Хабарлар
PDF Печат E-mail
Шубҳалардан сақланиш покланишдир!

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром ҳам очиқ-ойдиндир ва иккови орасида шубҳали нарсалар бордир. Уларни кўп одамлар билишмайди. Демак, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади. Бу худди қўриқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди, ундан ўтлатиб қўйиши осон.

Огоҳ бўлингки, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бордир. Огоҳ бўлингки, Аллоҳнинг қўриқхонаси Унинг ҳаром қилган нарсаларидир. Огоҳ бўлингки, жасадда бир парча гўшт бор, у соғлом бўлса, жасаднинг ҳаммаси соғлом бўлур, у касал бўлса, жасаднинг ҳаммаси касал бўлур. Огоҳ бўлингки, ўша нарса қалбдир», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф энг улуғ ҳадислардан, унинг улуғлиги шундаки, Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унда емоқ, ичмоқ, киймоқ, никоҳдаги ва бошқа ҳамма соҳалардаги нарсаларнинг ҳалол бўлиши қоидасини баён қилиб берганлар.

Шунингдек, у зот бу ҳадисда ҳаром нарсаларни ҳам баён қилиб, ҳалолга уриниш, ҳаромдан ҳазар қилишга чақирадилар. Шу билан бирга, ҳалол билан ҳаромнинг ўртасида шубҳали нарсалар борлигини, ким дини ва обрўсини пок сақлай деса, шубҳали нарсалардан эҳтиёт бўлиши зарурлигини таъкидладилар. Шубҳали нарсаларга яқинлашиш, худди подшоҳ ўзи учун хос қилган қўриқхона ёнида ҳайвон боқишдек хатарли эканини баён қиладилар.

Сўнгида эса бу жабҳада энг муҳим масала — қалб масаласи эканини, ҳалол-ҳаромда қалб соғлом бўлиши лозимлигини тушунтирадилар.

Имом Ибн Арабий: «Биргина ушбу ҳадиснинг ўзидан ҳамма аҳкомларни чиқариб олиш мумкин», деганлар. Имом Қуртубий эса: «Бу ҳадис ҳалол ва бошқа нарсаларни батафсил равишда ҳамда барча амаллар қалбга боғлиқ эканини ўз ичига олгандир. Шунинг учун ҳам барча аҳкомларни унга қайтариб солиштириб кўриш мумкин», деганлар.

Энди ҳадиси шарифни таҳлил қилиб чиқайлик: «Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир». «Ҳалол» сўзи луғатда «тугунни ечиш» маъносини билдиради. Шариатда эса, ҳаромлик тугуни ечилган, яъни, ҳаромлик сифати йўқ нарсага ҳалол деб айтилади. Чунки ҳаром нарсанинг ман қилиш тугуни бўлади. Ҳалол нарсада ана ўша тугун бўлмайди.

Ҳадиси шарифда ҳалол очиқ-ойдиндир, дейилиши жуда кенг маънони англатади. Аввало, нималар ҳалол экани очиқ-ойдин: сув, сут, мева сувлари каби ичимликлар, нон, мева, полиз экинлари, Аллоҳнинг исми айтиб сўйилган ҳалол ҳайвонлар гўштлари, рухсат берилган кийимлар ва никоҳга олинган аёллар ҳалолдир.

Қолаверса, ушбу нарсаларга ишончли, шариатда рухсат берилган йўл билан эга бўлиш лозим. Ҳалол касб деганда, айнан шу маънода, яъни, ҳалол нарсага ҳалол йўл билан эга бўлиш ҳақида гап бормоқда. Бу ҳолат ҳам очиқ-ойдин, уни ҳамма билади. Ҳалол меҳнат, мерос, ҳадя, икки тараф розилиги билан бўлган тижорат туфайли қўлга кирган мулк ҳалол бўлади. Бу оддий ҳақиқатни билиш учун алоҳида тайёргарлик кўришнинг кераги йўқ. Мусулмон одам учун ҳалол нарсани талаб қилиш, ҳалолдан молу мулк топиш фарз ҳисобланади. Уламоларимиз ушбу ҳадиси шариф баъзи бир жоҳилларнинг дунёда сув ва набототдан бошқа ҳалол нарса қолмади, дейишларига раддиядир, шубҳа ва ҳаромнинг доирасини кенгайтириш жоҳиллик ва илмсизлик аломатидир, деганлар.

