Эркаклар уйда бўлмаса, масалан, узоқ сафарга кетган бўлса, аёл киши хўроз-товуқларни сўйса бўладими?
ЖАВОБ: «Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳунинг Салъ тоғида қўйини боқадиган чўри қизи бор эди. Бир қўй оғир ҳолга тушиб қолди. Қиз бориб уни тош билан сўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўралган эди, уни еяверинглар, дедилар» (Бухорий) Демак, аёл киши ҳайвон сўйса ҳам бўлар экан. Тош билан сўйса ҳам бўлар экан. Аммо сўювчи мусулмон ёки китобий бўлиши шарт. Агар у аёл киши, мажнун, ақлини таниган ёш бола, хатна қилинмаган ва соқов бўлса ҳам. Аммо аҳли китоб бўлмаган, муртад ва «бисмиллаҳ»ни қасддан тарк қилувчи сўйса, ҳалол бўлмайди. Сўйилган ҳайвоннинг ҳалол бўлиши учун «Бисмиллаҳ» айтилишидан кейинги иккинчи шарт сўювчига қўйилган. «Сўювчининг мусулмон ёки китобий бўлиши шарт»лиги ҳақида ҳам қисқача гапириб ўтайлик. Сўювчининг мусулмон бўлиши ва сўйиш пайтида «Бисмиллаҳ»ни айтиши шартлиги ҳаммага маълум. Аҳли китобнинг сўйгани ҳалол бўлиши Моида сурасидаги: «Бугунги кунда сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир» ояти каримасига биноандир. Булардан бошқаларнинг, жумладан, муртад ва динсизларнинг сўйиши эса ҳаромдир. Аҳли китобнинг аёллари сўйган нарса ҳам, худди муслима аёллар сўйган нарса каби ҳалолдир. Шунингдек, балоғатга етмаган болаларники ҳам. Исломда аёл кишини ўзига хос бўлмаган ишга таклиф қилиш яхши иш ҳисобланмайди. Одатда ҳайвонларни сўйиш иши ҳам аёллларнинг латофатларига зид иш ҳисобланганидан улар эҳтиром юзасидан сўйиш ишларига таклиф қилинмаган. Аммо аёл кишининг сўйган сўйиши, агар аёл ҳайз кўрган ҳолда бўлса ҳам, жоиз. Эркак кишининг сўювчи бўлиши мустаҳаб, холос. Чунки у аёл кишидан кўра сўйиш ишларига муносиброқ (Аллоҳ билувчидир).
|