|
Голландияликлар ҳалол ва кашрутни таъқиқламасликка қарор қилишди |

Нидерландия (Голландия) парламентининг биринчи палатаси, яъни сенат “мамлакатда ҳалол ва кашрут меъёрларини таъқиқлаш тўғрисидаги” қонун лойиҳасини инкор қилди.
"Гаарец"нинг маълум қилишича, 21 киши “таъқиқлансин” дея овоз берса, 51 киши бунга қарши муносабат билдирган. Мазкур қонун лойиҳасига кўра, мол сўйилмасдан олдин у бўғиб (ўлдирилиб) сўнгра, ўлик ҳолатида сўйилади. Ваҳоланки бундай шарт мусулмон ва яҳудий шариатига тўғри келмайди. Исломий меъёрларга кўра, бўғизланаётган пайтда мол тирик бўлиши керак. Ушбу қонун лойиҳаси деярли бир йил мобайнида қаровсиз ётганди. Ўзаро бир қарорга келиш мақсадида Нидерландия қишлоқ хўжалиги вазирлиги жорий йилда мусулмон ва яҳудий жамиятлари билан шартнома имзолади. Ушбу келишим шартномасига кўра, қассоблар томонидан мол сўйилганда вена қон томири кесилгандан кейин тахминан 40 сониялар мобайнида мол ўзидан кетиши (ҳушини йўқотиши) лозим бўлади. Мабодо ҳушини йўқотмай қолсагина, унда бўғиб (димиқтириб) ўлдиришга рухсат берилади. Бунинг учун, - деб ёзади “Гаарец”, - молларни сўйиш бўйича энг етук мутахассисларга мурожаат қилинади. Сабаби, сўйилаётган молга иложи борича камроқ азоб беришни уддалаш мақсад тутилади. Шартнома “Жониворларни ҳимоя қилиш партияси” томонидан қабул қилинди. Нидерландияда 1 миллиондан зиёд мусулмон ва 50 мингдан зиёд яҳудийлар яшаб келмоқда. Статистик маълумотларга кўра, мамлакат аҳолиси 16,7 миллион кишини ташкил қилади.
Энг ожиз банда тайёрлади
|