Хабарлар
PDF Печат E-mail
Тармоқли маркетинг

Тармоқли маркетинг (quest.net)

“Қачонки тармоқли маркетинг пирамида шаклига эга бўлиб, янги келган мижозлардан олинган пул улардан юқорида турган иштирокчиларнинг барчасига (энг тепа қисмигача) тақсимланар экан, бас бу фирибгарликнинг асл кўринишидир”.

Бизнинг (иқтисодчи, молиявий таҳлилчилар) ушбу мақолани ёзишимиздан мақсад - ўзимизга яқин бўлган азизларни фирибгарлардан сақлашдир. Чунки ҳар бир мусулмон ўз биродар учун кўзгудир. Биз ушбу мақолани имкон қадар қисқа ва тушунарли тилда ёзишга ҳаракат қилдик ва ўйлаймизки, уни ўқишга 10 дақиқа вақтингизни ажратасиз ҳамда quest.net мисолида тармоқли маркетинг билан танишиб чиқасиз.

Бу ҳақиқатни ҳоҳлаган инсон (қуйидаги расмда кўрсатилгандек) экcел дастури орқали текшириб кўриши қийин эмас. Биз эса ҳорижий ҳамкасбларимиз тузган жадвални ўзбек тилига ўгирдик холос. Фикримизни исботлашга киришишдан олдин, келинг, бир оз мулоҳаза қилиб кўрайлик. Агар биринчи марта quest.netга жалб қилаётган одамдан сизга ўтказмоқчи бўлган маҳсулотининг таннархини сўрасангиз, у бирор аниқ жавоб бера олмаслиги аниқ. Сабаби, ҳоҳ 1 цент десин, ҳоҳ 599 АҚШ доллари десин, бу иқтисодий томондан мутлақо нотўғри жавоб бўлади. Чунки таннарх қанчалик қиммат бўлса, иштирокчиларга тақсимланадиган пул шунчалик кам бўлади. Аксинча, таннарх қанчалик арзон бўлса, пирамида шунчалик кўпроқ давом этади. Лекин барибир, унинг ҳаёти чеклангандир.

Quest.netда ҳар бир иштирокчи яна 2та одамни, уларнинг ҳар бири эса ўз навбатида яна 2тадан одам олиб келишлари зарур. Ҳайриятки, ушбу жараённинг давомийлиги чекланган. Келинг, жадвал тузишда ишлатилган шартли белгиларни кўриб чиқайлик.
Ҳар бир иштирокчининг, у пирамиданинг қайси поғонасида жойлашганлигидан қатъи назар, янги 2та иштирокчини компанияга аъзо қилиши учун 1 ой муддат керак бўлади, деб тасаввур қиламиз. Аслида quest.net компаниясининг ҳодимлари учун бу муддат қанчалик узоқроқ бўлса, шунчалик яхши. Чунки бу нарса уларнинг «Ҳорижда бизнес қилиб, пулларни кўпайтирдик», деб найранг ишлатишлари учун маълум маънода асос бўлади.
Ҳар бир маҳсулотнинг асл боҳосига quest.net корхонаси 500 АҚШ доллар устама (надбавка) қўйган, деб тасаввур қиламиз. Бу устама ҳам қанча кўп бўлса, корхона учун шунча яхши. Сабабини жадвалдан қидирамиз:
Quest.net ходимлари кўпроқ фоиз олиш мақсадида пирамиданинг барча қаватларини тўлдиришга тинимсиз ҳаракат қиладилар. Бу фақат quest.net ходимлари учун ёзилган холос.
Quest.netнинг 3талик ва бошқа ТC деб аталадиган тармоқлари ҳам аслида вазиятни озгина ўзгартиради, деб тасаввур қилайлик.

Жадвал катта бўлгани учун уни 2га бўлиб, кейин бирлаштирамиз. Биринчи жадвалнинг биринчи устунида пирамиданинг поғоналари берилган. Унинг энг биринчи поғонасида тармоқнинг энг биринчи асосчиси турса, 2-поғонасида 2 та мижоз, 3-поғонасида 4та, 4-поғонасида 8та мижоз жойлашган ва ҳоказо. Бу жараён геометрик прогрессия шаклида давом этади. Биринчи жадвалнинг 3-устунида маълум бир қават тўлгандан сўнг пирамидада жами иштирок этган мижозларнинг сони келтирилган. Яъни, 6-поғона тўлгандан кейин пирамидада 63 та, 12-поғонада эса 4095та одам тўпланади. Уларнинг ҳар бири компанияга аъзо бўлиш учун 500 доллардан берди деб ҳисобласак, у ҳолда сариқ рангга бўялган устун ҳосил бўлади. У ўша поғона тўлгандаги жами тушумдир. Мисол учун, 8-поғона тўлгандан кейин барча иштирокчилардан йиғиб олинган пул 127,500 АҚШ долларини ташкил қилади.

Шуни инобатга олиш керак-ки, пирамида иштирокчисига унинг чап ва ўнг томонидаги ҳар 6 киши учун 250 АҚШ доллар пул берилади. Демак, энг биринчи турган одам иштирокчиларнинг жами сони 7 тага етганда (яъни, 3-поғона тўлгандагина) пастдаги 6та одам берган пулдан 250 АҚШ доллар олади. Агар у бошқа қўшимча буюм сотиб олмаса, компаниянинг ҳар бир ходими оладиган комиссион тўлов 5000 АҚШ доллардан ошмаслиги керак. Лекин биз ходим бошқа қўшимча буюм сотиб олмади, деб тасаввур қиламиз. Чунки бу ҳолда пирамидамиз тез тугаб қолади.

Пастдаги жадвалдан кўриниб турибдики, агар пирамиданинг 3-поғонаси тўлганда биринчи киши 250 АҚШ доллари олган бўларди. Агар пирамиданинг 4-поғонаси тўлса, яъни, иштирокчиларнинг сони 15 тага етса, биринчи иштирокчига 500 АҚШ доллари тўланиши керак эди. Аммо ундан ташқари, пирамиданинг 2-поғонасида турган 2 киши бор. Ҳар бир аъзонинг пастида 6 тадан одам турганлиги учун уларнинг ҳам ҳар бирига ўз навбатида 250 АҚШ долларидан бериш керак. 5-поғона тўлганда эса биринчи одам ўзидан пастда 30 киши турганлиги учун 1250 АҚШ доллари олади, 2 - поғонада турган ҳар бир мижоз 500 АҚШ долларидан (жами 1000 АҚШ доллари) ва 3 поғонада турган 4 та одамнинг ҳар бири 250 АҚШ долларидан олади (жами 1000 АҚШ доллари). Пастдаги ҳисоб-китоб ҳар бир поғонада турган жами иштирокчилар оладиган комиссион тўлов миқдорини кўрсатади.