Ўтган далил ва ҳужжатлардан келиб чиқиб, уламоларимиз ўзига ҳаромлик сифати илашмаган ва касб қилиш сабабига ҳаром ёки макруҳ иш аралашмаган нарсани мутлақ ҳалол, деб таърифлайдилар.

Демак, мусулмон киши ўзи ҳалол бўлган нарсани шариатда ҳалол қилинган йўл билан топиб фойдаланиши керак. Аллоҳ таолонинг амри шу. Аллоҳ таоло: «Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ва шайтон изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир», дейди (Бақара, 168).

Ейдиган нарсанинг ҳалол бўлишига Ислом динида катта аҳамият берилади. Жумладан, ушбу оятда ҳам бу нарса алоҳида таъкидланмоқда. Ўтган аҳли солиҳларимиздан Саҳл ибн Абдуллоҳ: «Нажот уч нарсада: ҳалол ейиш, фарзларни адо этиш ва Пайғамбар алайҳиссаломга эргашишдадир», деганлар.

Ояти каримада ҳалол ризқларни ейишга зид қилиб шайтоннинг изидан эргашиш саналмоқда. Яъни бу, шайтоннинг йўлида юрганларгина ҳалол емайдилар, деганидир. Шайтон инсонларга ҳалол едирмаслик билан уларни Аллоҳ таолонинг итоатидан чиқаради. Шайтонга алданган нодон инсон эса ҳалол-ҳаромни фарқламайди, улкан гуноҳ қилаётганини ўзи билмайди, ҳатто ҳис этмайдиган даражага тушади. Унга ҳаромни емасликни насиҳат қилсангиз: «Нима бўпти есам?» дейди. Мана шу ҳоли унинг шайтонга қул эканига бир далилдир.

Аллоҳ таоло Моида сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилманг. Ҳадди­нгиздан ошманг. Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошувчиларни севмас. Ва Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар. Ўзингиз ишонган Аллоҳга тақво қилинг», дейди (87-88-оятлар).

Бу ерда покиза ва ҳалол нарсаларни ҳаром деб ҳукм чиқариш мумкин эмаслиги таъкидланмоқда. Чунки ҳукм чиқариш, жумладан, нима ҳалолу нима ҳаромлигининг ҳукмини чиқариш ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир. Аллоҳ ҳалол деган нарсани ким “ҳаром” деса ёки Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ким “ҳалол” деса, кофир бўлади. Бундай одам Аллоҳнинг илоҳлик сифатига, яъни, шариат ҳукмларини чиқариш сифатига шерик бўлишга уринган ҳисобланади.

Шунингдек, бир киши ўзи учун ҳам бундай ҳукм­ни чиқариб, диндорлик сифатини зиёда қилишга уринса ҳам нотўғридир. Бундай иш динда ҳаддан ошиш ҳисобланади. Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳам буни таъкидлайди.

Имом Ибн Жарир Табарий қуйидагиларни ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни ўтириб одамларга насиҳат қилдилар, аммо ортиқча қўрқитмадилар. Сўнгра туриб кетдилар. Шунда у кишининг саҳобаларидан баъзилари: «Агар янги бир иш қилмасак, нима деган одам бўламиз. Насоролар ўзларига бир қанча нарсаларни ҳаром қилишган, биз ҳам ҳаром қилайлик», де­йишди. Баъзилари ўзига гўшт ейишни ҳаром қилди, баъзилари соннинг юқори қисмини ейишни ҳаром қилди. Бошқалари кундузи овқат ейишни, яна бош­қаси аёлларни ўзларига ҳаром қилди. Бу гап Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борганида: «Аёлларни, таомни ва уйқуни ўзига ҳаром қилганларга нима бўлди?! Огоҳ бўлинглар, мен ухлайман ҳам, бедор ҳам бўламан, рўза ҳам тутаман, оғзим ҳам очиқ бўлади. Аёлларни никоҳимга ҳам оламан. Ким мендан ўзини тортса, у мендан эмас», дедилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилмангиз. Ҳаддингиздан ошманг», оятини нозил қилди.

