Соф ипак ва олтин фақатгина эркакларга ҳаромдир |
Ислом, безанишни мубоҳ қилиш ва ҳатто бевосита кишилардан буни талаб қилиш билан уни ҳаром деб билган баъзи қарашларни рад этади. Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади: "Айтинг (эй Муҳаммад): "Аллоҳ бандалари учун чиқарган безак (либосларни) ва ҳалол-пок ризқларни ким ҳаром қилди?!" (Аъроф сураси-32). Аммо шу билан бирга Ислом аёлларга ҳалол, эркакларга ҳаром қилинган икки тур зийнат бор. Биринчиси: Олтин билан безанишлик. Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу нинг шундай деганлари ривоят қилинади: "Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи вассалом ипакни ўнг қўлларига, олтинни сўл кўлларига олиб марҳамат қилдилар: Бу иккиси умматларимнинг эркакларига ҳаром қилинди". (Аҳмад, Абу Довуд, Насоий, Ибн Ҳиббон). Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу , пайғамбар саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг шундай амр қилганларини эшитдим дейдилар: "Ипакни кийманглар. Зеро, буни бу дунёда кийганлар охиратда кия олмайдилар". (Бухорий, Муслим). Ҳазрати пайғамбар ипак кийими ҳақида шундай дедилар: "Бу яхшилик ва хайрдан насиба бўлмаганларнинг кийимидир". (Бухорий, Муслим). Бир куни пайғамбар саллаллоҳу алайҳи вассалом бир кишининг бармоғида олтин узук кўриб уни чиқариб отди ва дедиларки: "Ҳар қайсингиз ловуллаб турган оташ парчасини қўлингизда тутмоқдасиз". Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи вассалом у ердан айрилгач, баъзи кишилар унга узукни олиб фойдаланишини маслаҳат бердилар. У одам айтдики: "Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом уни олиб отганларидан кейин валлоҳи, уни олмайман". (Муслим). Баъзи исрофчи кишиларнинг ёнида кўрганимиз олтин қалам, олтин соат, олтин чақмоқ, олтин сигарет қутиси, олтин қоплама тиш ва шунга ўхшаш нарсаларнинг барчаси олтин узук ҳукмидадир. Кумуш узук тақишликни пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалом эркаклар учун ҳалол билганлар. Имом Бухорий Ибн Умардан келтирган ривоятда шундай дейилади: Расулуллоҳ (с.а.в:)нинг кумушдан бир узуклари бор эди. Кейин ҳазрати Абу Бакр ва ҳазрати Умар таққанлар. Арис кудуғига тушган кунгача эса ҳазрати Усмоннинг бармоқларида эди". (Бухорий). Темир ва бошқа маъданлардан фойдаланиш ҳақида ҳеч бир далил йўқ. Аксинча, "Саҳиҳий" Бухорийда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг уйланмоқчи бўлган бир кишига: "Темир узук бўлса ҳам бир нарса топ" деганлари қайд қилинган. Имом Бухорий темир узукни ҳалол эканлигига бу ҳадисни далил сифатида кўрсатган. Ислом дини соғлиқ ҳолати ижоб этган ва зарурий бир эҳтиёж бўлган тақдирда ипак кийишликк рухсат беради. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом Абдурраҳман ибн Авф ва Зубайр ибн Аввом каби саҳобаларга уларда қичима хасталиги бўлганлиги учун ипак кийим кийишларига изн берган. (Бухорий) СОФ ИПАК ВА ОЛТИННИНГ ЭРКАКЛАРГА ҲАРОМ ҚИЛИНИШИНИНГ ҲИКМАТИ Ислом бу икки нарсани эркакларга ҳаром қилишлик билан ахлоқий ва тарбиявий олий бир мақсадни кўзда тутади: у жиҳод ва кувват дини бўлган Ислом эркакнинг эркаклигини муҳофаза этишни истайди, яъни, заифлининг ва бошқаларнинг олдида бўйин эгиб паришон бўлишлик аломатларидан асрайди. Аллоҳ таоло яратилишдаги биологик жиҳатдан аёллардан кучлироқ ва устунроқ қилган эркакларга хотинларга ўхшаб турли безаклар билан мақтанишлик ҳеч ярашмайди. Бу ҳаром қилишликнинг ортида ижтимоий бир ҳадаф ҳам бор. "Биз қайси бир қишлоқ-шаҳарга бирон огоҳлантирувчи (пайғамбар) юбормайлик, албатта, у жойнинг боёнлари "Аниққи биз сизлар элчи қилиб юборилган динга кофирдирмиз", дедилар. (Сабаъ сураси-34).Олтин ва ипакнинг ҳаром қилинишини исрофга қарши курашга оид Ислом умумий дастури бир қисмидир. Қуръонга кўра исроф миллатларни ҳалокатга олиб келадиган унсурлардан биридир. Зеро, исроф ижтимоий зулмнинг бошланғичи бўлиб унинг оқибатида жамиятдаги озчилик бўлган исрофчи табақа кўпчиликни ташкил қилган эзилган табақанинг ҳисобига бойиб кетади ва меъёр чегарасидан ошади. Бундан ташқари исроф бутун яхши, хайрли ва тўғри йўлларнинг душманидир. Аллоҳ таоло Ҳақ китоби Қуръони Каримда бу хусусда шундай марҳамат қилади: "Биз қачон бирон шаҳарни ҳалок қилишни истасак, унинг боёнларини (Ўзимиз юборган пайғамбарларга итоат этишга) буюриб, улар итоатсизлик қилишгач, у шаҳар (аҳолисини) устига Сўз (азоб тушиши) вожиб - муқаррар бўлур. Бас, сиз уни вайронага айлантирурмиз". (Ал-Исро сураси-16). Қуръондаги бу руҳ ва ҳукмларга уйғун ўлароқ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом ҳам мусулмонлар ҳаётидаги исрофнинг бутун кўринишлари ҳаром эканлигини билдирганлар. Эркакларга олтин ва ипакни ҳаром қилганидек, жинсидан қатъий назар бутун мусулмонлар учун олтин ва кумуш қадаҳлардан фойдаланишни ҳам ҳаром қилганлар. (Бу ҳақда қуйирокда батафсил тўхталамиз) Шунингдек, бу ҳукмнинг жуда муҳим бир иқтисодий жиҳати бор. Олтин дунё бозорининг энг асосий моддаси ҳисобланади. Бунинг учун уни эркакларнинг безаги ёки қадаҳ сифатида ишлатиб исрофга йўл кўйиш жоиз эмас. СОФ ИПАК ВА ОЛТИННИНГ АЁЛЛАРГА ХАЛОЛ БЎЛИШИНИНГ ҲИКМАТИ Аёлларнинг табиатан безак ва зийнатларга ўчлигини кўзда тутиб Ислом дини ҳаром қилиш ҳақидаги бу ҳукмнинг аёлларни истисно этар экан, аёллар бу нарсалардан эркакларни йўлдан уриш ва шаҳватни қўзғаш мақсадида фойдаланмасликлари шарт қилиб қўйди. Бу хусусда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом шундай дейдилар: "Бир аёлки, ҳидини олишлари учун атир суриб бир жамоатнинг орасидан ўтса, зино қилган бўлади. Унга қараган ҳар кўз ҳам зино қилган бўлади". (Насоий, Ибн Ҳузайма, Ибн Ҳиббон). Аллоҳ таоло аёлларга огоҳ сифатида шундай дейди: "Яна яширган зеб-зийнатларини билинсин учун оёқларини (ерга) урмасинлар!" (Нур сураси-31). |