Ирси чатиштирилган махсулотлар зарарлими? |
Замон мазкур масалага кенгроқ қарашни тақозо қилади. Аҳолининг тез ўсиб, унумли ерларнинг кескин камаяётгани олимлар олдига мева-сабзавот етиштиришнинг янгича усулларини ахтариш масаласини кўндаланг қўйди. Тарихдан маълум, қадимда одамлар ёввойи ўсимлик ва ҳайвонлардан йиллар давомида хонаки турларини етиштиришган. Бу ҳодиса биология фанида ҳайратланарли, мўъжизавийдир. Ибтидоий "селексиячи"ларга ҳарқанча таҳсин айтсак, оз. Охирги йилларда илм-фанда кескин юксалиш рўй берди. Хусусан, биологиядa янги соҳа бўлмиш ҳужайра инженериясининг қўлланилиши натижасида ўсимлик ва ҳайвонларнинг ирсияти чатиштирилган (трансген) турлари яратилди. Йилдан-йилга дунёда ирси чатиштирилган маҳсулотлар (ИЧМ) кўпайиб бормоқда. Жумладан, ер юзида етиштириладиган соянинг 75 фоизи ва маккажўхорининг 30 фоизи ирси чатиштирилган ўсимлик ҳисобланади. Ўсимлик ҳужайрасидаги генларнинг бир неча сони ўзгарган бўлса, булар биринчи даражали геноми ўзгарган саналади, генлардан фақат биттаси ўзгарган ёки биттагина "бегона" ген ҳужайрага киритилган бўлса, булар иккинчи даражали геноми ўзгарган ҳисобланади. Геноми иккинчи даражали ўзгарган ўсимлик навлари инсон учун фойдали деб топилган. Ҳозирги кунда дунё қишлоқ хўжалигида саксон бир хил геноми ўзгартирилган ўсимлик етиштирилмоқда. Мана ўн-ўн беш йил бўлдики, Америка, Оврупа бозорларида ўсимлик ва ҳайвон маҳсулотларининг гени ўзгартирилган турлари сотилмоқда. Инсоннинг ошқозон-ичак тизими табиий ёки гени ўзгартирилган маҳсулотни ферментлар орқали таркибий қисмларга парчалаб, керакли қисмини ўзлаштириб, ортиқчасини парчалайди ёки ташқарига чиқаради. Демак, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини ҳужайрамиз ҳам назорат қилади. Бундан ташқари, гени ўзгартирилган ва гибрид ўсимликлар муайян фирмаларнинг ўзида кимёвий таркиби, инсон саломатлигига, ирсиятга, атроф-муҳитга таъсири ҳартомонлама ўрганилиб, улардан хавф туғдирмайдиган навлари бозорга тавсия этилади. Тавсия этилган уруғлар айнан шу мамлакатнинг марказлашган илмий шаҳобчалари назоратидан ўтади. Республикамизга келтирилаётган сабзовот уруғлари божхоналарда ҳам мутахассисларнинг текширувидан ўтиб, мазкур фирманинг Ўзбекистондаги вакиллари томонидан тажриба майдонларига экилиб, синовдан ўтганлари деҳқонга тавсия этилади. Ўзбекистонда худди шундай тизим йўлга қўйилган. Тўғри, ўсимлик мевалари ичида аччиқ, ўта нордон, тахир, заҳарлилари ҳам бўлганидек, ген инженерлиги ва гибрид орқали етиштирилган маҳсулотлар ичида ҳaм хавф туғдирадиган навлари чиқиб қолиши табиий ҳол. Бу ҳолда маҳсулотларни назорат қилувчи генетик ташкилотлар хулосаларини тезда эълон қилишлари зарур. Мамлакатимизга четдан, жумладан, Голландиядан келтирилаётган сабзавот уруғларидан ҳозирча воз кеча олмаймиз, чунки маҳаллий сабзовот ва полиз навлари экологик ҳолат ва тупроқ муҳитининг ўзгаргани ҳaмда ҳар хил касалликлар кўпайгани туфайли ҳосили жуда пасайиб, бозор рақобатига дош бера олмай қолди. То ўзимизнинг селексиячи, генетик