Натижани кўриб, таажжубланаётган бўлсангиз, ҳинд подшоҳи билан камбағал йигит ўйнаган шаҳмат ўйинини эсланг. Ўйинда ютқазган шоҳ шаҳмат тахтасининг ҳар бир катагига аввалгига қараганда 2 баробар кўп гуруч донасини ваъда қилиб, сўнг тахтанинг 64 катагига қўйиладиган гуручлар сонини (2 нинг 64-даражасини) кўриб, эси чиқиб кетади. Quest.net пирамидасидаги поғоналар сони 64 тага етганда унинг чўққисида ҳам худди ана шу ақл бовар қилмас сон туради.

Агар биз юқоридаги жадвални «Сумма» функцияси орқали жами йиғиндини чиқарадиган бўлсак, қуйидаги жадвал пайдо бўлади. Бу жадвал ниҳоятда қизиқ. Биринчи тўрт устун билан биз юқорида танишиб чиққанмиз. Кўк устун комисия ҳақларининг жамланмасидир.

Эътиборни яшил устунга қаратамиз. Унда биз компания ишчиларга бераётган пул жами йиғилган пулнинг қанча улушини ташкил этишини кўрамиз. Биз келтирган жадвалда 3-поғонада иштирокчиларга жами йиғилган пулнинг 7,14 фоизи тақсимланди. 15-поғонага келиб эса бу кўрсаткич 43,72 фоизни ташкил қилади. Яъни, корхона янги ишчилардан олаётган пулининг ярмини юқоридаги поғоналарда турган ишчиларга беряпти. Дарҳақиқат, манзара ниҳоятда чиройли. Аммо бир нозик жиҳат бу жараёнга чек қўяди. У ҳам бўлса, янги мижозларнинг чекланганлиги.

22-қаватга келиб, пирамидада иштирок этаётган аъзоларнинг сони 4 миллиондан ошиб кетганлигини кўрасиз. Агар Ўзбекистон аҳолиси сонини 33 миллион деб тасаввур қилсак ва ушбу аҳолининг барчаси quest.netга аъзо бўлди, деб ҳисобласак, унда компанияга янги мижозларнинг аъзо бўлиши ўз-ўзидан тўхтайди. Яъни, охирги 25-поғонага қўшилган 16,777,216 та мижоз пулини тўлиқ йўқотган ҳисобланади. 24-поғонадаги мижозлар ҳам пулларини тўлиқ йўқотадилар. 23- ва 22-поғонадаги мижозлар эса 250 ва 500 АҚШ долларидан пулларини қайтариб олишга муяссар бўлишлари мумкин. Демак, охирги 4-поғона доимо ютқазади. Бизнинг мисолимизга кўра, пирамидада 25та поғона ҳосил бўлса, бу «бизнес»га жами 31,457,280 та мижоз аъзо бўлган бўлади. Бу эса республика аҳолисининг 94 фоизи демакдир. Аммо биз келтирган маълумотлар билан танишган баъзи «бизнесмен»лар 8 чи ёки 10-поғонага кириб олсам бўларкан, деб хомтама бўлишмасин. Чунки пирамида қайси поғонада тўхташини ҳеч ким билмайди. Бутун дунёда кризис бўлаётган ҳозирги бир пайтда бундай шубҳали «бизнес»га мижоз топишнинг ўзи амри маҳол. Шундай экан, пирамиданинг умри баъзилар ўйлаганчалик узоқ эмас.

Энди яна бир ҳолатни кузатайлик. Тасаввур қилинг, quest.net бутун дунёни эгаллади, яъни, 33-поғонага чиқди. Бунда уларга 8 миллиард одам аъзо бўлиши керак. Бутун дунёдаги аҳолининг сони 7миллиарддан ошмайди. Майли, 8 миллиард аҳоли бор, деб ҳам тасаввур қилайлик. Бу ҳолда компанияга охирги қўшилган 4,294,967,296 (4,3 миллиард) мижознинг ўз пулларини қайтариб олишлари учун яна 60 миллиард нафар инсон дунёга келиши керак бўлади. Бунинг учун эса 36-поғона тўлиши зарур. Ортиқча изоҳга ҳожат бўлмаса керак…

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлга бошлаб, ҳалолу ҳаромни фарқлай оладиган бандалардан қилсин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш
Доимий Қўмитасининг 22935 рақамли фатвоси

Бу каби олди-берди қилиш ҳаром. Сабаби бу олди-бердидан мақсад маҳсулотни сотиш эмас, балки кўпроқ фойда қилишдир. Бунда ўн мингга сотилаётган маҳсулотнинг асл нархи юз сўмдан ҳам ошмаслиги мумкин. Бундай компаниялар сизни кичикроқ миқдордаги пул билан (бирор маҳсулотни сотиб олиш билан) компанияга қўшилиш, кейин эса бу пулни бир неча баробар қилиб қайтариб олиш имконияти билан ўзларига жалб қиладилар. Аслида компаниянинг маҳсулот таклиф қилиши кўзбўямачилик, холос. Компаниянинг асосий мақсади эса маҳсулотни сотиш эмас, балки пирамидага кўпроқ одамларни жалб қилишдир. Бу эса қуйидаги сабабларга кўра ҳаромдир:

1. Бу кўринишдаги олди-берди икки хил рибони ўз ичига олади: рибо-ул фазл (бир жинсдаги нарсани алмаштиришда зиёда олиш) ва насия рибоси (қарзни адо этишни кечга суриш эвазига олинадиган фойда). Ҳар бир компания аъзосининг мақсади камроқ пул билан қўшилиб, кейинчалик кўпроқ пул ундириб олиш, яъни камроқ пулни вақт ўтганидан сўнг кўпроқ пулга сотиш бўлади. Бу эса аксар уламолар томонидан ҳаром дейилган. Компания таклиф қилаётган маҳсулот эса бир восита, холос. Асосий мақсад, юқорида айтилганидек, мижозлар сонини ошириб, пирамидани юқорироқ кўтариш.

2. Олди-бердининг бу кўриниши ғарар (гумонли, ноаниқ савдо) ҳам дейилади. Гумонлиги шуки, янги қўшилган мижоз бу ишга яна янги мижозларни жалб қила оладими, йўқми – ҳали билмайди (олдиндан айта олмайди). Демак, бу иш унга келажакда фойда келтирадими ёки йўқми, у пирамиданинг юқорисига чиқа оладими ёки унинг энг пастида қолиб, «омадсиз»лардан бири бўлиб қоладими – буни ҳам аниқ билмайди. Аслида бундай олди-бердидан ютқазганларнинг сони ютганларга қараганда кўпроқ. Демак, бу ишга киришаётган одамнинг олдида аввалдан фақатгина иккита хил йўл бор, бу эса гумонли ёки ноаниқ савдо дейилади. Имом Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай савдодан қайтарганлар.

3. Бу турдаги олди-берди инсонларнинг молини ботил йўл билан ейиш ҳамдир. Сабаби бунда фақатгина пирамида тепасида турган ва омади келадиганлар ютаверади, қолганлар эса ютқазиб, пулларгиа куйиб қолаверадилар. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли” (Нисо, 29).

