|
Покистоннинг Бурж номли Исломий банки MCB номли ноисломий банк томонидан сотиб олинади |
Покистоннинг “Muslim Commercial Bank”и (МСВ) куни кеча мамлакатнинг бешта Исломий банкидан бири бўлган “Бурж”ни сотиб олиш ниятида эканини маълум қилди.
Номланишида “Мусулмон” сўзи бўлгани билан, аслида Исломий банк бўлиб ҳисобланмайдиган энг даромадли ушбу Покистон банки, агар Марказий Банк ва ўзга тегишли органлар маъқуллайдиган бўлса, Burj Bankнинг 55 фоиз акцияларини сотиб олади. Ушбу мақсадлари ҳақидаги маълумотномани банк Карачи шаҳар Биржа фонди (KSE)га йўллади.
«“Muslim Commercial” банки Burj банкининг ҳал қилувчи овозга эга бўлган акционерлари билан, МСВ томонидан банкнинг муомаладаги ва янги чиқариладиган акцияларига маблағ ажратилиши, ҳамда Ислом ривожланиш банкининг (IDB) инвестициялаш шўъбаси бўлмиш хусусий тармоқни ривожлантириш Ислом корпорацияси томонидан қўшимча инвестициялар жалб қилиш юзасидан келишувга эришилди», - дейилади банк матбуот хабарномасида.
Қайд этиб ўтиш жоизки, аввалроқ МСВ 10 млрд. рупий ҳажмдаги таъминланган сармояга эга бўлган Ислом банки «шаҳобча»сини очиш режаси борлигини маълум қилган эди.
Мўлжалга биноан, МСВ томонидан инвестиция киритилиши Burj Bankнинг сармоясини Покистон Марказий банки томонидан қўйилган талабларга мувофиқлаштиришни таъминлашга ёрдам беради.
Таъкидлаш жоизки, бўлимлари сони энг оз бўлган Покистон Ислом Burj Bank ўтган йилнинг илк 9 ойи мобайнида 642,2 млн. рупий зарар кўрган; ундан аввалги ҳудди шунча давр мобайнида эса кўрилган зарар 22,45 млн. рупийни ташкил этган эди.
Burj Bankнинг операцион чиқимлари юқорида келтирилган вақт мобайнида бир бўлимга ҳисоб-китоб қилинганда 24,7 млн. рупий – Покистон Ислом банклари орасида энг юқори миқдорни ташкил этди. Солиштириш учун, худди шундай кўрсаткич МСВда 11 млн. рупий.
“Global Seсurities” таҳлилчиси Умайр Носирнинг сўзларига қараганда, Burj Bank яқин кунларда МСВга сотилиши кўзда тутилаётган янги акциялар чиқаради.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, Burj Bankнинг асосий акционери бўлмиш Бахрайннинг “Ал-Хайр” (Al-Khair) банки Burj Bankнинг 36,9 фоиз акцияларига эгалик килади; шунингдек, банкнинг 33 фоиз акциялари “хусусий тармоқни ривожлантириш Ислом корпорацияси”га тегишли. |