|
Тамаки ҳақида нима дейилган? |
Савол: Маълумки, Исломнинг илк даврида сигарет ҳам, нос ҳам бўлмаган. Фиқҳ китобларида ана шу икки иллат ҳақида нималар дейилган?
Жавоб: Набий (с.а.в.) даврларида ҳам, саҳобалар ва тобеъинлар даврларида ҳам сигарет ва нос йўқ эди. Шунинг учун ҳам Китоб ва суннатда улар ҳақида очиқ айтилмаган. Аммо Қуръон ва ҳадис қиёматгача инсониятга ҳодий экан, бундай бир салбий моддалар ҳақида ҳеч гап айтмаган, дейиш тўғри эмас. Бошқа кўпгина хусусларда бўлгани каби тутун ва нос тўғрисида ҳам ҳар иккала манбада ишоралар бор. Умму Салама онамиз дейдилар: «Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳар қандай маст қилувчи ва баданни бўшаштирувчи, заифлаштирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтарар эдилар». Нос ва тамаки соғлом одамни касал қилишини, кучлини заифлаштиришини ҳамма, ҳатто уларни чекаётганлар ҳам билишади, тан олишади. Имом Аҳмад ва Ибн Можалар ривоят қилишган бошқа бир ҳадисда: «Исломда ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар етказиш йўқ», дейилган.
"Динда саволим бор" китобидан
|