Йиртқич ҳайвонлар (Бошқа ҳайвонни овлаб еювчи ҳайвонлар.) ичида тирноқлиларининг гўшти ҳалол эмас. Қушлар ичида ҳам ўткир тумшуқли(Тумшуғи билан бошқа ҳайвонни овлаб ейдиган йиртқич қушлар.) йиртқичларининг гўшти ҳалол эмас. Тирноқли йиртқич ҳайвонлар - шер, бўри, йўлбарс, қоплон, ит, мушук кабилардир. Ўткир тумшуқли қушлар - лочин, бургут, калхат, шоҳин, ҳидъа кабилардир. Шунингдек, фақатгина нажосат билан озиқланадиган қуш ва ҳайвон гўшти ҳам ҳалол бўлмайди. Ҳайвонлар ичида ўткир тирноқли йиртқич бўлмаганларининг гўшти ҳалол. Қушлар ичида ҳам ўткир тумшуқли бўлмаганини ейиш ҳалол. Қўтос (буйвол), кийик, тўтиқуш, каптар, чумчуқ кабиларни ейиш ҳалол.
Сиртлон, калтакесак, тошбақа, ари ва бошқа барча ҳашаротларни ейиш макрухдир. Уй эшаги, хачир гўшти ҳалол эмас. От гўштини ейиш макруҳ. Изоҳ: Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ вафотларидан уч кун олдин от гўштини макруҳ санашдан қайтганлар. Макруҳлиги от гўштининг ҳаромлигидан эмас, балки душман билан жанг қилишда маркаб сифатида фойдаланилгани учундир. («Раддил Мухтор»),
Сувда яшайдиган ҳайвонлар ичида балиқ турига кирувчилар ҳалол ҳисобланади.
Чигирткани, балиқни забҳ килмасдан (сўймасдан) ейиш ҳалолдир. Аммо балиқ ва чигирткадан бошқа ҳайвонларни сўймасдан ейиш ҳалол бўлмайди. Балиқ ёки чигирткадан бошқа ўзи ўлиб қолган ҳайвонларнинг гўшти ҳаром ҳисобланади.
Тофи балиқ, яъни сувда ташқи сабабсиз ўлиб, қорни тепага қараб қолган балиқ ҳалол бўлмайди.
Истеъмоли ҳалол бўлган ҳайвоннинг ошқозонини ейиш кароҳиятсиз жоиз.
Меваларда қурт бўлса, қурти билан ейиш ҳалол эмас. Агар қурти билан еб юборса, майта (ўлимтик)ни еган бўлади. Таомга чумоли тушиб қолса, таомни чумоли билан еб юбориш ҳалол ҳисобланмайди.
Агар қассоб мажусий бўлса, гўштни «буни мусулмон сўйган» деб сотса, бундай гўштни мусулмон кишининг сотиб олиши ва ейиши макруҳ ҳисобланади. Агар бир мусулмон киши: «Мен ушбу ҳайвон сўйилганидан бери шу иш устидаман. Буни чиндан ҳам мусулмон киши сўйган, бу мажусий сотувчи холос», деб хабар берса, шунда бундай гўштни сотиб олиш жоиз бўлади.
Нажосатни еяётган товуқ уч кун қамаб қўйилади, гўштининг ҳидлари кетади ва сўнгра сўйилади. Бундай товуқни сўйишдан олдин уч кун қамаб қўймай гўштини ейиш макруҳ ҳисобланади.
Ашраф Али Таҳонавийнинг "Мухтасар Фикҳул Ҳанафий асари таржимаси" китобидан Икром Муҳаммад Умар таржимаси
|