олимларимиз сермаҳсул, касалликка чидайдиган, кўриниши жозибали, рақобатбардош маҳаллий навларни етиштиргунча чет эллардан уруғлар олишга мажбурмиз. Яна бир гап: Голландиядан келтирилаётган уруғлар гени ўзгартирилмаган бўлиб, улар гибрид усулида ёввойи авлоди ва маҳаллий нав-лари билан чатиштирилган дурагайлардир ва улар минг йилдан бери янги навларни етиштиришда қўлланиб келаётган анъанавий селексия усули билан яратилган. "Ғ-1" деб ёзилишига сабаб биринчи авлодининг ҳосилдорлигига кафолат берилишидир. Кейинги авлодларда, Мендел қонунига асосан, ирсий белгилар ажралиши натижасида ҳосили биринчи авлоддай бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун ўсимликни янги нав даражасига етказиш учун бир неча йиллар давомида селексия тажрибаларини олиб бориш зарур. Лекин айрим тажрибали деҳқонлар мазкур уруғлардан кейинги авлодларда ҳaм худди биринчидагидек ҳосил берадиган уруғлар олишаётгани ҳам маълум. "Ғ-1" ирсиятга таъсир қилиб, одамни бепушт қилиши мумкин, деган тахминларга асос йўқ. Гени ўзгартирилган ўсимликнинг маҳсулотлари зарарли деган фикрларни Ғарбда бозор иқтисодига асосланган рақобатчи фирмалар ўртасидаги мунозара деб тушунамиз. Шундай қилиб, дунёда ген муҳандислиги, трансган ўсимликлар, биотехнология усуллари ядро энергиясига ўхшаб улкан жараёнга айланган. Бу жараёнга Ўзбекистон олимлари ҳам янги самарали навлар ва зотлар етиштириш билан ҳиссаларини қўшадилар деган умиддамиз. Чунки генетика ва биотехнология соҳасида Ўзбекистонда истеъдодли, ёш, умидли олимларимиз етарли даражада топилади. Муҳсин ВАЛИХОНОВ, ИЧМ ҲАҚИДА ДУНЁДА НИМА ГАП? Юлия БОРТА."Трансгенные продукти: есть или не есть?" Россия ФА "Биоинженерия" марказининг директори академик К. Г. Скрябин айтишича, ирс инженерлиги билан шуғулланадиган мутахассислар ИЧМ зарарсиз эканини билишади. Аммо битта ирсни кўчириб ўтказишнинг кутилмаган оқибатлари бўлиши назарий жиҳатдан эҳтимоллидир. "ИЧМни озиқ-овқат саноатида хомашё сифатида кенг ва кўп фойдаланиш бор-йўғи беш-олти йил илгаридан бошланди. Ўттиз-эллик йилдан кейин нима бўлишини бугун ҳеч ким юз фоиз ишонч билан айтолмайди. Албатта, кўчма ирсли маҳсулотларни еб биз мутант ё монстр бўлиб қоламиз, дегандек хавотирлар, юмшоқ қилиб айтганда, сал ошириб юборилган. Лекин бундан мантиқлироқ асос ҳам бор. Масалан, янги тиббий ва биодори-дармонлар узоқ йиллар ҳайвонларда текширилганидан кейингина одамларга тавсия этиларди. Кўчма ирсли (трансген) маҳсулотлар ўзи яқиндагина яратилганига қарамай, бозорга чиқиб кетди ва аллақачон юзлаб номдаги маҳсулотларни қамраб олди. ИЧМга қаршилар бундай маҳсулотларнинг хавфсизлигини аниқлаш усулларига ҳам шубҳа билан қарашади. Хуллас, жавобсиз саволлар ҳали бор". Россия Истеъмолчиларни ҳимоялаш миллий жамғармасининг бош директори академик А. Я. Калинин: "Бунақа (ИЧМ) маҳсулотларнинг истеъмоли одамга таъсири бир неча ўн йиллар кейин, келгуси авлодда кўринадими? Ҳозирда бу саволга қатъий салбий далил ҳам, мусбат далил ҳам йўқ... Лекин истеъмолчининг танлаш ҳуқуқи бор: хоҳласа, Голландиянинг кўчма ирсли памилдорсини сотиб олади, хоҳласа, Краснодар памилдорисининг бозорда пайдо бўлишини кутади. Ёки попкорнни еяверади, ёки Кубан далаларида етиштирилган маккажўхорини қайнатиб ейди". ("АиФ Здоровье", 2003.17.07. 