|
Индонезиялик уламолар ҳалол дори-дармонлар ишлаб чиқаришга чақирди |
Onislam.net сайтининг хабар беришича, Индонезия уламолари кенгаши (MUI) давлат ҳукуматини “ҳалол” қонун-қоидаларига мос бўлган дори-дармон воситалари билан таъминлашга чақирди.
“Дори-дармон воситалари ҳам ўз хизмат доираси жиҳатидан озиқ-овқат маҳсулотлари кабидир. Шу боис, мана шундай дорилар мусулмонлар томонидан қўлланилишидан илгари уларнинг ҳалоллиги тўлиқ таъминланиши лозим”, - дея таъкидлади Индонезия уламолари кенгаши раиси Маъруф Амийн.
Олимнинг сўзларига кўра, ҳукуматнинг фармацевтика воситаларини ҳам ҳалол стандартларга мослаштириши лозим дейилишига сабаб: мусулмонларнинг ҳам уларни қўллана олишлари учундир.
Ваҳоланки, озиқ-овқат ва дори воситаларининг ҳалол-поклиги – мусулмонларнинг эътиқодига, жумладан маънавий саломатлигига таъсир қилувчи унсур экан, демак ҳалол маҳсулотлар истеъмоли уларнинг жисмоний саломатлигига ҳам ижобий таъсир ўтказиши тайин.
Шунингдек, Маъруф Амийннинг фикрича, “ҳалол” - “ҳаром” тоифа ва қоидалари тўлиқ ҳамда батафсил ҳолатда давлат қонуни томонидан кузатиб борилиши лозим. Ва у ўз ўрнида ҳукуматга “Маҳсулотларнинг ҳалоллиги кафолатлари тўғрисида” қонун лойиҳаси киритишни ҳам таклиф қилди.
Мусулмонлар Индонезия аҳолисининг 86 фоизини (236 млн. киши) ташкил қилади.
Маълумингизки, аксар дори воситаларини ишлаб чиқаришда спирт ёки ҳалол бўлмаган ҳайвонларнинг тана аъзоларидан фойдаланилади.
Баъзи олимлар: “Мусулмонлар спиртли дори воситаларини қўлланса бўлади, сабаби уларнинг ниятлари маст бўлиш эмас, балки даволанишдир; ҳам, у дориларда спирт миқдори ниҳоятда оз”, - дея фатво берган бўлсалар-да, Индонезия уламолари давлат ҳукуматини ҳамда ишлаб чиқарувчи ишбилармонларни дори-дармон тайёрлаш жараёнида шариат ман қилган воситалардан фойдаланмасликка чақирди.
Энг ожиз банда тайёрлаган
|