|
Савдонинг одоблари қайсилар? |
Савол: Савдо-сотиқ (байъ)да ҳам маълум одоблар борлигини эшитдим. Булар қайсилар?
Жавоб: Тожирлик – касбларнинг энг яхшиси ҳисобланади. Савдо-сотиқнинг ҳам алоҳида одоблари бор. Улар қуйидагилар: 1. Сидқи муомала. Яъни, молни нави, жинси, масдари ва харажатлари ҳақида ёлғон аралаштирмай, ҳақиқий сифати билан тавсифлаш. Имом Термизий Руфоъадан (р.а.) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар (с.а.в.) бундай дейдилар: «Албатта тожирларнинг Аллоҳ сақлаган, гўзал муомалали ва ростгўйларидан бошқалари фожирлардан бўлиб қайта тириладилар». 2. Муомалада бағрикенг бўлиш. Яъни, сотувчи нархдан тушиб, олувчи ошиқроқ тўлаб ҳиммат қилиш. Имом Бухорий Жобирдан (р.а.) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: «Сотганда, сотиб олганда ва қарзини талаб қилганда хушмуомала бўлган кишига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин». 3. Гарчи сўзи рост бўлса-да, қасам ичишдан тийилиш. Байъда Аллоҳ номи билан қасам ичишдан мутлақо тийилган маъқул. Аллоҳ таоло: «Яхшилик қилиш, тақводор бўлиш ва одамлар орасини ислоҳ қилиш (каби амаллардан тўсадиган) қасамларингиз учун Аллоҳни баҳона қилмангиз» (Бақара сураси, 224-оят), дейди. Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилишган ҳадисда шундай дейилади: «Қасам молни бозоргир қилса-да, баракасини кетказади». 4. Хайр-эҳсонни кўпайтириш. Савдогар савдоси асносида воқеъ бўлиб турадиган камчиликларига каффорат бўлиб туриши учун садақа, хайр-эҳсонни кўпроқ қилиб туриши мустаҳабдир. 5. Қарзни ёзиб қўйиш ва унга шоҳид қилиш. Келишув ва кечиктирилган қарзнинг миқдорини ёзиб қўйиш мустаҳабдир. Бу одоблар мусулмон киши билиши лозим бўлган нарсалардандир. Зеро, ҳазрат Умар (р.а.): «Бизнинг бозорларимизда динда фақиҳ бўлган (хусусан, тижоратнинг шаръий аҳкомларини билган)ларгина савдо қилсин», деганлар.
"Динда саволим бор" китобидан
|