Аллоҳ таоло Ўзи белгилаб берганидан кам ишни қилиш нуқсон ва гуноҳ бўлганидек, Унинг белгилаб берганидан ортиқча қилишга уриниш ҳам тажовузкорлик ва гуноҳ ҳисобланади. Шу қоидага кўра, Аллоҳ таоло ҳалол қилиб қўйган нарсани ўзига ҳаром қилиб, ўзини ўша нарсадан тийиш билан гўё Аллоҳга қурбат ҳосил қилишга уриниш ҳам гуноҳдир. Чунки ҳалол ва ҳаром қилувчи ягона Зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир.

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Анас розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Уч кишидан иборат бир гуруҳ Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари олдига у зотнинг ибодатлари ҳақида сўраб келишди. Бу ҳақда хабар берилганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари уларга оз кўринди ва «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалару, биз қаёқдамиз, у зотнинг олдингию кейинги гуноҳлари мағфират қилинган», дедилар. Битталари: «Мен энди доимо кечаси билан намоз ўқиб чиқаман», деди. Иккинчиси: «Мен доимо рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман», деди. Учинчиси эса: «Мен аёллардан четда бўламан, ҳеч уйланмайман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига келиб: «Сизлар шу-шу гапларни айтдингизми? Аллоҳга қасамки, ичингизда Аллоҳдан энг кўп қўрқувчингиз менман ва Унга энг кўп тақво қилувчингиз ҳам менман. Лекин мен рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам юраман. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга уйланаман ҳам. Ким суннатимдан ўзини тортса, мендан эмас», дедилар.

Шу билан Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсаларни ўзига ҳаром қилиб онт ичиш ёки вазифа қилиб олиш бекор қилинди. Ҳамда ҳеч кимнинг Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсаларни ҳаром қилишга ҳаққи йўқлиги таъкидланди.

Яна ҳадиси шарифнинг шарҳига қайтамиз. «Албатта, ҳаром очиқ-ойдиндир». Яъни, махфий ёки билиб олиш қийин нарса эмас. «Ҳаром» луғатда ман қилишни англатади. Шариатда эса, ҳеч қандай шубҳасиз, очиқ-ойдин равишда ман қилинган нарса ҳаромдир.

Буни ҳам билиб олиш учун алоҳида тайёргарлик кўришнинг кераги йўқ. Ароқ, нажосат тушган сув каби ичимликлар, чўчқа гўшти, Аллоҳнинг исми айтилмай сўйилган ҳайвонлар гўшти, эркак кишиларга ипак кийимлар ва никоҳида бўлмаганлар ила жинсий алоқада бўлиш кабилар ҳаромдир.

Шу билан бирга, ўзи ҳалол бўлган нарсаларга шариатда ман қилинган йўл билан эга бўлса, улар ҳам ҳаромга айланиб қолади. Мисол учун, зулм, ўғрилик, рибохўрлик, алдамчилик, порахўрлик йўли билан топилган ҳар бир нарса, ўзи қанча пок бўлса ҳам, топувчига ҳаромдир.

Шунинг учун ҳам уламоларимиз мутлақ ҳаромни, ўзида ҳаромлик сифати бор ёки ман қилинган йўл билан топилган нарсадир, деб таъриф қиладилар. Мусулмон киши учун ҳаромдан ҳазар қилиш фарздир. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ҳаром йўл билан бировнинг молини ейишдан қатъий равишда қайтарган. Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг», деган (188-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни бир-бирларининг молини ботил — ҳаром йўл билан емоқдан қайтармоқда. Ушбу ояти каримани тушунтириш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳу: «Бу бир одам қарздор бўлади, лекин ўзига қарши ҳужжат йўқлигидан фойдаланиб, у молни олганидан тонади, дегани. Бировнинг молини ҳаромдан еб, гуноҳкор бўлаётганини билиб туриб, ҳокимга арз қилади», деган эканлар.

Гўё ҳоким ҳукм қилса, гуноҳ гуноҳликдан тушиб, ҳаром мол ҳалолга айланиб қоладигандек. Ҳолбуки, ҳокимнинг ҳукми ила ҳалол ҳаром бўлиб қолмайди ёки аксинча бўлмайди. Балки ҳамма нарсани кўриб-билиб турувчи Аллоҳ таолонинг ҳукми билан ҳалол ёки ҳаром бўлади. Ҳоким ҳамма нарсани кўра олмайди, била олмайди. У сиртдан кўрганига, талашаётганларнинг гапига, уларнинг ҳужжатига қараб ҳукм чиқаради.

