Худога шукр, доимо халқ орасида юрамиз, кечаю кундуз одамлар билан мулоқотда бўламиз. Кимнингдир ҳаёт тарзидан хурсанд бўлсак, кимларнингдир дунёқарашидан ранжиймиз. Биров “Худо бор” деса, яна биров “Худо бор бўлса, қани, кўрсатиб бер!” дейди. Бировларнинг эса бунақа гаплар билан сира ҳам қизиқиши йўқ. Бунга ҳеч ажабланиш керак эмас, чунки кўп қадим замонлардан буён бундай жараён давом этиб келяпти.
Мавзуимизнинг номи бўлиб келган саволга ҳам одамларнинг муносабати турлича. Аммо кўпчиликнинг фикрича, ҳалол яшаш қийин. Жуда тўғри жавоб, чунки “Жон чекмасанг жонона қайда, тоққа чиқмасанг дўлона қайда?”. Агар ҳамма нарса осонгина бўлса, ҳаёт ҳам зерикарли туюлиб қолади. Бироқ, инсоф билан, у ёқ бу ёғимизга қараб гапирадиган бўлсак, ўша замони саодат деб юритиладиган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидагидан кўра минг минг чандон зиёдроқ ва бойроқ яшаяпмиз, алҳамдулиллоҳ! Ёши улуғларимиздан кўп эшитганмиз. Ўтган асрнинг қирқинчи, эллигинчи йилларида халқнинг бошига чунонам қийинчиликлар тушганки, эшитган одам “Оҳ!” деб юборади. Лекин ўша вақтлар ҳам одамлар ҳалол яшашган-ку? Ўғирлик ҳам бўлгандир, лекин умумий, оммавий сабр қаноат ҳам бўлган. Очарчилик, қаҳатчилик, ҳар хил эпидемиялар тез тез бўлиб турган, очликдан, касалчиликдан қанчадан қанча одамлар ўлиб кетишган, бироқ ялпи талон тарож бўлмаган. Нимага? Чунки одамларнинг инсофи, иймони бўлган, қорни оч бўлса ҳам кўзи тўқ бўлган. Савол туғилиши табиий: “Ҳозирги одамларнинг инсоф иймони йўқми?”. Жавоб: “Ҳозирги одамларда ҳам инсоф иймон бор! Фақат замон, дунёқараш, фикр сал бошқачароқ. Унда бунда одамларни бошқа томонга буриб турадиганлар пайдо бўлиб қолади. Баъзан четдан туриб бузувчиларнинг таъсири сезилиб қолади”. Инсон дунёнинг қаерига бормасин, барибир, нима биландир шуғулланиб тирикчилик қилиши керак. Бу ҳамма биладиган гап. Шароитлар сал бошқачароқ бўлиши, енгилроқ бўлиши мумкин. Бироқ ҳар жойнинг ҳам ўзига яраша яхши ёмон томонлари бор. Мукаллаф ҳар бир мусулмон ҳалол ризқ излашга маъмур . Чунки Аллоҳнинг буйруғи, розилиги, талаби шунга мувофиқдир. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ёзадилар: “Ибодат дегани фақат намозу рўзадан иборат эмас”. Демак, бир мусулмон киши газета кўтариб сотиб юрадими, фаррош бўлиб ишлайдими, мол боқадими, бирор юқори идорада ишлайдими, заводда ишлайдими, ҳарбий ва бошқа хизматлар билан машғулми, машинаси билан киракашлик қиладими, барибир, у ибодат қилаётган бўлади. Фақат нияти тўғри бўлса, кифоя. Худди минглаб ракъат нафл намоз ўқиган, роса иссиқ ёки роса совуқ кунда нафл рўза тутган кишилар қанчалик савоб топса, ўшанчалик савоб топиши ҳам мумкин бўлади. Энди, мўъмин банда касб қилиб чарчаса, фарз ибодатини адо этиб ухлаб қолса, унинг уйқуси ҳам ибодат бўлиб ёзилаверади. Чунки у ҳам диний, ҳам дунёвий ибодат билан банд эди. Бу ҳақда ҳадиси шариф ҳам бор. Демак, келиб чиқадики, ҳалол яшаш қийин бўлса да, оғирга ўхшаб кўринса да, у ибодатга айлангани учун, изидан ажру савоб келиши аниқ бўлгандан кейин, муқаррар роҳатга бил восита уланиб кетгани сабабли енгиллик ҳисобига кетаверади. Илоҳий ваъда бор: “Албатта, бир қийинчиликнинг изидан кўп енгиллик бор”. (“Шарҳ” сураси, 5 6 оятлар). Мавзудаги саволнинг жавобини яна ҳам таҳрир қилишга тўғри келяпти: “Ҳалол яшаш қийинлигидан қўрқмаслик керак, балки шундай бўлишини табиий зарурат деб қабул қилмоқ, Аллоҳнинг авлиё бандаларига ўхшаб қийинчиликни қучоқ очиб кутиб олмоқ керак”. Бинобарин, бу дунёдаги қийинчиликларни бир лаҳзада унутиб, фақат, фақат, фақат роҳат ичра яшаш ҳам бор. Ўша Фирдавс жаннатининг роҳатларига ҳаммамизни етказсин, омийн! Бироқ бу ерда фиқҳдаги енгилини танлаш қоидасини унутмаслик лозим. Қачонки бир нечта ишдан бирини бажаришга тўғри келса, уларнинг ичидан зарари енгилроғи танланади. Бу ерда яна сунъий равишда қийинчиликни танлаш керак дейилаётгани йўқ, асло. Бунақа гапни айтиш дўстлик, биродарлик қоидасига тўғри келмайди. Мисол учун, қачонки, инсоннинг ўз яқин атрофида тирикчилик қилиш имкони бўла туриб, нотинч жойларга ҳижрат қилиши, ўз ватанида тижоратми ё бошқа бирор касб биланми шуғулланиб яшаш имконини ташлаб, фаҳшу зино вабосига ғарқ бўлган бошқа давлатга бориши ҳеч дуруст эмас. Ёки Меҳрибон Роббиси дарёю булоқларга, водопроводу қудуқларга сув бериб қўйган бўлса ю, саҳобаларнинг кўрган қийинчилигини ҳис қилишни хоҳлаб, атайин ўзини чанқоққа мубтало қилиб, туянинг қорнидаги сувни ёриб олиб ичиши мутлақо ақли соғлом одамнинг қиладиган иши эмас. Бу ерда ҳалол яшашдан қўрқмаслик, чўчимаслик тавсия қилиняпти, холос. Чунки ҳали айтилганидек, ибодатли одам ўзининг, бола чақасининг ризқини таъминлашга интилиб чарчаса, бундан кўнгли чўкмаслиги керак. Зотан, Аллоҳнинг савдоси ҳақидаги ояти каримага асосан бу қийинчилигу оғирчиликлар Жаннат роҳатига етишиш учун тўлов бўлиб юзага чиқяпти. Қолаверса, “Жонингизни ҳалокатга ташламанг”, ояти билан сунъий равишда қийинчиликка дуч бўлишдан қайтарилганмиз. Зеро, Жаннатга кириш чиптаси на жарақ жарақ пулга, на олтину кумушга сотилмайди. У чиптани қўлга киритиш учун ниятни пок қилиб олиб, Аллоҳ ризосига мувофиқ ҳаракат қилмоқ талаб қилинади. Енгилроқ табассум билан айтадиган бўлсак, “форма оплаты” ана шундай.
Раҳматуллоҳ Сайфуддинов |