|
«Ҳалол Италия» халқаро бозорга чиқмоқда |

Жорий йилнинг 30 июн куни Италиянинг Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Қишлоқ хўжалиги вазирликлари «Ҳалол Италия» (Halal Italia) лойиҳасини қўллаб-қувватлаш тўғрисида идоралараро битим имзоладилар, деб хабар беради «Ислам для всех».
Мазкур лойиҳа доирасида «Италияда ишлаб чиқарилган» озиқ-овқат маҳсулотлари, косметика ва дори-дармонлар учун «ҳалол» сертификатлаш стандартини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Милан савдо ва саноат палатаси ва Италия Исломий жамияти (COREIS) ташаббуси билан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида Италияда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар учун маҳсус «ҳалол» белгисини берувчи алоҳида тизим ташкил этиш режалаштирилмоқда. Янги стандарт шунингдек маҳсулотларнинг маҳаллий ва умумевропа талабларига мувофиқлигини тасдиқлаши лозим.
Италиялик ишлаб чиқарувчиларнинг Ислом дунёси бозорларига кириб бориш мақсадининг давлат миқёсида қўллаб-қувватланиши, шубҳасиз келажакда COREIS томонидан бериладиган «ҳалол» сертификатларнинг савдо ва тижорат бирлашмалари томонидан тан олиниши ва қабул қилинишини осонлаштиради. Ундан ташқари, шариат аҳкомларига мувофиқ ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг давлат вазирликлари томонидан экспорт учун мувофиқлигини тасдиқланиши, чет элдаги истеъмолчилар ишончини қозонишга кўмаклашади.
Италия Ташқи ишлар вазири Франко Фраттини (Franco Frattini) идоралараро битимнинг имзоланиши муносабати билан ташкил этилган матбуот анжуманида йиғилганларнинг эътиборини Италия ва араб дунёси ўртасидаги тарихий ва дўстона муносабатларга қаратиб, мусулмон мамлакатлари қадриятларини ҳурмат қилиш заруриятини таъкидлади. Муҳбирлардан лойиҳанинг давлат миқёсида қўллаб-қувватланиши Исроил билан муносабатларнинг ёмонлашишига сабаб бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги саволга жавобан, Ташқи ишлар вазири бундай натижа эҳтимолдан йироқда эканлигини билдириб, Италия давлати яҳудийларнинг диний қадриятларига ҳам ҳудди шундай эътибор қаратганини эслатди, ҳамда бунда давлатнинг мақсади «зиддиятлар келтириб чиқариш эмас, балки муносабатлар ўрнатиш», эканлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, баъзи мутахассислар дунё ҳалол бозорининг йиллик айланмасини 500 миллиард Евро миқдорида баҳоламоқда. Улардан 54 миллиард Евро бевосита Европа улушига тўғри келса, Италиядаги ҳалол маҳсулотлар бозори йилига 5 миллиард Еврони ташкил қилмоқда.
|