Қимиз азалдан бобокалонларимиз севган ичимликлардан бири бўлган. Халқимиз покликка ва ҳалолликка алоҳида аҳамият бергани учун улар истеъмол қиладиган озиқ-овқат ва ичимликлар инсон саломатлиги учун фойдалими, деб ҳар доим ўйлаб кўрган.
Ислом уламолари бир овоздан от сутини ҳалол деб ҳукм қилишган. “Ҳидоя” китобида от сутини ичишда ҳеч қандай зарар йўқлиги айтилади. Имом Абу Ҳанифа ва Имом Абу Юсуфнинг таъкидлашича, аччиқ бўлса ҳам, от сути ҳалол ҳисобланади. Аммо инсонни маст қиладиган ичимликларга нисбатан ҳукм бошқача. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Маст қиладиган ҳар бир ичимлик ҳаромдир. Кўп миқдорда маст қиладиган нарсанинг озгинаси ҳам ҳаромдир”, — деб ҳукм қилганлар. Табиий қимиз "алкоголсиз ичимлик" сифатида қаралади. Унинг таркибида ачиш жараёнидан ҳосил бўлган спиртнинг миқдори жуда оз бўлиб, инсонни маст қилиш даражасига етмайди. Шунинг учун Ҳанафий мазҳабининг қоидаларига кўра, табиий қимиз ҳаром деб ҳукм қилинмайди.
Чет элдан келган қимиз ҳақида
Сўнгги вақтларда чет элдан келаётган қимизлар тўғрисида кўплаб саволлар юзага келмоқда. Истеъмолчиларнинг айтишича, баъзи Қимизлар бошни айлантириб, мастлик ҳолатига олиб келади:
1. Чет эл қимизлари табиий қимиз ҳисобланмайди. Унинг таркибига: бия сути, қорамол сути, асал ва ачитқилар қўшилади. Асал ачитиш жараёнини тезлаштиради. 2. Қимизни сақлаш шароитига риоя қилинмаса, таркибидаги спирт миқдори ошиши мумкин. 3. Спиртни махсус қўшган бўлиши мумкинлиги ҳам эҳтимолдан холи эмас. Агар Қимиз ачитилмаган бўлса, уни ичимлик сифатида истеъмол қилишга рухсат берилади. Аммо Қимизга қўшимча моддалар (асал, ачитқилар, қатиқ бактериялари) қўшилиб ачитилган бўлса ва инсонни маст қиладиган даражага етказса, бу ҳолда унинг озгинасини ҳам, кўпини ҳам истеъмол қилиш тақиқланади. Шу сабабли, табиий ва пок Қимизни танлаш энг яхши ечим ҳисобланади.
Абу Муслим қозоқчадан тайёрлади
|