Имом Бухорий Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алай­ҳиссалом: «Мен бир одамман, холос. Талашганлар ҳузуримга келадилар. Баъзилари бошқаларидан кўра ҳужжатини яхшироқ кўрсатиши, мен эса унинг фойдасига ҳукм қилишим мумкин. Кимга бир мусулмоннинг ҳақидан ҳукм қилиб берсам, у дўзах ўтидан бир бўлакдир. Хоҳласа олиб, хоҳласа қолдириб кетсин», деганлар.

Зоҳирга қараб ҳукм чиқаргани учун ҳоким гуноҳкор бўлмайди. Имом Қуртубий «Оятдаги «ботил йўл билан емаслик»ка ҳаромнинг барча турлари: қимор, алдамчилик, ҳаром нарсаларни сотиб мол топиш, ҳаром касбларни қилиб мол топиш ва бошқалар киради», деганлар. Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида эса: «Эй иймон келтирганлар! Рибони бир неча баробар қилиб еманг. Аллоҳга тақво қилинг, шоядки нажот топсангиз», деган (130-оят).

Ҳофиз ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилишларича, берилган қарзнинг муддати тугаб қолганда қарз берувчи қарздорга: «Ёки қарзингни тўла ёки рибони кўпайтир», дер экан. Тўласа, тўлади, бўлмаса, қарз муддатини чўзиш эвазига рибонинг миқдорини ҳам кўпайтирар экан. Ҳар йили шундай бўлавергандан кейин рибо бир неча баробарга кўпайиб кетаркан. Ушбу ояти каримада ўша ҳолат муолажа қилинмоқда.

Нафси бузуқ баъзи кимсалар бу оятни ушлаб олиб, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Рибони бир неча баробар қилиб еманг», деган, демак, бир неча баробар оширмай, маълум фоиз еса бўлаверади, деган даъволарни ҳам қилишади. Бу даъволар жоҳиллик иллатидир, Аллоҳ таоло ҳаром этган нарсани ўзига ҳалол қилиб олиш йўлидаги ғаразли ҳаракатдир. Ҳолбуки, ояти карима воқеликдан келиб чиқиб, жоҳилият даврининг энг ёмон одатларидан бирини аста-секинлик билан муолажа этмоқда. Албатта, Аллоҳга тақво қилган ва бу дунёю у дунёда нажот топишдан умидвор бўлган одамлар рибохўрлик қилмайдилар.

Айниқса, мусулмон киши ҳаром йўл билан молу дунё касб қилишдан худди чўчқанинг гўштини ейиш­дан ҳазар қилгандек ҳазар қилиши керак. Ҳаром йўл билан молу дунё топган одам икки дунё­да шарманда бўлади. Бу дунёда азоб-уқубат, турли бало-офатларга йўлиқиб, у дунёда жаҳаннам ичида туриб, қорнига таом ўрнига оловни ейди.

«Ва иккови орасида шубҳали нарсалар бордир». Яъни, ҳалол билан ҳаром орасида шубҳали нарсалар бордир.

«У (шубҳали) нарсаларни кўп одамлар билишмайди». Бундай нарсаларни шариат илмларини пухта биладиган уламоларгина биладилар.

Демак, баъзи нарсаларнинг ҳалоллиги ҳам, ҳаромлиги ҳам очиқ-ойдин билинмайди. Ҳалол, дейин деса, ҳаромга ўхшайди, ҳаром, дейин деса, ҳалолга ўхшайди. Бундай нарсалар шубҳали нарсалар, дейилади. Асосий мушкуллик худди шу нарсалардадир.

«Шубҳа» сўзи луғатда «ўхшаш» маъносини билдиради. Яъни, шубҳали нарса ўзидан бошқа нарсага ўхшашдек туюлади. Унинг аниқлиги йўқ бўлади. Уламоларимиз ҳалол ва ҳаром бобидаги шубҳали нарсани икки хил эътиқодни тақозо қилувчи икки нарса содир бўлгани учун икки хил эътиқодга сазовор бўлган нарса шубҳали нарса, дейилади, деганлар.

