|
Совундаги моддаларнинг ҳукми |
Савол: Совун таркибида чўчқа ёғи каби нажосатлар мавжуд деб эшитдим. Диннинг бунга ҳукми нима?
Жавоб: Таркибида чўчқа ёғи мавжуд совунлар, нажосат моддалар аралашган пишлоқлар сотувда топилади. Бунинг ҳукми бир нарсанинг бошқа ҳақиқатга айланиши ва ўзгариши масаласига тааллуқли бўлади. Бу тўғрида икки имомимиз Абу Юсуф ва Муҳаммадлар ихтидлоф қилишган. Имом Абу Юсуфга кўра нарса ҳақиқатининг ўзгариши уни покламайди. Имом Муҳаммад раъйларича бу билан нарса покланади. Чунки Шореъ унга ишлатган нажосатлик сифати кетиб, бошқа нарсага айланди. Масалан ҳайвонлик ва ўлганлик сифати балан нажосат ҳисобланган ҳайвон тузга айланиш билан тоҳир ва пок бўлди. Чунки унинг нажосатлигига ҳукм берган ҳақиқати энди мавжуд эмас. Мазҳаб уламолари бу тўғрида имом Муҳаммаднинг мазҳабларини ихтиёр қилишган ва фатво шунга дейишган. “Ҳидоя” шарҳи “Фатҳул Қодир”да шундай дейилади: “Аксар машойихлар имом Муҳаммаднинг қавлини ихтиёр қилишган. Чунки шариат нажосат сифатини ўша ҳақиқатга нисбатан ишлатди. Унинг айрим бўлакларида ушбу ҳақиқат йўқолиши билан бу ҳақиқат ҳам йўқ бўлади. Агар мазкур ҳақиқатнинг ҳаммаси йўқолсачи? Шундан келиб чиқиб нажас бўлган ёғдан тайёрланган совуннинг пок эканлигига ҳукм қилинади. Ибн Обидийн “Мужтаба”дан нақл қилиб шундай дейдилар: “Нажосат ёғ ишлатилган совуннинг пок эканлигига фатво берилган. Чунки бу ўзгаришдир. Ўзгариш эса имом Муҳаммадга кўра поклагувчидир. Балва [1] бўлгани учун шунга фатво берилган. Ўлган ҳайвоннинг ёғи ҳукми ҳам шундай” . Сўнг “Муня”дан нақл қилиб шундай дейдилар: “Шундан маълум бўляптики, ҳайвоннинг нажосат бўлган ёғидан олинган совун, у ҳайвон чўчқа ё бошқаси бўлса ҳам, покизадир. Ҳанафийя мазҳабида ихтиёр қилинган қавлга биноан уни истеъмол қилишга шаръан монеълик йўқдир. Шампуннинг ҳукми ҳам совунникидекдир.” Бу масалага пишлоқ, хамиртурушларга қўшилган оз миқдордаги нажосат ёғлар ёки моддаларни ҳам қиёс қилса бўлади. Аммо у нарсаларни ҳақиқати ўзгармаган ҳолда, айнан ўзини истеъмол қилиш жоиз эмасдир. Шайх, қози Муҳаммад Тақий Усмоний шундай дейдилар: “Агар чўчқадан ажратиб олинган модданинг моҳияти кимёвий йўл билан ҳақиқати батамом ўзгартирилиб, бошқа нарсага айлантирилган бўлса унинг ҳаромлиги ва нажосатлиги йўқолади. Агар ҳақиқати ўзгармаган бўлса, ҳаромлик ва нажосатлигича қолади. Чунки ҳанафийлар наздида ҳақиқатнинг ўзгаришининг поклик ва ҳаромликнинг кетишида таъсири бордир”.
Валлоҳу аълам
Мубашшир Аҳмад
|