29-сон). Татяна КОСТИКОВА. "Помидор+ген в нагрузку". Шунинг учун ИЧМни асосий ишлаб чиқарувчи бўлган АҚШда, Канада ва Лотин Америкаси, Оврупа иттифоқи мамлакатларида бундай ўсимликлардан олинган озиқ-овқат маҳсулотларига мажбурий белги қўйиб сотиш жорий этилган. Бу талабни қаттиқ текшириб туришади ва қоида бузилса, катта жарималар билан жазолашади. Ҳозир Оврупа Иттифоқи мамлакатлари судларида "Макдоналдс"ни маҳсулотларида ирси чатиштирилган қўшимчалар борлиги, аммо бу ҳақда огоҳлантириш бермагани учун айблаб, йигирмага яқин катта даъво иши очилган..." Кўчмаирсли маҳсулотлар бозори дунёда энг бой – йилига 20 млд. доллар пул айланади. Бу бозорда учта халқаро ширкат эгалик қилади. Фирмалар бир инглиз олимни ишдан ҳайдашди, сабаби, у каламуш устида олиб борган тадқиқотининг натижаларини эълон қилиб юборган эди. Унга кўра, ирси чатиштирилган картошка билан боқилган каламушда тез-тез ошқозон ўсмаси пайдо бўлган, эндокрин тизимида бузилишлар ва насл қолдириш масаласида муаммолар пайдо бўлган. Эҳтимол, келажакда ирсият инженерлиги жуда ривожланиб кетар. Лекин бугун у илмдан ҳам кўра кўпроқ тижоратга хизмат қиляпти. Шундай экан, ирси чатиштирилган маҳсулотлар турли тўғри-қинғир йўллар билан бизга чегарадан ўтиб келаверади (ўзимизники ҳозирча йўқ). Бундай шароитда (Россия) Бош санитар дўхтирининг уларнинг ёрлиқларига махсус белги қўйиш лозимлиги тўғрисидаги талаби жуда оқилонадир. Фалокат шундаки, бу талаб бажарилмаяпти". ("АиФ" 2001 й. 24.10. 43-сон). Юлия ЭКАРЕВА, Ольга ИЗБЕКОВА. "Гены против колорадского жука" . ("АиФ Здоровье" 2003 й. 26.06. 26-сон). Юлия БОРТА. "Кому нужны трансгены". ...Ичимизга овқат билан бирга кирадиган бегона ДНКга келсак, ҳақиқатан у ошқозонда парчаланиб кетади. Аммо бутунлай эмас, қанақадир қисми биологик фаоллигича қолиши мумкин. ДНКнинг ўзи шундайича хавфли эмас, балки ундан пайдо бўлган маҳсулот – гармон табиатли оқсил, инсектицид, қандай ирс кўчириб ўтказилганига қараб яна кўп нарса хавфлидир. Масалан, киритилган ирс кўчма ирсли картошкада инсектицидларнинг юзага келишига хизмат қилади ва шу модда бўлгани учун уни колорадо қўнғизи емайди. Дарвоқе, устидан капалаклар ҳам учмай қўяди. Аммо ёдингизда бўлсин: картошка палагига колорадо қўнғизидан асраш учун инсектицид сепсангиз, кейин қоидага биноан, бу кимёвий модданинг парчаланишини, йўқолиб кетишини кутардингиз. Унгача бу картошкани емасдингиз. Энди тасаввур қилинг: ўша инсектицид картошканинг ўзида, ичида ва доим туради, қанча сақласангиз ҳам, ҳеч қаёққа йўқолмайди. Шуни егингиз келадими? Касаллик келтириб чиқарадиган бактерияларга, вирусларга яхшироқ қаршилик кўрсатишлари учун организмларнинг ўзида пайдо бўладиган антибиотикларни, вирусга қарши дориларни ейишни хоҳлайсизми? ("АиФ Здоровье" 2004 й. 13.05.20-сон). |