|
Депутат ҳалол гўштга қарши |

Австралия депутатига кўра, австралияликлар ҳалол маҳсулотларни истеъмол қилишлари билан ўзлари билмаган ҳолда мусулмонларга айланиб бораётган эмиш.
Депутат Люк Симпкинс (Luke Simpkins) ўзининг парламентдаги сўнги чиқишидаги иддаосига кўра, аксар австралияликлар шариат қоидаларига кўра сўйилган ҳайвонларнинг гўштини истеъмол қилаётганини билишмас экан. Унинг айтишича, Австралияда аксар ҳолатларда кўпчилик манфаатлари инобатга олинмай, озчилик истагини қўллаб қувватлашади. Унинг сўзига кўра, ўзининг Коуэнадаги сайлов округида ўтказилган норасмий тадқиқот натижасига кўра, аксар йирик савдо шахобчаларида сертификатга эга бўлмасада, аммо ҳалол йўл билан сўйилган гўштлар билан савдо қилишар экан. Симпкинснинг айтишига кўра, Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) дунёга Исломни ҳалол гўшт билан тарқатишни васият қилган экан. Бу эса гўёки “кофирларни мусулмон” қилишга ёрдам берар экан. Муҳожирлар вазири Крис Боуэн (Chris Bowen) Симпкинс аъзо бўлган Либерал партиянинг раҳбарларига мурожаат қилиб, депутатнинг расмий талабига эътибор қаратишларини сўради. “Парламентнинг барча аъзолари динлараро тотувлик ва бир-бирларини ҳурмат қилиш учун ҳаракат қилишлари лозим. Мистер Симпкинс эса бунинг аксини қилмоқда”, деди вазир. |