Олти ой кўришмаса никоҳ ўқитиладими? |
Қизимнинг турмуш ўртоғи беш ой олдин узоқ сафарга кетган эди. Баъ-зиларнинг айтишига қараганда эр ва хотин олти ой давомида кўришмаса, қайтадан никоҳ ўқитиш керак эмиш. Ҳақиқатан ҳам шундайми?
ЖАВОБ (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ): Йўқ, ундай эмас. Ораларида талоқ масаласи кўрилмаган бўлса, бундай гапни кўтаришнинг ҳеч ҳожати йўқ. Турмуш тақозоси ва яна баъзи бир сабабларга кўра орада айрилиқ тушиб, икки тараф бунга рози бўлсаю, талоқ масаласи кўрилмаган бўлса, ўз-ўзидан талоқ тушиб қолиши мутлақо мумкин эмас. “Олти ой эр-хотин бир-бирини кўрмаса, талоқ тушиб қолади”, деган гап ҳам катта мусибатларимиздан бири. Бу ҳам саводсиз кишиларнинг шариатга аралашиши ва ўзини билимдон кўрсатиш учун қилган нотўғри ҳаракати оқибатидир. Бундай нарсалар кишиларни ташвишга солиб, шубҳалантиришга олиб келади. Бунга қуйидагича ҳолат ҳам далилдир. Бир эркак ўз ихтиёридан ташқари мажбур бўлиб сафарга кетган. Оила қаттиқ ташвишланмоқда. Сабаби – аёлнинг қариндошлари, балки эр-хотиннинг ўзлари ҳам олти ой кўришмаса талоқ тушиб қолармикин, деган ўйдалар. Кўп кишилар ана шундай ташвишга тушишяпти. Гапнинг эса ҳужжат-далили йўқ. Бунинг яна кўпчилик эътибор бермаётган оғир бир мусибати бор: мана шундай тарзда бошқа ёққа кетган кишилар бир муддатдан кейин қайтиб келмаса, «Энди олти ойдан кўп вақт ўтди, талоқ тушган бўлса керак», деган гумон билан хотиннинг бошқа эрга тегиб кетиши ёки келиннинг ота-оналари эрга бериб юбориш ҳолатлари ҳам бўлмоқда.
|