4. Бу каби олди-бердида алдов, ҳийла, кўзбўямачилик ва инсонларни лақиллатиш бор. Юқорида айтилганидек, компания ўз маҳсулотини сотишни ўзининг асосий мақсади қилиб кўрсатади, бу эса ёлғон. Шунингдек, инсонларга агар компанияга аъзо бўлишса, катта фойдаларга эга бўлишлари ваъда қилинади, бу эса ҳали ноаниқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кимки бизни алдаса, у биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Сотувчи ва харидор то тарқалгунларига қадар, уларнинг ихтиёрлари ўзларидадир. Агар рост сўзласалар ва молнинг айбини айтсалар, уларнинг бу савдоларига барака берилади. Агар молнинг айбини яширсалар ва ёлғон сўзласалар, бу савдоларининг баракаси бўлмайди”, дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Баъзилар бу каби савдони даллоллик билан тенглаштирадилар. Бу нотўғри, чунки даллол бировнинг молини сотиб бергани учун маълум миқдорда пул олади. Тармоқли маркетингда эса бировнинг молини сотиш учун кириш пули тўланади. Даллолликдан мақсад ўз молини тезроқ сотиш, тармоқли маркетингдан мақсад эса пирамида аъзоларини кўпайтириш. Орадаги фарқ очиқ-ойдин кўриниб турибди.
Компания томонидан рағбатлантириш, совға, ҳадя, бонус ёки шунга ўхшаш кўринишда фойда оладиганларга эса жавоб шундай:
Бу ҳам нотўғри, чунки Исломда ҳар қандай совғани ҳам қабул қилинавермайди. Абдуллоҳ ибн Салом Абу Бурдага айтган экан: “Сен рибо тарқалган ердасан, агар бировда ҳаққинг бўлса, у сенга сомон ёки арпа ё поя миқдорида бўлса ҳам ҳадя берса, қабул қилмагин, чунки у рибодир” (Бухорий ривояти).
Исломдаги ҳадяга унинг қайси мақсадда, нима ниятда берилганлигига қараб ҳукм қилинади. Абу Ҳумайд ас-Соъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Азд қабиласига мансуб Ибн ал-Лутбия исмли бир кишини закот йиғувчи қилиб тайинладилар. У закот йиғиб келгач: “Мана бу нарса сизга, мана бу эса менга ҳадя қилинди”, деди. Шунда у зот: “Отасининг уйида ёҳуд онасининг уйида пойлаб ўтирса, унга ҳадя қиладиларми ёки йўқми?!” дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).
Бу каби рағбатлантиришлар қандай номланишидан қатъи назар, битта мақсадга қаратилган бўлиб, у ҳам бўлса Сизни компанияга қўшилишга ундаш ва бошқаларни ҳам унга қизиқтиришдир.
Афсуски, ҳозирги кунда бундай компаниялар кўпайиб кетди. Улар нимани таклиф қилишидан, қандай номланишидан ва кандай маҳсулот сотишидан қатъи назар, улар юқорида айтилгани каби иш юритадилар.

 

Тармоқли маркетингдаги 10 хил ёлғон

МЛМ кундан кунга оммалашиб боряпти, МЛМ фирмаларнинг сони деярли геометрик прогрессия бўйича кўпайиб боряпти. Туну-кун одамларнинг калласидаги фикр фақат МЛМ фирмаларга кириб ишлаш бўлиб қолгандек… Натижада МЛМ ҳақида «Бу - бизнеснинг энг динамик ривожланиб бораётган шакли» деган тасаввур ҳосил бўлиб қоляпти. Ҳатто яқинда МЛМ дистрибуциянинг ҳамма шаклларини сиқиб чиқариб, уларнинг ўрнини эгаллаб олади, деган гаплар ҳам қулоққа чалиняпти. Шунингдек, ҳар бир киши, агар қатъият билан, мунтазам равишда МЛМ фирмаларининг методикаларига оғишмай амал қилиб борса, охир-оқибат, бир кун келиб ҲАММАМИЗ фақат МЛМ тизимида олди-сотди қиладиган бўламиз, деб ишонтиришяпти.

Бироқ, таҳлиллар ва тадқиқотларнинг натижаларига кўра, бундай «тармоқли» фирмаларнинг асосий бизнес-ғояси – тижорий фокусдан бошқа нарса эмас экан. МЛМ-фирмалар асл мақсади тобора кўпроқ янги аъзоларни оғдириб олиш бўлиб, амалда пировард истеъмолчига маҳсулотнинг жуда оз бир қисми бориб етади. Ва бу истеъмолчи мазкур тармоқли фирманинг аъзоси бўлмайди.

Умуман олганда, МЛМ индустриясининг барча ваъдалари, гап-сўзлари, ўзлари «савдонинг энг келажаги порлоқ тури» деб атаётган бундай «тижорат»нинг тагидаги иқтисодий ҳақиқат худди номаълум учар жисмларнинг Ерга қўнганлиги ҳақидаги ҳақиқатнинг худди ўзидир. Молиявий маънода айтадиган бўлсак, МЛМда ишлаб бойиб кетиш эҳтимоли казинода рулетка ўйнаб, ҳамма ютуқни ютиб олиш эҳтимолига тахминан тенгдир.

Гапни МЛМ фаолиятининг пул маблағларига бурсак, бу нарса миллионлаб истеъмолчиларга улкан зарар етказган. Аслини олганда, ҳар қандай иқтисодий муҳитда ходимлар сони чексиз ортиб бораверадиган тизим ҳали туғилмасданоқ ўлимга маҳкумдир.

Бундай кўппоғонали маркетинг фаолиятининг асосий «ов майдони» - шахсий чакана савдо бўлиб, самарали иқтисодий моделларнинг барчасини, янги иқтисодий технологияларни (Интернет-дўкон деган нарсалар бор-ку ахир!), истеъмолчиларнинг энг оддий одатларини инкор қилади, уларга тескари келади. Бундай «чакана» фаолиятнинг бирдан-бир хизмати – МЛМнинг асосий фаолиятини - пирамидага янги инвесторларни оғдириб олишни одамларнинг кўзидан яширишдир.

Ҳар қандай пирамида-ташкилотдаги каби, бу пирамиданинг чўққисига жойлашиб олган савдогар ва менежерларнинг даромадлари пирамиданинг энг қуйи поғонасига жалб қилинаётган янги инвесторларнинг пулларидан ҳосил бўлади. Бундай тизим ё ўзи тарқалиб кетгунча, ёки давлат (баъзан ҳуқуқни ҳимоя қилиш) органлари томонидан ёпиб қўйилмагунча ўша «янги келганлар» ҳисобига ишлаб тураверади.

Кўппоғонали маркетинг мижозларнинг эҳтиёжларини қондириш ҳисобига эмас, балки маданий анъаналардан, ижтимоий ва шахсий эҳтиёжлардан, шунингдек, у ёки бу мамлакатдаги баъзи иқтисодий нуқсонлардан айёрлик билан фойдаланиш ҳисобига тез ривожланади. МЛМнинг маркетинг режаларини тузишда бирор-бир нуфузли ташкилотнинг ёки мустақил экпертнинг профессионал хулосасидан фойдаланилмайди. Бу ерда оддий ёлғондан фойдаланилади – гўёки МЛМ келажакка йўналтирилган инвестициянинг янги модели, карьера қилишнинг замонавий усули эмиш, бундай бизнесдаги риск эса оддий иш ёки бошқа ҳар қандай бизнес туридан кичик эмиш.

