|
Ислом Тараққиёт Банки Сенегалда инфратузилма бўйича 3 та лойиҳани молиялаштиради |
Ислом Тараққиёт Банки (IDB) Сенегалга 3 та жуда ҳам муҳим аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун 144 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ тақдим қилди.
Муслимэконинг хабар қилишича, ушбу молиялаштириш тўғрисидаги келишув Дакарда ўтказилган IDBнинг 40-йиллиги муносабати билан ташкил қилинган IDBнинг маҳаллий форуми якунлари бўйича тадбирида, Ислом тараққиёт банки президенти Ахмад Муҳаммад Али ва Сенегалнинг иқтисодиёт ва молия вазири Амаду Ба томонидан имзоланган. Биринчи лойиҳа Дакардаги сув тошқинларининг олдини олиш бўйича инфратузилмалар билан боғлиқ бўлиб, ушбу лойиҳани амалга ошириш учун IDB 39 млн доллар ажратган. Иккинчи лойиҳа озиқ-овқат тақчиллигига қарши кураш дастурини амалга ошириш бўлиб, қиймати 26 млн долларга тенг. Учинчи лойиҳа эса Дакар шимолидаги канализация ва сув қувурлари тизимини таъмирлаш билан боғлиқ бўлиб, 79 млн доллар маблағ ажратилган. Сенегал давлати 1976 йили Ислом тараққиёт банки таркибига кирганидан сўнг, банк ушбу давлатга 106 та лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш учун умумий миқдорда 1,229 млрд доллар маблағ ажратган. Хусусан, ушбу маблағнинг 282,6 млн доллари Савдо молияси бўйича Халқаро Ислом корпорацияси томонидан савдо битимларини тузиш учун мўлжалланган. |