Демак, шубҳали нарсалар бир неча хил бўлади: 1. Бир нарсанинг ҳалоллиги ҳақида бир томондан, ҳаромлиги ҳақида иккинчи томондан далил келган бўлса, улардан қайси бири олдин экани билинмаса, у шубҳали нарса бўлади. 2. Шариатда ҳукми баён қилинган бўлса ҳам маш­ҳур бўлмагани учун кўпчилик билмайди. 3. Умумий маъно ёки қиёсдан олинадиган ҳукм бўлиб, уламолар турлича тушунган нарсалар. 4. Шариатда мубоҳлиги ёки мубоҳ эмаслиги ҳақида ҳукм келган, аммо вақтинчалик ёки доимий эканлиги ҳақида ихтилоф бор нарсалар.

Ёввойи эшак, хачир ва отга ўхшаш нарсаларнинг ҳукмини, ҳалол ёки ҳаромлигини мужтаҳид уламолар оят, ҳадис, ижмоъ, қиёс ва бошқа фиқ­ҳий қоидалар билан солиштириб ўрганиб чиқадилар. Сўнгра ҳалол ёки ҳаром экани ҳақида ҳукм чиқарадилар. Шундан кейин у ҳалоллик ёки ҳаромлик сифатини олади. Юқорида келтирилган фикрлар мазкур ҳайвонларнинг зотидаги ҳалоллик ёки ҳаромлик ҳақидаги маълумотларга асосланади.

Аммо зоти ҳалол нарсани бирор кишига ҳалол мулк бўла олишига тегишли шубҳалар ҳам бир неча хил бўлади: Биринчи хили, ҳалол ёки ҳаром қилувчи сабабда шубҳа пайдо бўлиши. Мисол учун, бир одам асли ҳалол қушга ўқ отди. Бу хилдаги овланган қуш аслида ҳалол бўлади. Лекин отилган қуш сувга тушсаю, овчи уни сувдан олиб чиққанда ўлган бўлса, шубҳа бўлади. Қуш отилган ўқ билан ўлдими ёки сувга тушиб бўғилиб ўлдими, билиб бўлмайди. Уламолар бу ва бунга ўхшаш шубҳали ҳолатларга ҳаромлик устун эканига фатво чиқарганлар.

Бундоқ шубҳалар, айниқса, ҳалол билан ҳаромнинг аралашиб кетишидан келиб чиқади. Мисол учун, бир дона ҳаром ўлган ҳайвон гўшти битта ёки ўнта ҳалол йўл билан сўйилган ҳайвонларнинг гўштига аралашиб кетса, ҳамма гўшт шубҳали бўлиб қолади. Ҳаром гўштни ажратиб олишнинг имкони бўлмагани учун мазкур бир ёки бир неча маълум ҳайвон гўшти ҳам ҳаром, деб эълон қилинади.

Яна бир мисол. Бир йигитнинг эмикдош синглиси бор, унга уйланиши шариат ҳукми бўйича ҳаром. Лекин ўша қиз ким экани аниқ маълум эмас. Фақат бешта-ўнта ёки маълум адад қизлардан бири экани билинади, холос.

Шу ҳолатда шариат ҳаром қилган кишини никоҳлаб олиш шубҳаси туғилади ва адад чегараланган бўлганидан, шубҳадан қочиб, уларнинг бирортасига ҳам уйланмаслик вожиб бўлади.

Иккинчи хили, чегараланган ҳаром нарса чегараланмаган ҳалол нарсага аралашиб кетиши. Бу ҳолда ҳам шубҳа ҳосил бўлади. Лекин катта мушкуллик эътиборидан шариат бундоқ ҳолатларда ҳалолликни ғолиб ҳисоблайди.

Мисол учун, ўзи билан эмикдош бўлган қиз шаҳарнинг қизларидан бири эканини яхши билади. Аммо ким эканини билиб бўлмайди. Шу сабабдан ҳамма аёлларни унга ҳаром деб эълон қилинмайди, балки хоҳлаганига уйланаверади. Уламолар иттифоқи шундоқ.