Ҳар қандай МЛМ-фирмани олиб қарасангиз, уни биринчи навбатда истеъмолчи ёки жамият эмас, балки айнан қалби орзу-умидларга тўлган янги инвесторлар қизиқтиради. Бир қарашда бундай фирмаларнинг маркетинг босими маҳсулот билан таништиришга ёки пировард истеъмолчига йўналтирилгандай кўринади, бироқ асл мақсад янги савдогарларн жалб қилиш бўлади. Асл маҳсулот қандайдир биоқўшимчалар ёки шампунлар эмас, балки сон-саноқсиз сотувчиларнинг ресурсларидан (пуллари ва вақтларидан) фойдаланиш бўлади.

Тармоқли маркетинг дунёси бошдан-оёқ кичик ва улкан ёлғон билан йўғрилгандир.

Биринчи ёлғон: МЛМ – бу катта пул топишнинг энг яхши имкониятини таклиф этувчи бизнесдир.

Ҳақиқат: МЛМ тизимига аъзо бўлиб кирган деярли ҳар бир киши албатта пул сарфлайди (йўқотади десак ҳам бўлаверади). Ва бу тахмин эмас, тарихий ҳақиқат. Энг йирик Amway фирмасига аъзо бўлган барча сотувчиларнинг фақат 0,5-1 фоизигина кейинги поғонага – «бевосита» сотувчилик даражасига кўтарилди. Amway компаниясидаги барча сотувчиларнинг ўртача даромади ойига 40 долларни ташкил қилади. Уларнинг барча сарф-харажатлари ва энди тўлайдиган солиқлари ҳам шу 40 долларнинг ичида!
МЛМ модели асосига қурилган фирмаларнинг маркетинг тизимида бир неча кишигина катта пул тўплай олиши мумкин. Ўзингиз ўйлаб кўринг, МЛМ тузилмадаги биргина менежернинг мўмай даромад олиши учун бир неча минг киши керак бўлса, демак, ўша минг кишининг ҳар бирига ҳам яна мингта одам керак бўлади (миллион киши керак бўлар экан)! У ҳам бўлса ўша биринчи менежер топган миқдордаги пулни топиш учун миллион киши керак бўлади. Унда битта улкан «компания»га неча кишини оғдириб олиш керак? Хуллас, «фирманинг юқори суръатларда ривожланиши» дейилаётган нарса янгидан-янги аъзолардан шилиб олинаётган пуллардир. Пули ва вақтини бекорга совурганларнинг кўпчилиги шу йилнинг ўзидаёқ МЛМдан чиқиб кетади.

Америка Қўшма Штатларининг Securities and Exchange Commission (SEC) комиссияси ҳисоботларига кўра, консультантларнинг (улар ўзларини шундай деб аташни ёқтиришади) 60-70 фоиз қисми бир йилга бормай фирмадан кетади. Ҳисоботларда айтилишича, NuSkin фирмаси ўз ходимларига тўлаган жами пулларнинг тахминан учдан икки қисми пирамиданинг чўққисига ўрнашиб олган 200 кишига мукофот тариқасида берилган бўлиб, ўшанда пирамидага жами 63 минг киши (ўҳ-ҳў!) жалб қилинган экан! Бироқ, МЛМ фирмаар ўз бизнесларини «чексиз ривожланиш имконияти» деб реклама қилишмоқда! Сурбетлар!

Иккинчи ёлғон: Тармоқли маркетинг – бозорда товарларни таклиф қилишнинг энг оммабоп ва амалий усулидир. Харидорлар товарларни айнан МЛМ фирмаларидан харид қилишни севадилар.

Ҳақиқат: Тармоқли маркетингни синчиклаб текшириб кўрсангиз, унинг замирида самарасиз дистрибуция тизими ётганлигини кўрасиз. Шахсий чакана савдо – эскирган, келажакнинг эмас, ўтмишнинг тижорат моделидир. Товарни танишларга, яқинларга сотиш – уларни ўз харид кўникмаларидан воз кечишга мажбур қилиш, товарингизни сиздан андиша қилиб (юзингиздан ўтолмай), маҳсулотни қиммат нархга сотиб олишга кўндиришдир, мижозларни товарларни танлаш, савдолашиш имкониятидан маҳрум қилиш, бизнеснинг аҳмоқона моделларига оғдириб олишдир.
Бундай тармоқли маркетингнинг ноқулайликлари натижасида одатда товарнинг ўзи сотилмайди, балки шу харид туфайли янги сотувчилар ёллаб борилаверади.

Учинчи ёлғон: Бориб-бориб, ҳар қандай товар ёки хизматлар фақат МЛМ орқали сотиладиган бўлади. Бутун савдо фаолияти МЛМ тизимига ўтиб кетади.

Ҳақиқат: Бу жуда катта янгилик эмас. Бугунгидек МЛМ фирмалар 1960-йилларнинг охирида пайдо бўлишди. Ҳатто МЛМнинг ватани – АҚШда ҳам жами МЛМ фирмаларнинг савдо айланмаси бутун мамлакат чакана савдо айланмасининг бир фоизини ҳам ташкил эта олмади!

Тўртинчи ёлғон: МЛМ – шодлик ва бахтга тўла янгича турмуш тарзидир! Ҳаётда ҳамма нарсага эришининг ягона йўлидир!

Ҳақиқат: МЛМнинг мотивацион шиорлари бойлик, ҳашаматларга тўла ҳаётни ваъда қилади. Бироқ, одамларнинг кўпчилиги ўз қобилиятлари, истеъдод ва иқтидорларини рўёбга чиқарадиган онгли равишдаги фаолиятни излайди. Ҳамма ҳам ўзининг қариндош-уруғлари, танишлариникига уйма-уй юриб, ҳеч нарсага арзимайдиган, шубҳали маҳсулотларни сотиб юриш истаги билан ёниб тургани йўқ.

Бешинчи ёлғон: МЛМ - руҳий мувозанатга эришишнинг ягона ва энг яхши йўли.

Ҳақиқат: Аллақандай мавҳум тушунчалар билан «МЛМ тизимида ишлаб, яқинларингизга ёрдам беришдан руҳингиз ором олади», қабилидаги гаплар ғирт сафсатадир. МЛМ фирмасининг гўёки «маънавий қўллаб-қувватлаб» туриши пирамидага янги келганлардан тушган пулларга асосланади, холос. Бундай «маънавий ёрдам» компанияга «янгилар» келмай қўйган куниёқ тўхтайди.

Олтинчи ёлғон: МЛМда муваффақият қозони жуда осон! Дўстларингиз ва яқинларингиз – Сизнинг табиий мижозларингиз. Сиз севган кишилар бутун умрга сизнинг мижозларингиз бўлиб қоладилар!

