«Нажосатларни сув ҳамда нажосатни кетказиш мумкин бўлган сирка, атиргул суви (гулоб) каби сиқилганда суви чиқади-ган пок, оқувчи ҳар бир суюқлик билан поклаш жоиз бўлади». Бу ҳукм Имом Абу Ҳанифа ва Имом Абу Юсуф раҳимаҳумуллоҳ наздидадир.
Имом Муҳаммад, Имом Зуфар ва Имом Шофеъий раҳимаҳумуллоҳ наздида нажосатларни фақат сув билан поклаш мумкин бўлади. Чунки покловчи восита нажосат теккан нарсага йўлиқиши билан унинг ўзи ҳам нажосат бўлиб қолади ва нажосат теккан нарса покликни ифода қилмайди. Лекин бу қиёс зарурат туфайли сув борасида тарк этилган. Икки шайхнинг далили шуки, албатта, суюқ ва оқувчи нарса (нажосатнинг жузларини) суғурувчи ҳисобланади. Покловчилик сифати эса нажосат жузларини суғуриш ва кетказиш иллати билан бўлади. Покловчи воситанинг (нажосат теккан нарсага йўлиққан вақтда) ўзи ҳам нажосат бўлиб қолиши унга йўлиққани сабабидан бўлади. (Уч марта сув қуйиб ювиш натижасида) нажосатнинг жузлари тугагач, нажосат теккан нарса пок ҳолида қолади. Китобда зикр қилинган ҳукм либос ва бадан ўртасини ажратмайди. Мазкур ҳукм Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳамда иккита ривоятнинг бирида Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг қавли ҳисобланади. Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллохдан нақл қилинган иккинчи ривоятда, у киши либос ва бадан ўртасини ажратган. Шунда баданни сувдан бошқа нарса билан поклаш жоиз бўлмайди. Шарҳ: Уламолар ўртасида нажосатни кетказадиган нарсалар борасида ихтилоф мавжуд. Имом Абу Ҳанифа ва Имом Абу Юсуф раҳимаҳумуллоҳ наздида сув ҳамда суюқ ва пок бўлган ҳар қандай нарса билан нажосатни кетказиш жоиз бўлади. Масалан: сирка ва гулоб каби сиққанда суви чикадиган нарсалар. Шунга кўра, гўшти ейиладиган жониворларнинг пешоби ҳамда ўсимлик ва ҳайвонлардан олинадиган ёғ билан нажосатларни кетказиб бўлмайди. Чунки гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг пешоби ўзи нажосат, яъни пок эмас. Ёғлар эса ўзи пок бўлгани билан, сиққанда сиқилмайдиган суюқлик ҳисобланади. Яъни улар кийимга тегса, унга шимилиб кетади. Сиққанда оқиб тушмайди. Демак, бундай нарсаларда нажосатларни кетказиш сифати бўлмагани учун улар билан нажосталарни поклаш жоиз бўлмайди. Имом Муҳаммад, Имом Зуфар, Имом Шофеъий ва бошқа аксар фуқаҳолар наздида сувдан бошқа оқувчи ва пок нарсалар билан нажосатларни поклаш дуруст бўлмайди. Бу борада улар бир нечта далилларни келтирадилар: Биринчи далил: Покловчи восита нажосат теккан нарсага йўлиққан вақтда унинг ўзи ҳам нажосатга айланади. Узи нопок бўлган нарса бошқа нажосатни поклай олмайди. Шунинг учун қиёс тақозосига кўра, сув ҳам, ундан бошқа оқувчи, пок нарсалар ҳам нажосатларни кетказувчилик сифатига эга бўлмаслиги керак. Лекин зарурат туфайли сувнинг ҳаққида бу қиёс тарк қилинган. Чунки Аллоҳ таоло сувни покловчи қилиб яратган. Шу эътибордан покловчилик сифати фақат сувнинг ўзида қолади. Қолган оқувчи ва пок нарсалар бу сифатга эга бўлмайди. Иккинчи далил: Аллоҳ таоло ояти каримада: «сизни поклаш учун устингизга осмондан сув туширган эди», деб марҳамат қилган (Анфол сураси, 11-оят). Бу оятдан маълум бўладики, сувнинг асл хусусияти поклашдир. Учинчи далил қиёс бўлиб, унга кўра ҳукмий нажосат, яъни бетаҳоратлик сувдан бошқа нарса билан пок бўлмагани каби, ҳақиқий нажосат ҳам сувдан бошқа нарса билан пок бўлмайди. Икки шайхннинг далили шуки, оқувчи нарса нажосатнинг бўлакларини қўпориб, чиқариб ташловчи бўлади. Сувда оқувчилик сифати борлиги учун у нажосатларни кетказувчи ҳисобланади. Шунингдек, сув маъносидаги бошқа оқувчи ва суюқ нарсаларда ҳам нажосатларни қўпорувчилик сифати бўлади. Ҳатто баъзида сув нажосатнинг рангини кетказа олмаслиги мумкин. Лекин сирка нажосатнинг ўзи ва рангини ҳам кетказа олади. Юқорида Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ ва бошқа имомлар «покловчи нарса нажосат теккан нарсага йўлиқиши билан унинг ўзи ҳам нажосатга айланиб қолади», деган қиёсни келтирган эдилар. Бу қиёсга жавоб шуки, сув нажосат теккан нарсага теккан вақтида нажосат бўлиб қолишининг сабаби - унга йўлиққанидир. Лекин нажосат сув билан қайта-қайта ювиладиган бўлса, нажосатнинг жузлари оқиб тушиб, тугайди. Натижада нажосат теккан нарса пок бўлади. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ келтирган биринчи далилга жавоб шуки, зарурат сабабидан сув борасида қиёс тарк қилингани каби, зарурат сабабидан сувдан бошқа оқувчи нарсалар борасида ҳам қиёс тарк қилинади. Имом Муҳаммад ояти каримадан келтирган иккинчи далилнинг жавоби шуки, бир нарсани зикр қилиш ҳукм унинг ўзига хосланганини ифода этмайди. Яъни оятда сувнинг покловчи экани зикр қилинган. Лекин бу сувдан бошқа нарсалар покловчи эмас, деган мазмунни ифода қилмайди. Учинчи далилнинг жавоби шуки, ҳақиқий нажосатни ҳукмий нажосатга қиёслаш тўғри бўлмайди. Чунки бетаҳоратлик шаръий эътибордан ман қилувчи сабабдир. Шунинг учун у шариатда ворид бўлган нарса билан кетказилади. Ҳақиқий нажосат эса ҳиссий нарса бўлиб, уни маънавий нарса бўлган бетаҳоратликка қиёслаш дуруст бўлмайди. «Ҳидоя» соҳиби матнда: «Нажосатларни сув ҳамда нажосатни кетказиш мумкин бўлган сирка, атиргул суви (гулоб) каби сикилганда суви чиқадиган пок, оқувчи ҳар бир суюқлик билан поклаш жоиз бўлади», деб келтирди. Бу иборадан кийим ва баданни мазкур нарсалар билан поклаш жоиз бўлиши тушунилади. Яъни иккисининг ўртаси ажратилмайди. Бу Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзидир. Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллохдан нақл қилинган бир ривоят ҳам шу қавлга мувофиқ келади. У кишидан нақл қилинган бошқа ривоятда кийим ва баданни поклаш ўртасида фарқ борлиги айтилади. Яъни бадан фақат сув билан покланади. Кийимларни эса сув ва бошка пок, оқувчи нарсалар билан поклаш мумкин бўлади.
Ҳикматуллоҳ Абиевнинг "Ҳидоя шарҳи" китобидан
|