Шунингдек, молу дунёга ҳаром аралашгани маълум, лекин ўша ҳаромнинг аниғи номаълум. Шунинг учун олди-сотди ёки емоқ-ичмоқни тарк қилиш вожиб бўлмайди. Бундоқ бўлса, кишилар катта танг­ликда қоладилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар вақтларида рибохўрлик, ўғирлик содир бўлган, кўп молу мулкка аралашиб кетган, лекин пул муомаласи ёки ўғирланган нарсалар жинсидан бўлган ашёларни сотиб олиш ман қилинмаган. Уламоларимиз бунга ўхшаш нарсаларни сўраб-суруштириб, четлашга уриниш васвасадир, дейдилар.

Учинчи хили, чегараланмаган ҳаром чегараланмаган ҳалолга аралашиб кетиши. Бундай пайтда ҳаромлигига ҳужжат-далил бўлган нарсанигина ҳаром, деб айтилади. Бошқа нарсалар ҳалоллик ҳукмини олади. Чунки шариат ҳукми бўйича аслида моллар ҳалолдир. Кишилардаги фисқ ғолибдир. Шариат қоидаси бўйича асл билан ғолиб тўқнашиб қолса ва ғолибнинг аниқ белгиси бўлмаса, асл устун келади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар даврида ҳаромдан топилган мол-дунё, рибохўрлик фойдаси, ўлжадан беркитиб олинган нарсалар, баъзи таланиб олинган моллар аралашиб кетган. Ҳеч ким, мазкур нарсаларнинг ҳаром ҳолида ҳалол молларга аралашиб кетишига қарамай, бозорни ёпишга ёки олди-берди қилмасликка амр қилмаган. Ҳазрати Умар розийаллоҳу анҳу насроний аёлнинг идишидан таҳорат қилганлар. Саҳобаи киромлар ғайридин юртлардан келтирилган кийим-кечак ва бошқа матоларни сотиб олиб ишлатар эдилар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, шубҳали нарсаларда етук олим кишилардан сўраб олиб тасарруф қилиш керак бўлади. Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, ўтган мужтаҳид олимларимиз бундоқ масалаларни жуда ҳам яхшилаб ҳал этиб, китобларга ёзиб кетганлар.

«Ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўйи учун покланган бўлади». Яъни, ҳалоллигида шубҳа бор нарсадан сақланган одам дини ва обрўйини поклаган бўлади. Шунинг учун муайян шубҳали нарсадан узоқда бўлиши керак. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ўзингни шубҳага солган нарсани тарк эт, ўзинг­ни шубҳага солмаган нарсани ол!» деган гаплари қоидадир.

Шубҳали нарсага нисбатан муносабат бир неча хил бўлади:

1. Вожиб.

Ўзиники ёки ўзганики экани аниқ бўлмаган молни олмаслик.

2. Мустаҳаб.

Молининг кўпи ҳаром бўладиган одам билан муомала қилмаслик.

3. Макруҳ.

Аллоҳ таоло рухсат берган нарсаларни ва ҳадисларни олмаслик.

Имом Бухорий ва Имом Термизийлар ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:

«Уқба ибн Ҳорис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мен бир хотинга уйланган эдим, бир қора аёл келиб, мен билан хотинимни эмизганини даъво қилмоқда, у ёлғончи», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан юзларини ўгириб олдилар. У ўз гапини у зотга иккинчи бор қайтарди. Шунда у зот: «Қандоқ қилиб?! Ахир, у икковларингизни эмизганини даъво қилиб турибди-ку? Уни талоқ қил!» дедилар. Шубҳа тушгани учун шундоқ қилдилар.

Лекин шубҳанинг ҳам чегараси бор. Бўлиши қи­йин нарсаларни ўзига фараз қилиб, турли хаёллар билан турли шубҳалар қилишни васваса, дейилади. Уламоларимиз бундай васвасага бир қанча мисоллар келтиришади. Бу юртда менинг қариндошларим ўтган экан, шу ердан уйлансам, билмай қариндошимга уйланиб қўймай, деб бутун бошли бир юртдан уйланишни тарк қилиш, очиқ жойдаги сувни нажосат тушган бўлиши мумкин, деб ишлатмаслик, бирор кийимни менинг қўлимга тушишидан олдин нажосат теккан бўлиши мумкин, деб ювишга ўхшаш ишлар шулар жумласидандир.