Ҳақиқат: Дўстлар ва қариндошларни шахсий тижорат воситасига айлантириш улар билан сизнинг ўртангиздаги муносабатларга футур етказиб қўйиши мумкин. «Маркетинг босими» ўтказаман деб дўстларингиздан айрилиб қолишингиз, маҳсулотимни ўтказаман деб уларнинг жонига тегиб қолишингиз ҳеч гап эмас. Шу гапларга ишониб ўтирибсизми? Айнан Сиздан айнан Сизнинг маҳсулотингиз сотиб олмоқчи бўлиб юрганлар жуда кўп деб ўйлайсизми?

Еттинчи ёлғон: Маҳсулотларни фақат бўш вақтингизда сотишингиз мумкин («эркин иш графиги» ва ҳоказо). МЛМ фирмасида ўзингиз истаган пайтда ва миқдорда ишлайсиз, холос (раҳбарлар бўлмайди, ўзингиз ўзингизга хўжайин бўласиз). Ҳафтада атиги бир неча соат ишлаб, катта миқдорда қўшимча пул топасиз, шахсий даромадингиз шу даражада ортиб кетиши мумкинки, бошқа ишларингиз ортиқча бўлиб қолади…

Ҳақиқат: Миллионлаб кишиларнинг ўнлаб йиллар давомидаги шахсий тажрибасидан маълумки, МЛМда ишлаб, пул топиш ғоятда кўп вақтни, шахсий фаол иштирокни, сабр-тоқатни, гапга усталикни, ишонтира олиш қобилиятини талаб қилади. Маркетингнинг бундай модели Сиздан махсус шахсий сифатларни, ниҳоятда қизғин иш жараёнини шу қадар талаб қиладики, шахсий ҳаётингизга бўш вақтингиз қолмайди. МЛМ учун ҳар қандай одам – бу маҳсулот ўлгурни сотиб олиб, кейинг бошқаларниям шунга даъват қилиб юрадиган потенциал харидордир. Ҳаётингизнинг ҳар бир лаҳзаси кимгадир бизнесни реклама қилиш, маҳсулотни тақдимот қилиш, хуллас, товарни ўтказиш, одам ёллаш учун имкониятга айланиб қолади. Энди товарни сотишда Сиз на жой, на одам, на вақт ва на шароит танлайсиз – уззукун фикри-зикрингиз кўпроқ товар сотиб, кўпроқ одам ёллашда бўлиб қолади (пирамиданинг кейинги поғонасига кўтарилиш керак-да ахир!)

Демак, на бўш вақтингиз, на ошна-оғайниларингиз, на яқинларингиз қолади – ҳаммаси мижозга айланади. «Тармоқ»қа эмас, қармоққа тушиб қолгансиз, оғайни, қармоққа!!!
МЛМ тизими ҳокисорлик билан, ходимларимиз ўз даромадларини ўзлари топадилар, деб сохта сиполик қилмай қўя қолсин, аслида у ўз домига тушган инсоннинг бутун ҳаётини назорат остига олиб, ҳатто унга хўжайинлик қила бошлайди, яна бу инсоннинг тизимга сўзсиз мувофиқ бўлиб юришини ҳам талаб қилади. Бу тизим баъзиларни шу қадар ўз домига киритиб оладики, ҳатто улар ўз атрофидагилар билан оддий муомала қила олмайдиган бўлиб қолишади.

Саккизинчи ёлғон: МЛМ – ўз ходимларини қўллаб-қувватлаб турувчи, янги, ижобий бизнесдир. МЛМ инсоннинг руҳи ва шахсий эркинлигини мустаҳкамлайди.

Ҳақиқат: Кўппоғонали маркетинг янги келганларни қўрқитади: мўмай даромадлар ваъда қилиб алдайди ва товар ёки хизматлар савдосининг бошқа турлари йўқолиб боряпти, ҳаммаёқда ишсизлик, инқироз деб ваҳима қилади. Инсонга фазилат ҳисобланган касблар, ҳунарлар, меҳнатнинг турли шакллари «ойликка қараб ўтириш» ва ҳатто «қуллик» деб масхара қилинади. (МЛМ-семинарларга келган аёлларга «Эрга қарадим – ерга қарадим» каби «мақол»лар эслатиб турилса, ажаб эмас). Кўппоғонали маркетинг тизимининг ўзи эса бутун инсониятнинг сўнгги умиди, нажот дарвозаси деб осмонларга кўтарилади.
Бизнеснинг жиддий моделлари салбий прогнозлар ва содда одамларни қўрқитиш, алдашга асосланмайди.

Тўққизинчи ёлғон: МЛМ - шахсий бизнесингизни ривожлантириш ва мустақил бўлишнинг энг яхши усулидир!

Ҳақиқат: МЛМ Сизга мустақиллик, эркинлик бермайди. МЛМга «эркин» сотувчи сифатида аъзо бўлиб туриш – ҳақиқий саробдир. Баъзи МЛМ-фирмалар ўз сотувчиларига бошқа фирмалар билан ҳамкорлик қилишни очиқдан-очиқ тақиқлаб қўядилар. Сотувчилар билан тузиладиган шартномаларнинг кўпчилигида дарҳол ишдан бўшатиш каби моддалар бўлади, спонсорлар эса турли сабабларга кўра ўзлари тузган тузилмалардан бир зумда маҳрум бўлиб қолишлари мумкин. Сотувчилар (боя айтганимиздек, «консультантлар») мураккаб иерархиялар тизимининг бир шохобчаси бўлиб, улар бу иерархиялар устидан ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмайдилар.

Ўнинчи ёлғон: Тармоқли маркетинг молиявий пирамида эмас, чунки у маҳсулот сотиш билан шуғулланади.

Ҳақиқат: Фирма қандайдир бир маҳсулотни сотаётган бўлса, демак дунёнинг кўпчилик мамлакатларида қабул қилинган «пирамидаларга қарши» қонунлар унга тааллуқли эмас, деб бўлмайди. Масалан, АҚШ федерал ҳукумати анчагина зарур бўлган, талаб катта бўлган товарларни сотаётган баъзи «пирамида» фирмаларни ёпиб қўйган. Бу фирмалар молиявий пирамидаларга оид қонунларни бузганликда айбланиб ёпилган ва жиноий иш қўзғатилган. МЛМ фирмаларнинг жуда катта қисми амалдаги қонунчиликни бузади, бироқ ҳукумат томонидан таъқиб қилинмайди, чунки улар ярим яширин секторда фаолият кўрсатадилар.

Шахсий хулосаларим

МЛМ фирмаларнинг кўпчилиги потенциал ходимларнинг эътиборига лойиқ эмас. Системада сотувчиларга босим ўтказилиши натижасида улар ўз мижозларига ё мутлақо кераксиз, ёки ниҳоятда қиммат товарни «бир амаллаб» тиқиштиришга мажбур бўладилар. Сўнгги пайтларда кўпчилик МЛМ фирмалар ёппасига Интернетга ўтиб кетишди. Бироқ, улар ўша ерда ҳам соддадил фуқаролардан пул шилиб олиш тизими бўлиб қолаверадилар.
Мен қаердадир адолатли ва ҳалол ишлайдиган тармоқ маркетинги компанияси бордир, деб умид қиламан, лекин ҳали бунақасини учратмадим… Кўрганларимнинг ҳаммаси қуруқ кўзбўямачилик бўлди, холос. Учратиб қолсам, фақат хурсанд бўламан.

