдиган бўлса, жумҳур фуқаҳолар наздида, сўйиши ҳалол эмас.
Чунки, унинг қасди йўқ, «Бисмиллаҳ»нинг фарқига бормайди ва сўйишни эплай олмайди.
Шофеъийлар бу масалада жумҳурнинг гапидан бошқа гапни айтганлар.
5. Мажнун сўювчи.
Мажнун кишининг сўйган гўшти, жумҳур уламолар гапи бўйича, ҳалол бўлмайди. Шофеъийлар бу масалада ҳам жумҳурнинг гапига хилоф қилганлар.
6. Маст сўювчи.
Маст кишининг сўйган гўшти, жумҳур уламолар гапи бўйича, ҳалол бўлмайди. Шофеъийлар бу масалада ҳам жумҳурнинг гапидан бошқа гапни айт-ганлар.
7. Ўғри сўювчи.
Биров бошқа одамнинг ҳайвонини ўғирлаб сўйса, ўша ҳайвоннинг гўшти бошқаларга ҳалол бўлади.
8. Куч билан тортиб олувчи сўювчи.
Биров бошқа одамнинг ҳайвонини зўравонлик қилиб, куч билан тортиб олиб сўйса, ўша ҳайвоннинг гўшти бошқаларга ҳалол бўлади.
9. Мажбурланган сўювчи.
Бир кишининг ҳайвон сўйиш нияти йўқ бўлса ҳам бошқалар уни мажбурлаб сўйдирса, мазкур мажбурланган шахснинг сўйган сўйиши ҳалол ҳисобланади.
Ушбу охирги уч тоифа кишиларнинг сўйишлари жумҳур фуқаҳолар наздида ҳалолдир. Фақат, айрим уламолар хилоф сўзни айтганлар.
Булар умумий маълумотлар. Сизлар ўзингиз ишлаётган ерга яқин масжид ва мусулмонлардан ёрдам сўранглар. Улар сизларга ёрдам ва маслаҳатлар беришади, иншааллоҳ. Валлоҳу аълам.

 
(а)ни қўшди Abu Muslim    03.03.14 20:14    PDF Печат E-mail
Ҳалол музқаймоқларга қўйиладиган талаблар

1.  Ҳалол деб ёзилгандан кўра Ҳалоллик шартларига жавоб бера оладиган Кошер деган белгиси бўлиши керак (нима учун Ҳалол белгиси эмас дейилса, чунки, кўпгина Ҳалол белгили музқаймоқларда алкоголдан ишлаб чиқарилган ўсимлик ва хушбўйлантирувчи моддалар қўшилганлиги айтилади).
Ҳалол деб чиқарадиган ташкилотчиларнинг гапига қараганда 0,1 фоиз ёки 0,5 фоиз алкогол ҳалол ва у одамни маст қилмайди, деб таъкидлашади. Лекин, бизда “0,1 ва 0,5 фоизлик алкоголь одамни маст қилмайди, бўлаверади” деган ҳадис йўқ.
2.  Таркибида табиий ва сунъий нарсалар бўлмаслиги керак. Кўпгина табиий ва сунъий хушбўйлантирувчи ёки таъм берувчилар алкоголни эритиш орқали ишланган. Бу алкогологик табиий суюқлик ёки сунъий таъм берувчиларни музқаймоққа қўшишган ва пастеризациядан (бактерияларни йўқ қилиш учун олиб бориладиган махсус қиздириш усулидан) кейин ҳам алкоголик нарсалар ўлмайди, нобуд бўлмайди. Ва алкоголь доимо асл ҳолича қолаверади.
3.  Ваниль (Ванилла) ёки хушбўйлантирувчи Ванилин бўлмаслиги керак. Чунки хушбўй ҳидли Ванилин сунъий суюқлиги аслида алкоголь ҳамда Ванилин ўсимлигининг аралашмасидан пайдо бўлади.
Америка Озиқ-овқат Федерацияси фикрига кўра, Ванилин ишлаб чиқаришда таркибининг 35 фоизи спирт бўлар экан; ҳар ҳолда буни Ванилин дея олмасмиз.
4.  Ванилиннинг дуккаги ёки ванилин данаги бўлиши мумкин эмас, чунки улар ниҳоятда қиммат. Аксар ҳолатда ванилин дуккаги ёки ванилин ўсимлиги аслида ванилин уруғидан келиб чиққан. Ванилинни спирт билан аралаштириб, сувини олгандан кейин қолган ванилиннинг ўзи қайта қуритилади ва ерга экилади; ҳамда, қайта ванилин ўсиб чиқади. Бу таом саноати соҳасида ванилин ўсимлиги ёки ванилин таёқчасимон ўсимлиги деб аталади.
5.  Каррагинан (Карраген, Carrageenan) ҳам бўлмаслиги керак, чунки каррагенни қайта ишлаб чиқаришга кимёвий спирт ёки алкоголни ўзгартириб, калций хлоридлардан фойдаланилади.
6.  Музқаймоқлар ром (кучли маст қилувчи спиртли ичимлик) таъмидан ҳам пок бўлиши керак. Аксар маза ва таъм берувчи суюқликларда ром ишлатилиб келинади. Музқаймоқ бу моддадан ҳам тоза бўлиши лозим.
7.  Музқаймоқ устида қандолат маҳсулотлари ёки ёпишқоқ қиладиган қопламалар бўлмаслиги зарур, чунки ўша ялтироқ ва рангли нарсалар ҳам спиртни куйдириш орқали ҳосил қилинади.
8.  Ва охиргиси, ҳар хил нарсалардан олинган маҳсулотлар асосан, “Haagen Daazs Минт 5” номли музқаймоқда ялпиз (минт, ментол) моддаси бор. Кўп суғориб олинадиган маҳсулотлар аслида алкоголь билан суғорилиб, қайта ишлов бериш орқали тайёрланади.