Имом Қуртубий: “Бундай ишлар парҳезкорлик эмас, шайтоний васвасадир. Чунки буларда шубҳа маъносидаги ҳеч нарса йўқ. Бундай нарсаларнинг содир бўлиши шариатни билмасликдан келиб чиқади”, дейдилар.

Албатта, бу шаклдаги васвасага берилиш Ислом шариати руҳидан узоқ нарсадир. Лекин муаййан шуб­ҳали нарсалардан эҳтиёт бўлиш зарур. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифнинг давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсага алоҳида эътибор бермоқдалар:

«Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади». Яъни, ҳалоллигида шубҳа бор нарсаларни олиб, еб-ичиб, ишлатиб юрган одам ҳаромга тушиши турган гап. Чунки: «Бу худди қўриқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди. Унда ўтлатиб қўйиши осон».

«Қўриқхона» деганда Ислом давлати бошлиғи томонидан жиҳодга миниладиган ва давлат мулки ҳисобланадиган ҳайвонларни боқиш учун ажратиб, чегаралаб қўйилган яйловга айтилган. У давлат томонидан қўриқланади. Ким ўша яйловда ўз ҳайвонини боқса, қоидани бузган ҳисобланади ва жазога тортилади.

Табиийки, мазкур қўриқхонага энг яқин жойда ҳайвон боққан одамнинг ҳайвонлари қўриқхонага тушиши ва ундан ўтлаб қўйиши жуда ҳам осон. Чунки энг яқин жойда турибди, бир ҳаракат билан қўйми-молми ёки бошқа ҳайвонми қўриқхона ўтидан ейиши ва эгаси жавобгар бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

Шубҳали нарсаларга яқин юрадиган одамнинг ҳоли ҳам худди шундай. Хоҳлаган лаҳзада, ўзи билмай қолиб, ҳаромни олиб, еб ёки муомалага киритиб қўйиши мумкин. Оқибатда обрўйи тўкилиб, динига путур етиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам динини, обрўйини пок ҳолда сақлаш ниятида бўлган киши шубҳали нарсаларга умуман яқинлашиши керак эмас.

Худди шу маънони яна ҳам кучлироқ таъкидлаш мақсадида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бошқа бир мисол келтирадилар: Огоҳ бўлингки, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бордир. Ўша қўриқхонада подшоҳнинг ҳайвонларидан бош­қа ҳар қандай ҳайвоннинг юриши қатъиян ман қилинган. Ушбу қоидани бузган одам эса, тегишли жазога тортилган. Подшоҳнинг жазосидан қўрққан одам қўриқхонага ўзи ҳам яқинлашмайди, ҳайвонини ҳам яқинлаштирмайди. Эҳтиёт бўлмаган одам эса подшоҳнинг жазосига тортилиши ҳеч гап эмас.

Огоҳ бўлингки, Аллоҳнинг қўриқхонаси Унинг ҳаром қилган нарсаларидир. Яъни, Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалари худди подшоҳнинг қўриқхонасига ўхшайди. Ким ўша ҳаром қилинган нарсаларга яқинлашса, унинг ҳаромга йўлиқиши осонлашади, ҳаром ишни қилган одам эса, Унинг жазосига учрайди. Ҳаром ишни қилган одам учун икки дунёда ҳам турли-туман жазолар бордир. Ҳаром нарсаларни еган, улардан фойдаланган кимсаларга бу дунёда соғликлари бузилиши, турли бало-офатларга гирифтор бўлиши ҳамда охиратда ўзига яраша оғир жазолар тайин қилиниши муқаррар.

Ҳаром йўлдан мол топганларга ҳам турли тан жазолари билан бирга, бало-офатларга йўлиқиш, ибодати ва дуоси қабул бўлмаслик каби руҳий-маънавий жазолар бор. Охиратда эса дўзах азоби бўлиши турган гап.

Огоҳ бўлингки, жасадда бир парча гўшт бор, у соғлом бўлса, жасаднинг ҳаммаси соғлом бўлур, у касал бўлса, жасаднинг ҳаммаси касал бўлур. Огоҳ бўлингки, ўша нарса қалбдир», дедилар». Бу иқтибосда «соғлом» сўзи «касал» сўзига қарама-қарши маънода ишлатилганига эътибор беришимиз керак.