Robert Fitzpatrick (Роберт Фитцпатрик)
МЛМга нафратни севинг!

Тармоқли маркетинг...

 

Тармоқли маркетинг(сетевой маркетинг)нинг ҳукми қандай? Шуларнинг ичидаги «QuestNet» Тармоқли маркетинг(сетевой маркетинг)да ишласа бўладими? деган саволлар кўпайиб кетди. Тармоқли маркетинг ҳақидаги навбатдаги мақолани ҳукмларингизга хавола қиламиз.

Дунёда тармоқли маркетингнинг ҳар хил тури бор. Ҳар бирининг ўз йўналиши ва шартлари мавжуд. Шунинг учун уларга умумий фатво бериш анча қийин. Энди Қозоғистонда кейинги йилларда жуда кенг ривожланаётган «QuestNet» Тармоқли маркетингига келадиган бўлсак унинг иш олиб бориш тартиби қуйидагича:
Бир киши ишга кириши учун шу компаниянинг чекланган микдорда ишлаб чиқарилган маҳсулотдан бирини сотиб олиши шарт. Маҳсулотнинг энг арзони 670 доллар. Сўнгра у яна бошқа одамларни шу компания маҳсулотини олишга жалб қилиши керак. У одамлар ҳам хар бири иккитадан одам жалб қилади ва ҳоказо.... Шундай қилиб пирамида ҳосил бўлади. Компанияга тушган пулнинг маълум фоизини пирамидадаги одамга бериб турилади. Компания ўнга (ўнг ва чап томонига тенг учтадан) олти одам жалб қилинганда 250 доллар беради.

Кўпчилик Ислом уламолари «QuestNet» Тармоқли маркетингнинг иши фаолияти ҳаром деб фатво берганлар. Масалан Мисрдаги Ал-Азҳар университитетининг Ислом иқдисодиёти профессори Хусайн Шаххата, Қатар давлат университитетининг Ислом шариати факулитетининг профессори Али Муҳиддин, Саудия Арабистони фатво қўмитаси тармоқли маркетингнинг барча иш йўналишини ҳаром деб фатво чиқарганлар.

Биз шу ва қуйидагиларга асосланиб «QuestNet» Тармоқли маркетинги ҳаром деб ҳукм чиқардик ва бунга далилларимиз:

- Биринчидан... «QuestNet» компанияси савдосидаги маҳсулотларнинг ҳаммаси ҳам ҳалол эмас.
Бунда Христиан поплари суратлари солинган олтин буюмлар ва эркаклар учун тайёрланган тилла қўл саотлари бор. Лекин бу маҳсулотларни сен ўзинг олмасанг ҳам (ёки сотмасанг ҳам), мазкур маҳсулотлардан келаётган пулдан сенга улуш тегаётганлиги учун, ўз ҳисобинга ҳаром қўшилаётганлиги учун Исломда бу ҳаромдир.

- Иккинчидан... «QuestNet» компанияси савдосидаги маҳсулотлар саноқли бўлган коллекция килинадиган маҳсулотлардир. Шунинг учун унинг ҳақиқий баҳосини аниқлаб бўлмайди. Бу сотилаётган нарсаларга улар ўзларича нарх қўйиб олишади. Исломда ўз нархидан ўта қимматга сотиш ҳаром. Шариатда бу Ал-Габнул -фахиш термини билан аталади (Сади Абу Жайб “Ал-Қамусул-фиқҳи луғатан ва фиқҳан” Сурия "Дорул фиқҳ", 1998й)

- Учинчидан... Савдода маҳсулот сотишдан қоладиган фойда кўзланади. Агар бу фойда бўлмаса, сотилган маҳсулотдан фойда олинмаса бу аниқ ҳаром. Яна бир томони маҳсулотни олганда сен маҳсулот учун эмас, балки компанияга кириш учун пул тўлайсан. Бу ерда мақсад маҳсулот сотишдан қоладиган фойда эмас, балки одамлар жалб қилинганда тушадиган пулдан олинадиган фойда мақсад қилинади. Копманияга ишга кираётганингда асосий “мақсад маҳсулот эмас балки бизнес” деб тушунтирилади. Баъзида маҳсулот кечикканда “маҳсулот қани?” деб сўралса "маҳсулот учун юрибсанми? Маҳсулотни эмас, балки бизнесни уйлаш керак” дейишади.
Сўзмизнинг далили учун шуни айтиб ўтишимиз жоиз деб ўйлайман. Биздан шу ишнинг ҳалол-ҳаромлигини сўраб келган «QuestNet»га хизмат қилаётган одамларнинг баъзилари маҳсулотга пул тўлаб неча ой ўтса ҳам ҳануз маҳсулот ололмаётганининг гувоҳи бўлдик. Мақсад маҳсулот эмас балки жалб қилинаётган одамлардир.
Мана энди ўша сотиб олинаётган нарсадан мақсад бўлмаса унда нима учун пул тўланади? Сендан кейин жалб қилинган одамлар нима учун пул тўлайдилар? Сўнгра сендан кейин юзинчи ёки мингинчи одам жалб қилинган пайтда сенинг ҳисобингга келиб тушадиган пулни қайси ҳалол меҳнатингни эвазига топдим дейсан?
Одамларнинг асосий эҳтиёжини қондирмаган, тинч-фаровон ҳаёт кечириши учун зарур бўлмаган турли қимматбаҳо маҳсулотларни ҳар хил йўллар билан қизиқтириб сотиш орқали халқ фаровончилигига қандай улуш кўшасан? (фойдасини кўзлаб зарарига сотиш тўғрисида кейинроқ тўхталамиз)

Шу жойда жалб қилинган одам пулига барибир қанайдир тилла буюм олади-ку, деб важ келтирилиши мумкин. Уларга жавобимиз шундай, агар компанияга жалб қилиниб уни маҳсулот сотиб олиш шарти бўлмаганида биринчи эхтиёж маҳсулоти булмаган нархи ноаниқ яна етказиб бергани учун 60 доллар тулаб шундай қимматбахо маҳсулотни олармидингиз деган саволга “Йўқ” деб жавоб берар эдингиз. Бизга келиб шу ишнинг ҳалол-ҳаромлигини билмоқчи бўлиб келган талабаларлар берган пулларини кирими шаклида енгилликлари бор, саёҳат карточкаларини олганликларини бу карточкаларнинг жуда фойдали эканлигини уқтирадилар. Уларга бу сизларга керакмиди, деган савол қўйилди...
Ҳозир йўқ келажакда бойиб кетсак керак бўлиб қолиши мумкин дегандей жавоб қайтардилар. Демак сенинг бундай карточкага ҳожатинг йўқ.
Хулоса, «QuestNet» мақсади маҳсулот сотиш эмас.

