Хабарлар
PDF Печат E-mail
Гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг пешоби ва тезагига доир ҳукмлар

«Кийимга отнинг пешоби катта миқдорда тегмагунича уни фосид қилмайди. Бу ҳукм Имом Абу Ҳанифа ва Имом Абу Юсуф раҳимаҳумуллоҳ наздидадир. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ наздида эса отнинг пешоби, гарчи ниҳоятда кўп бўлса ҳам, намозни ман қилмайди». Чунки Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ наздида гўшти ейиладиган жониворларнинг пешоби пок. Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ наздида улар хафифа нажосат. Қолаверса, икки имом наздида от гўштини ейиш жоиз. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ наздида от пешобининг хафифа нажосат эканига эса унга оид асарларнинг ўзаро бир-бирига қарама-қаршилиги сабаб бўлади».

Шарҳ: От ва гўшти ейиладиган бошқа жониворларнинг пешоби борасида ҳанафий уламолар ўртасида ихтилоф мавжуд. Масалан, икки шайх наздида от ва гўшти ейиладиган бошқа ҳайвонларнинг пешоби хафифа нажосат ҳисобланади. Агар у кийимнинг тўртдан бир қисмига тегса, у кийим нопок саналади ва у билан намоз ўқиш жоиз бўлмайди.
Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ наздида эса от ва бошқа гўшти ейиладиган жониворларнинг пешоби кийим ёки баданнинг катта қисмига тегса ҳам намозни ман қилувчи бўлмайди. Чунки у кишининг наздида гўшти ейиладиган жониворларнинг пешоби покдир. Пок нарса кийим ёки баданга текканда намозни ножоиз қилмагани каби, гўшти ейиладиган жониворларнинг пешоби ҳам ҳар қанча катта жойга тегса ҳам намозни ман қилмайди.
Икки шайхнинг далили шуки, гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг пешоби хафифа нажосат бўлиб, у кийимнинг тўртдан бир қисмидан кам жойга теккан бўлса, афв этилади ва намозни ножоиз қилмайди. Лекин теккан нажосат кийимнинг тўртдан бир қисмидан ошса, намозни ман қилади. Лекин икки шайх наздида гўшти ейиладиган жониворларнинг пешоби хафифа нажосат бўлишининг сабаби турличадир.
Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ наздида гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг пешоби пок ёки нопок экани борасида мужтаҳид имомлар ихтилоф қилишгани учун Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ наздида уларнинг пешоби хафифа нажосат ҳисобланади.
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ наздида эса гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг пешоби борасида ўзаро бир-бирига қарама-қарши насслар (шаръий далиллар) ворид бўлган. Масалан, Урайна қабиласи одамлари ҳақидаги ҳадис гўшти ейиладиган жониворларнинг пешоби пок эканига далолат қилади.
«Пешобдан сақланинглар. Чунки қабр азобининг аксари у сабабидан бўлади» мазмунидаги ҳадис эса пешобнинг мутлақо нажосат эканига далолат қилади.
«Ҳидоя» соҳиби икки имом наздида от гўштини истеъмол қилиш ҳалол, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ наздида эса ҳаром бўлишини зикр қилди. Лекин Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ наздида от гўштининг ҳаром бўлиши нажосатлик эътиборидан эмас, балки отнинг каромати ва жиҳод воситаси бўлгани эътиборидандир.
«Агар гўшти ейилмайдиган қушларнинг тезаги кийимга бир дирҳамдан кўп микдорда тегса, у билан намоз ўқиш жоиз бўлади». Бу ҳукм Имом Абу Ҳанифа ва Имом Абу Юсуф раҳимаҳумуллоҳ наздидадир. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ эса: «Жоиз эмас», деган.
Бир қавлда мазкур ихтилоф гўшти ейилмайдиган қушларнинг тезаги нажосат экани борасида бўлгани айтилган. Бир қавлда эса ихтилоф миқдор борасида экани айтилади. Мана шу саҳиҳ қавлдир.
Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ: «Енгиллатиш зарурат туфайли бўлади. Бу ўринда (гўшти ейилмайдиган қушларнинг инсон билан) аралашуви бўлмагани учун заруратга ўрин қолмайди. Шунинг учун енгиллатилмайди», дейди.
Икки шайхнинг далили шуки, қушлар одатда ҳаводан тезак ташлайди. Ундан ҳимояланиш эса узрлидир. Бунинг натижасида зарурат юзага келади.
