|
Мусулмонлар қизил ва қора икра ейиши мумкинми? |
Савол. Мусулмонлар икра ейиши мумкинми?
Жавоб. Олдин шуни таъкидлаб ўтиш керакки, ҳалол ва ҳаром нима эканлигини билиш мусулмон киши билиши лозим бўлган биринчи галдаги билимлардан ҳисобланади. Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Эй Каъб ибн Ужра, ноҳақ – ҳаромдан ўсган гўшт (жасад) жаннатга кирмайди» (Ибн Ҳиббон ривояти).
Шариат тирик ва ўлик ҳайвонлар ўртасида аниқ чегара тортади. Ўлимтак гўшт инсон учун қатъиян ман этилади. Бундан ташқари, одамларга чўчқа, ит, мушук ва йиртқичларни ейиш тақиқланган. Аммо тўрт мазҳабнинг ҳар бири ўз тамойиллари ва нозик жиҳатлари борлигини таъкидлаш муҳимдир. Ҳанафий мазҳабга кўра, сувда туғилиб яшайдиган ҳайвонлар ҳаромдир, фақат балиқ истиснодир. Балиқларнинг барча турлари ҳалолдир, фақат ташқи сабабсиз денгизда табиий ҳолда вафот этган балиқ ҳаром. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Денгиз (соҳилга) чиқариб ташлаган ёки ундан сув пасайганларини еяверинглар. Аммо унда ўлган ва сув юзига қалқиб чиққанини еманглар” (Абу Довуд, Ибн Можа ва Дорақутний ривояти) Шундай қилиб, хулоса чиқариш мумкинки, мусулмонларга барча денгиз жонворларидан фақат балиқни истеъмол қилиш рухсат этилган, демак, балиқ икрасини ҳам ейиш мумкин. Бундан ташқари, ҳайвонларни шариат бўйича сўйишнинг барча қоидаларига риоя қилмасдан балиқ ейишга рухсат этилади. |