|
Ҳайвон сўйишга оид ҳукмлар қайсилар? |
Савол: Ҳайвонларни сўйишнинг бир неча шаръий ҳукмлари бор экан. Шулар ҳақида маълумот борми?
Жавоб: Аллоҳ таоло бизларга ато этган ва истеъмолини ҳалол қилган ҳайвонларнинг гўшти фақат шаръий йўл билан сўйилганидагина ҳалол бўлади. Ҳайвонларни шаръий сўйиш усули бундай: улар сўйиладиган жойга олиб келингач, оёқлари боғланиб, калласи қиблага қаратиб ётқизилади (бу амал мустаҳабдир). Бунгача пичоқларни ўткирлаб, олдиндан тайёрлаб қўйиш керак. Чунки ҳайвон ётқизилганидан сўнг пичоқларни ўткирлаш макруҳдир, бунда мол озорланади. Бевосита пичоқ тортишдан олдин қассоб «Бисмиллаҳи, Аллоҳу акбар», деб ҳайвоннинг ҳиқилдоғи ёнидан, бўйин тарафидан (яъни, кўкрак томонидан) пичоқ тортади. Пичоқ тортишда тўрт нарса – қизилўнгач, икки қон томири ва кекирдак кесилиши керак. Ҳайвоннинг жони батамом чиқиб бўлгунича умуртқа томирига пичоқ теккизилмайди, териси шилинмайди, калла батамом узилмайди. Ҳайвонни сўйишга ётқизишдан олдин бошига болға ё ўткир найза уриб ёки электр токи ёрдамида йиқитиб сўйиш шаръан мумкин эмас. Бу усуллар билан сўйилган ҳайвон гўштини еб бўлмайди. Сўйилган ҳайвоннинг саккиз аъзосини – безлари, эркаклик аъзоси, урғочилик аъзоси, орқа йўлининг охири, мояклари, сўйилганида томирдан отилиб чиққан қони, ўт пуфаги, сийдик пуфагини ейиш мумкин эмас. Сўйилган ҳайвон терисини шилишдан олдин оғиз билан пуфлаб шишириш макруҳдир. Бунда дам ургичдан фойдаланиш мумкин.
"Динда саволим бор" китобидан
|