46 та Ҳалол музқаймоқлар ва музқаймоқ крем (топпинг)ларига MCG веб-сайтида тўхталинган ва уларнинг музқаймоғига ҳеч қандай кимёвий қўшимча моддалар қўшилмаган.

Америка Қўшма Штатларида фақат битта Ҳалол ванилинли музқаймоқ фирмаси мавжуд. Pacific Valley Dairy (“Осойишта, сокин водий”. Сутли). (Мурожаат учун тел: 636-334-4700 www.pvdairy.com, мурожаат қилинг ва ўз шаҳрингиздан топишга ҳаракат қилинг).

Бу – Ҳалол ванилинли музқаймоқ. 2007 йил Чикаго шаҳрида ISNA битими бўйича ҳалол ванилинли музқаймоқ сотиш йўлга қўйилди. Бу ҳалол; ҳамда Кошер сертификати ҳам бор, гидрокарбон (Ҳалол эритувчи) кимёвий нарсалар билан сунъий ванилин ишлаб чиқарилмоқда. Бу Ванилинли музқаймоқ барча супермаркетларда ҳам мавжуд эмас; фақатгина озиқ-овқат соҳасида хизмат кўрсатадиган ўринлар ва тамаддихоналарда учрайди.

Манба: www.muslimconsumergroup.com

 


2 саҳифаси 14 дан

Your are currently browsing this site with Internet Explorer 6 (IE6).

Your current web browser must be updated to version 7 of Internet Explorer (IE7) to take advantage of all of template's capabilities.

Why should I upgrade to Internet Explorer 7? Microsoft has redesigned Internet Explorer from the ground up, with better security, new capabilities, and a whole new interface. Many changes resulted from the feedback of millions of users who tested prerelease versions of the new browser. The most compelling reason to upgrade is the improved security. The Internet of today is not the Internet of five years ago. There are dangers that simply didn't exist back in 2001, when Internet Explorer 6 was released to the world. Internet Explorer 7 makes surfing the web fundamentally safer by offering greater protection against viruses, spyware, and other online risks.

Get free downloads for Internet Explorer 7, including recommended updates as they become available. To download Internet Explorer 7 in the language of your choice, please visit the Internet Explorer 7 worldwide page.