|
Жаҳон ҳалол озиқ-овқатлар бозорининг хажми – 2 триллион доллар |
Бутунжаҳон ҳалол озиқ-овқатлар бозорининг умумий ҳажми бугунги кунда 2 триллион АҚШ долларини ташкил этмоқда. Шундан 700 миллиард АҚШ долларига тенг қисми мусулмон мамлакатларга тўғри келмоқда. Бу ҳақида Исломий савдо ва саноат палатаси (ICCI) Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган 20-сессияси доирасида маълум қилган.
ICCI сессияси давомида, бошқа масалалар қаторида, ҳалол озиқ-овқат маҳсулотлари ва уларнинг мусулмонлар учун аҳамияти ҳақида ўзаро фикр алмашув ва баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. Жумладан, тадбир иштирокчилари ҳалол маҳсулотларни тайёрлаш ва ишлаб чиқаришни сертификатлаш масаласини ҳам атрофлича кўриб чиққанлар. Ҳалол маҳсулотларга доир савдо белгиларини қабул қилиш ва уларни муҳофаза қилиш масаласи ҳам сессия кун тартибидан жой олди. Тадбир якунлари бўйича ICCI’нинг Истанбул тавсиялари қабул қилинган. Қатнашчилар палата Ассамблеяси ва Бошқарув кенгашининг навбатдаги ҳар йиллик мажлисини кейинги йил апрель ойида Угандада ўтказишга келишиб олдилар. |