- Туртинчидан... «QuestNet» тармоқли маркетингида алдаш-авраш, одам ишончига турли йўллар билан таъсир қилиш бор. Пайғамбаримиз с.а.в “Ким бизни алдаса у одам биздан эмас” деб алдашнинг хатолигини эслатиб, бу иш мусулмонга ёт эканини тушунтирганлар. Бу компанияга ёлланиш учун у одам компаниянинг 670 долларлик бирор маҳсулотини олиши шарт. Энди у киши ўзи тўлаган пулни қайтариш учун камида 18 та одамни шу компанияга жалб қилиши ва ҳар бирини 670 долларлик маҳсулот олишга кўндириши керак. Акс ҳолда пули совурилди деган гап. Бунинг учун у одам кундалик ҳаёт учун зарур бўлмаган бу маҳсулотни сотиш учун ҳар хил реклама ва шунга ўхшаш ишларни қилишга мажбур бўлади.

Компания одамларни қандай жалб қилишни ўргатадиган «11 босқич» деган китоблар ва дисклар тайёрлаган. Буни тайёрлашда одам психологиясини яхши биладиган мутахассислар ишлашган. Бу китоблар ва дискларда одамни қандай ўз йўлига юргизиш ва тезда кўндириш, агар пули бўлмаса қарз олиш ёки бирор нарсасини сотишга қандай эришиш мумкинлиги ёки бўлмаса психик мажбурлаш усуллари аниқ ёзилган. Унда албатта қандай усулда гапириш ва кўндириш одам психологиясига таъсир қилиш йўллари келтирилган. Одам тармоқли маркетинг билан танишувга чақирилади. Таниш одам келганидан кейин презентатор маркетинг тўғрисида умумий тушунтириб ўтади. Кейин бошка киши келиб тўликроқ тушунтириб кетади Тушунтирган одамни Follower дейилади follow ортидан қолмай қадалиш маносини билдиради. Одамни жалб килишда унинг хизмати катта бўлади. Эртаси куни яна ҳар хил баҳона билан чой ичамиз, гаплашамиз, бир нарса кўрсатаман деган баҳоналар билан мўлжалдаги одам таклиф килинади ва бу киши мўжалдаги одамга билдирмаган ҳолда ўзининг лидерларидан бирига келиб яна иш тўғрисида тушинтириб беришини сўрайди. Танишлар учрашиб гаплашиб турган пайтда лидер «қўққисдан» келиб қолади. Таклиф килинган одамга бу киши ҳам шу компанияда ишлаши айтилади. Энди аврашни лидер бошлайди бир вақтлар пулсиз бўлганини, шу ишни бошлаганидан кейин машина олганини ва муаммосиз яшаётганини айтиб беради. Follower камида ҳар хил лидерлар билан у кишини 4 марта учраштиради. Аврашлар натижасида қандай қилиб эҳтиёжи бўлмаган қимматбаҳо буюмни сотиб олганини билмай қолади. Кимдан қарз оламан деса улар “Агар пулинг бўлса кимларга кўмаклашган бўлар эдинг. Шуларнинг рўйхатини туз” (100 дан кам бўлмаслиги керак)дейди. Кейин “Энди шу кишилар сенга неча пул ёрдам қила олади? Шуни ёз” дейди. Кейин эса “Шу кишилардан қарз ол” дейди. “Сабаби сен ҳозир қийин аҳволда турибсан, тақдирингни ҳал қиладиган бизнесга кира олмай турибсан” деб қарз олиш йўлини кўрсатиб беради.

«11 босқич» китобининг 21 бетида бундай дейилган «Одам пул топган маҳалда сен унинг айниб колмагунича дарров пулни ол». Бу дегани кишини муайян бир ишга мажбурла дегани. Исломда бундай савдо йўқ. Шу китобнинг 20 бетида «Одамнинг бизнинг таклифга “йўқ” деган жавоби ишимизнинг бир бўлагидир. Бизнинг вазифамиз “Йўқ, керак эмас” деганни “Хўп, менга шу керак” деган жавобга ўзгартириш» дейилган. "Керак эмас"ни турли авраш ва алдов йўллари билан "керак"га ўзгартириш Исломда ҲАРОМ. Шариатда бу таъқиқланади.

Одам психологиясига таъсир қилинганидан сўнг уйидаги ёлғиз сигирини сотиб, кредит олиб қарзга ботганлар ҳам кўп . Сўзимизнинг далили сифатида икки талабанинг бошидан ўтганини қуйида айтиб ўтамиз:

Исмим Эльвира

Мен Қозоғистон университетнинг 2 курсида ўқийман. «QuestNet» компаниясига ишга келганимга кўп бўлгани йўқ . Мени у ерга энг яқин дўстим чақирган. Мен бу ишни эшитган пайтимда шу ишга кирмасам ўз кўзлаган мақсадимга ета олмайдигандай бўлдим. Кейин пул излай бошладим. Кўп ердан пул изладим. 80000 тангани ҳеч қаердан топа олмадим. Кейин овулимга бориб ота-онами кунига яраб турган ёлғиз сигирни сотишга мажбурладим. Ота-онам мендан нимасини аясин, сутини соғиб ўтирган сигирини бозорга олиб чиқиб сотиб беришди. Ҳозир улар қора чой ичиб ўтришибди (изоҳ: қозоқларда чойга сут қўшиб ичилади). Мен ишга жойлашсам ўз жамоамни йиғиб, сигирни пулини қайтариб, орзуларим ушалади деб ўйлаган эдим, лекин мен ўйлаганидек бўлмади. Бу ерга одам ўзининг энг яқин дўстига ишониб киради ва яна орзуларинг ушалишини ўйлаб бу ишдан чиқиб кета олмасдан юраверасан!!! Мен ёш талабаларга шуни айтмокчиман: “Бу ишга кирманглар. Мен хато килдим. Сизлар такрорламанглар. Сабаби ҳар қандай одам ўз орзусига ўз ўрни билан, тоза йўл ва ҳалол меҳнати билан етиши мумкин!!

Менинг исмим Дониёр.

Абулайхон номли халкоро университетининг 3 курсида ўқиганман. 2008 йил одамларнинг қизиқтиришлари билан шу компанияга жалб қилиндим. Келиб қолишимни сабаби ҳаётимни яхши томонга ўзгартирмоқчи бўлдим . Бироқ нимага етишдим?
Биринчи - 7 ойда 250доллар пул олдим (80000 сарф қилиб (изоҳ: 80000 ўша пайтда 670 доллар, 2008 йилги курс)
Иккинчи - Бутун вақтимни йўқотдим,
Учинчи - Дўстларидан айрилдим,
Тўртинчи - Ўқишдан чиқдим
Ёшларнинг бу ишга кирмасликларини сўрайман. Сабаби келган одамлар афсусланиб юришибди. Мен ва менинг жамоам афсусланганимиздан бу ишни тўхтатганмиз.