Қалб бизнинг тилимизда «юрак» ҳам дейилади. Ушбу ҳадиси шарифда таъкидланишича, қалб инсоннинг ёмон ёки яхши бўлиши учун асосий омил бўлар экан. Унинг ёмон ёки яхши бўлиши эса, ҳалол ва ҳаромга боғлиқ.

Ушбу ҳақиқат қадим замонда фақат руҳий-маънавий жиҳатдан тушунилган. Ҳаромхўрлик қилган одам гуноҳкор бўлиши ва охиратда дўзахга тушиши маъносидагина тушунилган. Ҳозирги кунда эса, юрак жисмимизни ҳаётда ва соғликда тутиб турадиган нарса сифатида билинади. У ишлаб турса, жисмда ҳаёт бўлади, у соғлом бўлса, жисм ҳам соғлом бўлади, у хаста бўлса, жисм ҳам хаста бўлади, деб фикр қилинади.

Аслида эса, ҳадисдан ушбу икки тушунчанинг умумлаштирилган маъноси тушунилиши лозим. Илмий равишда собит бўлишига қараганда, Ислом шариатида ҳаром қилинган нарсаларни таом сифатида тановул қилган одам хасталикка чалинар экан. Чунки Ислом зарарли нарсаларни ҳаром қилган. Ҳаром нарса истеъмол қилингандан сўнг танда қонга айланади. Юрак эса, қон ҳайдайдиган аъзодир. Зарарли нарсалардан пайдо бўлган зарарли қон юракнинг хасталанишига сабаб бўлиши эса, илмий ҳақиқатдир. Юрак хаста бўлгандан кейин эса, ҳадиси шарифда айтилганидек, жисмнинг ҳаммаси касал, бузуқ бўлади.

Худди шу ҳолат ботиний қалбга нисбатан ҳам ҳосил бўлади. Ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик, алдамчилик, босқинчилик каби ҳаром йўллар билан ўзига мол-мулк топган одамлар гуноҳкор бўлишади. Мазкур гуноҳлар зарари эса, уларнинг ботиний қалбларини хаста қилади. Ҳаром­хўрлик давом этаверса, маънавий хасталик бориб-бориб, маънавий ўлимга айланади.

Шунинг учун ҳам қалб жисмга нисбатан подшоҳ кабидир, дейилади. Подшоҳдан яхши амр чиқса, фуқароларга яхши бўлганидек, юракдан яхши ниятлар чиқса, жисмнинг бошқа аъзоларига яхши бўлади. Ҳар доим бўлганидек, ҳозирда ҳам ушбу буюк ҳадиси шарифни яхшилаб тушунишга, унга яхши амал қилишга жуда ҳам муҳтожмиз. Ҳалол нима эканини билиб олиб, доимо ҳалолга етишиш учун ҳаракат қилишимиз керак. Ҳаром нима эканини яхшилаб билиб олиб, доимо ундан ҳазар қилишимиз лозим. Шубҳали нарсалардан узоқда бўлиш жуда ҳам зарур. Уламолардан сўраб-суруштириб, ҳалоллиги аниқ бўлган нарсани ўзимизга раво кўришимиз зарур. Агар уламолар шубҳали нарсаларнинг ҳалоллигига фатво бермасалар, унга мутлақо яқин йўламаслигимиз керак.

(“Ҳадис ва Ҳаёт”, 11-жуз, 12-33-бетлар).

 

Your are currently browsing this site with Internet Explorer 6 (IE6).

Your current web browser must be updated to version 7 of Internet Explorer (IE7) to take advantage of all of template's capabilities.

Why should I upgrade to Internet Explorer 7? Microsoft has redesigned Internet Explorer from the ground up, with better security, new capabilities, and a whole new interface. Many changes resulted from the feedback of millions of users who tested prerelease versions of the new browser. The most compelling reason to upgrade is the improved security. The Internet of today is not the Internet of five years ago. There are dangers that simply didn't exist back in 2001, when Internet Explorer 6 was released to the world. Internet Explorer 7 makes surfing the web fundamentally safer by offering greater protection against viruses, spyware, and other online risks.

Get free downloads for Internet Explorer 7, including recommended updates as they become available. To download Internet Explorer 7 in the language of your choice, please visit the Internet Explorer 7 worldwide page.