Кесак ейиш мумкинми? |
Савол: Бир ўртоғим кесак ейишини, шусиз ёмон аҳволга тушиб қолаётганини гапирди, мен уни бу ишдан қайтардим. «Инсон тупроқдан яралган, шунинг учун Исломда кесак ейиш ҳаромдир», дедим. Мен тўғри қилдимми? Балки ўртоғим тиббий жиҳатдан беморлиги туфайли шунга эҳтиёж сезаётгандир? Жавоб: Инсон озуқа ё даво сифатида истеъмол қиладиган барча нарса унинг руҳи ва жисмига таъсир этиши муқаррар. Шунинг учун ҳам Ислом еб-ичиш масаласига жиддий эътибор беради. Ислом халқум поклигини, ҳалол еб, ҳалол касб этишни инсонга энг улуғ фарз этиб, жисм ва руҳга зарар берувчи барча нарса истеъмолини ҳаром деб эълон этган. Тоҳа сурасининг 81-оятида шундай дейилади: «Сизларни баҳраманд қилган пок ризқларимиздан енглар ва уларга (шукр қилмаслик билан) ҳаддан ошмангларки, у ҳолда устингизга Менинг ғазабим тушар. Менинг ғазабим кимнинг устига тушар экан, у муҳаққақ ҳалок бўлур». Мужтаҳид уламоларимиз тупроқ ейишни ман қилганлар. «Жунг» китобида «Тутун (чекиш) тупроқ ейиш каби ҳаром», дейилса, «Фатовои Қозихон» асарида «Тупроқ ейиш кариҳдир. Зеро, унинг истеъмоли зарарлидир. Зарарли нарсани истеъмол қилувчи ўзининг қотилидир», дейилади. Шунингдек, «Мажмуъ-ул фатово» ва «Фатовои Сирожийа»ларда ҳам тупроқ ейиш ножоизлиги таъкидланган. Демак, тупроқ ейишнинг ножоизлиги сабаби унинг инсон жисмига зараридир. Шаръан ҳаром нарсалар истеъмолининг, жумладан, тупроқ ейишнинг тиббий зарурати бўлса, буни фақат хозиқ табиблар тавсия қилганларида ва шунда ҳам унинг эвази бўлмаса, шаръан жоиз, дейилади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қиладилар: «Аллоҳ таоло дардларингиз шифосини сизларга ҳаром қилган нарсаларда қилмаган». Сиз ўртоғингизни тупроқ ейишдан қайтариш билан динимиз асосларидан бирига – наҳий мункарга амал қилиш даражасига ноил бўлгансиз. |