- Бешинчидан... Маркетингнинг бу турини бошлаган одамлар фойда куриб кейингилари унитилади. Кейингиларнинг пулларини олиб фойда кўриш Исломда ҳаром.
Тўлиқроқ тушунтирсак бир бирига боғланган бу тармоқли маркетинг (сетевой маркетинг) маълум вақтга келиб ўз-ўзидан тўхтайди. Чунки Аллоҳдан ўзга ҳеч нарса мангу эмас.
Унинг тўхташ сабаблари:
Компания бошидаги одамлар судланса ёки бошққа бизнеслари юришмай колса ёки мамлакат иқтисодига катта зиён келтирса, ёки уруш бўлса бу маркетинг тухтайди.
Шунда пирамида бошида турган бошлиқлар ўз пулларини чиқариб олишади ва кейинги одамларни пуллари йўқ бўлади.
Математика йўли билан ҳисоблаб чиқсак, масалан бу маркетингга 2047 одам жалб килинган. Энди турли сабаблар билан бу иш тўхтаса, 2047 та одамдан 127 таси ўз пулларини чиқариб олиб фойда кўриб, 128 та одам 500 доллардан, 256 та одам 250 доллардан олар экан. 1526 та одам пулларининг бир тийинини ҳам қайтиб олишаолмайди. Умумий олганида 127 та одам фойда топиб 1920 та зарар кўради. Бу 2047 одамнинг пуллари 1371490 доллар пул шу пирамидани қурган кишиларнинг чўнтагига тушар экан. Мана энди 1920 одамнинг пулини, вақтини, қувватини, бола-чақасининг ризқини қийиб 127 та одамгагина фойда олиб келадиган бундай савдо тури диндан ташқари одамгарчилик юзасидан тўғри эмаслиги сўзсиздир. Қуръони каримда “Эй имон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йул билан еманг” (Нисо сураси 29 оят) дейилган.
Юқорида келтирилган ҳисобда 1 концессия (670доллар) билан кириб фақатгина 2047 одам ҳисобланди. (Эслатма: Ушбу системада анча вақтдан бери ишлаб юрган одамлар тамонидан ҳисобланган) Ҳозир Қозоғистонда (06.02.09) QI компаниясида 6000 га якин одам жалб қилинган ва 4 000 000 АКШ долларидан ортиқ пулнинг чет элга чиқиб кетганлиги тўғрисида маълумот бор.

Айрим одамларнинг фойда кўриши, айримларининг зарари ҳамда ўзининг амалдаги вазифаларини қилмаслик, яни оиласини унутиш, тармоқли маркетингга овора бўлиб ўз касбига эътибор бермай қўйиш ҳам қиморга киради. Бунинг ҳукми ҳам ҳаром.

- Олтинчидан... Бу халқ иқтисодиётига ҳам ўта зарарлидир. Ҳақиқий нархи ноаниқ, сотиб олган одамлар учун зарурий бўлмаган ва уларнинг ҳаёт кечириши учун мутлақо кераксиз киммат коллекция маҳсулотларни турли йуллар билан халққа сотиб, унинг пулларни четга чиқариб юборилиши қанчалик иқтисодиётга зарарлигини айтмаса ҳам бўлади. Бу компанияга жалб қилинган одамлар сони 5-6 млн. га етганида ташқарига чиқиб кетаётган пулнинг ҳажмини ҳисоблаш қийин эмас. Ҳозирги кунда бунинг мамлакат иқтисодиётига жуда зарали эканини тушинишимиз керак. Миллионлаб пулларнинг чиқиб кетаётганини билган Шри Ланкага ўхшаш бир қанча давлатларда савдонинг бу тури таъқиқланган.

- Еттинчидан... Маркетингга жалб қилинган кишиларнинг сони кўпайган сари бошқа ишларда кадрларнинг сони камаяди. Шундан кейин тенглик йўқола бошлайди ҳамда одамлар қийин ишларни қилгиси келмай қолади, яъни осон пул йўлига ўтишади. Одамлар керакмас нарсаларни сотиш билан пул топгани учун қўл кучи, илми билан мамлакат иктисодиётига фойда келтирмай қўяди.
Кишиларни шу ишга жалб қилинаётган вақтда, “Сен муаллимсан, сен инженерсан топишинг жуда кам. Бизга қўшилсанг бой бўласан. Муаммосиз ҳаёт кечирасан” деб одамларни ўзи танлаган касбларидан, хизматидан, ўқишидан қайтаришади.
«11 боскич» нинг 20 бетида «одамларни бу ишга жалб қилишда одамларни ўзи қилаётган иши ёки бошқа ишлар билан солиштириб кўр » дейилган. Ҳамда бу иш жуда кўп фойда келтириши, бу ишда бошқа ишларга нисбатан кўпроқ пул топиш мумкинлиги айтилади.
Кўпчилик талабалар шу иш билан шуғуллана бошлаганидан кейин ўз ўкишларини ўзлаштира олмай қолганликлари, уйқулари йўқолганлиги, бошқалари эса ўқишнинг кераги йўқ деб уйлаб қолишлари ва ташлаб кетишлари маълум бўлди . Агар ҳамма шу иш орқасидан қувиб кетса унда халқ хўжалиги учун керак бўлган мутахасисларнинг хизматини ким бажаради?
Шу ишга боғлиқ бошқа савол:
Шу иш билан шуғулланаётган баъзи бир талабалар шу иш орқасидан пул топиб ночорларга кўмаклашаётгани айтиб ишнинг бу йўналиши тўғри эканини таъкидлашади..
Бунга жавоб:
Исломда ният қандай бўлса унга олиб борадиган йўл ҳам шундай тоза пок бўлиши керак. Исломда бировларни қақшатиб бир неча одамга яхшилик қилиш йўқ.
Ҳадис: “Аллоҳ пок ва у пок ишларнигина қабул қилади”

Qi маркетингида келтирилган ишларнинг ҳаромлиги сабабли бошка тармоқли маркетинг (сетевой маркетинг) ёки савдо турларида шу ҳаракатлар ёки йўналишлар топилса уларнинг ҳам Ҳаром эканлиги сўзсиздир.

Қайрат Жолдибой ўғли. Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ахборот – насиҳат бўлимининг бошлиғи.
Манба: Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг расмий сайти

 

Your are currently browsing this site with Internet Explorer 6 (IE6).

Your current web browser must be updated to version 7 of Internet Explorer (IE7) to take advantage of all of template's capabilities.

Why should I upgrade to Internet Explorer 7? Microsoft has redesigned Internet Explorer from the ground up, with better security, new capabilities, and a whole new interface. Many changes resulted from the feedback of millions of users who tested prerelease versions of the new browser. The most compelling reason to upgrade is the improved security. The Internet of today is not the Internet of five years ago. There are dangers that simply didn't exist back in 2001, when Internet Explorer 6 was released to the world. Internet Explorer 7 makes surfing the web fundamentally safer by offering greater protection against viruses, spyware, and other online risks.

Get free downloads for Internet Explorer 7, including recommended updates as they become available. To download Internet Explorer 7 in the language of your choice, please visit the Internet Explorer 7 worldwide page.