|
ОАВ: Франция ультра-ўнг қанот вакиллари ҳалол маҳсулотлар партиясини заҳарлашни режалаштирган |
Бундан ташқари, радикаллар Франциядаги 200 та масжид имомига ҳужум қилишга тайёрланган.
Франциядаги ультра-ўнг қанот гуруҳларидан бири супермаркетларда ҳалол маҳсулотлар партиясини заҳарлашни режалаштирган. Франциянинг Mediapart газетаси ёзишича, бу режа ҳақида жиноий ташкилотга Франция ички хавфсизлик Бош бошқармаси (DGSI) томонидан киритилган агент туфайли маълум бўлди. Режа 2018 йил «Тезкор кучлар ҳаракатлари (AFO)» номи остида ишлаб чиқилган бўлиб, Франция аҳолисини «мусулмонларга қарши кураш ва зўрвонлик ҳаракатлари»га чақирган. Гуруҳнинг 15 аъзоси қўлга олинди. AFO аъзолари «Ҳалол операция» номи остидаги акция доирасида супермаркетларда ҳалол озиқ-овқат маҳсулотларини заҳарлашни режалаштирган. Бироқ радикал гуруҳнинг икки вакили қариялар ва ёш болалар ўлимига йўл ўймаслик учун бу ҳаракатга қарши чиқишган. Бундан ташқари, DGSI ўльтра-ўнг қанот вакиллари Франциядаги 200 та масжид имомига ҳужум уюштиришга тайёргарлик кўргани ҳақида ҳам маълумот олди. Гумонланувчиларнинг, жумладан, давлат хизматчилари, истеъфодаги милиция ходимлари ва собиқ ҳарбий хизматчиларнинг уйларида ўтказилган тинтувлар чоғида портловчи моддалар ясаш учун ишлатиладиган материаллар, шунингдек, кўплаб қуроллар мусодара қилинган.
|