Ўз бандаларининг манфаати учун турли жониворларни яратиб, уларнинг покларини ҳалол қилиб берган, жонлиқ сўйиб, Ўзига қурбат ҳосил қилиш имкониятини яратган Парвардигоримизга ҳамду санолар бўлсин!
Инсониятга емак-ичмакнинг ҳалол ва ҳаромини ўргатган, жонлиқни ҳалоллаш йўлини кўрсатиб берган Пайғамбаримиз алайҳиссаломга дуруду салавотларимиз бўлсин!
Алҳамдулиллаҳ, саноқли кунлардан сўнг Ийд Қурбон байрамини нишонлаймиз. Ҳожиларимиз Аллоҳнинг Уйига риҳлат қилиб, жонлиқ сўйиб, бобокалонимиз Иброҳим алайҳиссаломнинг, ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини адо этиб, Яратганга қурбат ҳосил қиладилар, иймонларини тасдиқлайдилар. Дунёнинг турли чеккаларида яшовчи миллионлаб мусулмонлар ҳам бу муборак ибодатни адо этиб, чексиз ажр-савобларга мушарраф бўладилар. Шу ўринда ана шу қутлуғ ибодат – қурбонлик сўйишга оид бироз маълумотларни келтириб ўтмоқчимиз. Аниқроғи, жониворларни шаръий тартиб-қоидаларга кўра сўйишни бераҳмлик деб ҳисобловчи баъзи кимсаларга берилган ўринли бир жавобни сиз азизларнинг эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.
Савол: Нима учун мусулмонлар ҳайвонларни шафқатсизларча сўйиб ўлдирадилар? Уларни узоқ вақт давомида қийналиб ўлишга мажбур қиладилар?
Жавоб: Ҳайвонларни Ислом шариатига кўра сўйиш усули («забҳ») кўпчиликнинг танқид тошларига учраб келадиган мавзудир.
«Нима учун сизлар ҳайвонларни тириклай бўғизлайсиз? Ахир ҳалқуми кесилаётган ҳайвоннинг жони оғрийди-ку! Нима учун уни қийнамай, бизларга ўхшаб бир зарба билан ўлдириб, кейин бемалол гўштини нимталамайсиз?», дейишади Исломни тушунмаганлар (ёки тушунишни истамаганлар).
Бундай таъна-дашномларга жавобан қуйидаги нуқталарни кўриб чиқиб, забҳ усулининг нафақат шафқатлироқ, балки илмий нуқтаи назардан афзалроқ эканлигига эътиборингизни қаратмоқчимиз:
1. Жониворларни сўйишнинг исломий усули
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида мусулмонлар учун ҳалол қилинган гўштларни баён қилиб, жумладан, шундай марҳамат қилади: «…сўйиб олсангиз (ҳалол)». «Сўйиб олсангиз» деб таржима қилинган сўз ояти каримада «заккайтум» (ذكيتم) деб келган. Бу сўз барчамизга маълум бўлган закот сўзига ўзакдош бўлиб, поклик, ўсиш маъноларини англатади. Унинг «тазкия» шакли эса «поклаш» деганидир..
Ислом шариатининг жонивор сўйиш усули қуйидаги шартларнинг бажарилишини тақозо этади:
a. Ҳайвон ўткир, жуда кескир тиғли асбоб (пичоқ) билан сўйилиши лозим. Шунингдек, жонивор қийналмаслиги учун тез сўйиш ҳам шарт.
b. Сўйганда жониворнинг нафас йўли (ҳалқуми), томоғи ва қон томирлари кесилиши керак.
Араб тилидаги «забиҳа» феъли сўйишни англатади. Забҳда ҳайвоннинг бўғзи, нафас йўллари (трахея) ва бўйнидаги қон томирлари кесилади, бироқ орқа мияси кесилмайди.
c. Жонлиқнинг қони оқизиб юборилиши шарт.
Жонлиқнинг бошини узишдан аввал унинг қони имкон қадар тўлиқ оқизиб юборилиши керак. Бундан мақсад шуки, ҳайвоннинг танасида турли микроорганизмларнинг урчиши учун қулай муҳит бўлган қон қолмаслиги керак. Орқа миянинг кесмай турилади, бунинг ҳикмати шуки, орқа мия кесилса, юракка борувчи нерв толалари узилиб, юрак тўхтаб қолиши, натижада томирларда қон қотиб қолиши мумкин.
2. Қон микроб ва бактериялар учун қулай муҳитдир.
Дарқиқат, қон – микроблар, бактериялар ва токсинлар кўп учрайдиган жойдир. Шунинг учун қоннинг тўлиқ оқизиб юборилиши талаб қилинадиган шаръий сўйиш усул гигиена талабларига тўлиқ жавоб берадиган усулдир. Шу тариқа сўйилган гўштга қондаги бактериялар, токсинлар ва микроб каби турли хил зарарли моддалар ўтиб қолишининг олди олинади.
3. Шаръий усулда сўйилган гўшт кўпроқ вақт бузилмай сақланади.
Шаръий талабларга кўра сўйилган гўшт узоқроқ вақтгача бузилмай сақланади, чунки унинг таркибидаги қон миқдори бошқа усулларда сўйилган гўштларга қараганда камроқ бўлади.
4. Шаръий усулда сўйилган ҳайвон оғриқни сезмайди Бўйин томирлари кескин ҳаракат билан кесиб юборилса, миянинг оғриқ сезувчи асаб толаларига қон бормай қолади. Натижада ҳайвон оғриқни сезишдан дарҳол тўхтайди. Шунинг учун ҳам, шаръий усулда сўйилган ҳайвоннинг оёқларини типирчилатиб, бор кучи билан зўриқиши оғриқ туфайли эмас, балки мушакларнинг тез-тез қисқариб, бўшаши, танадан қоннинг шитоб билан оқиб чиқиши туфайли юз беради.
Доктор Закир Наик, Исломий тадқиқотлар фонди президенти islamforhumanity.wordpress.com сайтидан олинди Абу Муслим таржимаси
* * *
Ушбу мақола шаръий жонлиқ сўйиш усулига нисбатан билдирилган танқидларга етарли жавоб бўлади деб ўйлаймиз. Бироқ, бу маълумотлар шариатимиз белгилаб берган сўйиш усулининг ягона афзаллиги эмас, албатта. Ушбу ибодат замирига яна қанча ҳикматлар яширинганлиги чексиз илм соҳиби бўлмиш Қодир таолонинг Ўзигагина маълумдир. Шундай экан, бутун дунё мусулмонларига муборак Ийдул Азҳа куни ушбу гўзал ибодатни – қурбонлик қилишни насиб этишини Парвардигоримиздан тилаб қоламиз. |