Агар бу каби қушларнинг тезаги идишга тушса, бир қавлда идишни фосид қилади. Бошқа бир қавлда идишни фосид қилмайди. Чунки идишларни ундан сақлаш ҳам узрли бўлади.
Шарҳ: Агар гўшти ейилмайдиган парранданинг тезаги кийим ёки баданга тегса ва бир дирҳам микдоридан ошса, икки шайх наздида у билан намоз ўқиш жоиз бўлади. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ наздида эса бундай ҳолатда намоз ўқиш жоиз бўлмайди.
Бу ўринда икки шайх ва Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ ўртасидаги ихтилоф гўшти ейилмайдиган қушларнинг тезаги нажосат ёки нажосат эмаслиги борасида бўлганми ёки бўлмаса иккала тараф ҳам уни нажосат деб ҳукм қилиб, унинг кийимга теккан миқдори борасида ихтилоф қилганларми?
Бу саволга жавобан имом Кархий раҳимаҳуллоҳ: «Мазкур ихтилоф гўшти ейилмайдиган қушларнинг тезаги нажосат ёки пок экани борасида бўлган», дейди. Яъни уларнинг тезаги икки шайх наздида пок, Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ наздида нопокдир.
Фақиҳ Абу Жаъфар раҳимаҳуллоҳ бу ўриндаги ихтилоф микдор борасида бўлганлигини айтган. Яъни гўшти ейилмайдиган қушларнинг тезаги нажосат бўлишига имомларнинг барчаси иттифоқ қилганлар. Лекин Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ наздида бундай қушларнинг тезаги хафифа нажосат бўлса, икки имом наздида ғализа нажосатдир.
«Ҳидоя»да келтирилган мазкур иборадан Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ иккала ривоятда ҳам Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ билан бир хил маслакда экани маълум бўлмокда. Лекин аслида Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ имом Кархий раҳимаҳуллоҳнинг ривоятига мувофиқ, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ билан бир хил маслакдадир. Фақиҳ Абу Жаъфар раҳимаҳуллоҳнинг ривоятига мувофиқ, Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ билан бир хил маслакда бўлган.
«Ҳидоя» соҳиби энг саҳиҳ қавл микдор борасидаги ихтилоф эканини зикр қилди. Яъни учала имом ҳам гўшти ейилмайдиган қушларнинг тезагини нажосат деб ҳукм қиладилар. Лекин Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ уни хафифа нажосат дейди. Шунинг учун у кийим ёки баданга дирҳам миқдоридан кўп тегса ҳам, у билан намоз ўқиш жоиз бўлади. Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳимаҳумуллоҳ наздида эса у ғализа нажосат ҳисобланади. Шу эътибордан агар кийим ёки баданга теккан тезак бир дирҳам микдоридан ошса, у билан намоз ўқиш жоиз бўлмайди.
«Ҳидоя» соҳиби бу ўринда Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг далилини баён қилди. Унга кўра, нажосатнинг енгиллатилиши, яъни бир дирҳам микдоридан ошса, у билан намоз ўқиш жоиз бўлиши зарурат сабабидан бўлади. Лекин бу масалада зарурат мавжуд эмас. Чунки воқеликда йиртқич қушлар билан инсоннинг аралашуви кузатилмайди. Шу эътибордан гўшти ейилмайдиган қушларнинг тезаги ғализа нажосат бўлиши асл ҳолида қолиши ва енгиллатилмаслиги керак бўлади.
Икки шайхнинг далили шуки, йиртқич қушлар одатда ҳавода учиб кетаётганда тезак ташлашади. Ундан ҳимояланиш эса узрлидир. Мана шу узр сабабли зарурат юзага келади. Зарурат топилган жойда ҳукм енгиллатилади. Натижада уларнинг тезаги хафифа нажосат ҳукмини олади ва бир дирхамдан ошган суратда ҳам у билан намоз ўқиш жоиз саналади.
Мавлоно Абдулҳай раҳимаҳуллоҳ айтади: «Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ наздида бир нарсанинг хафифа нажосат деб ҳукм қилиниши учун иккита насс (шаръий далил) ўзаро қарама-қарши бўлиши керак. Лекин бу масалада икки насснинг бир-бирига хилоф келиши кузатилмаяпти. Зеро, у кишининг наздида зарурат ҳам нажосатнинг енгиллатилишига сабаб бўла олмайди. Шундай экан, бу ҳукмни қандай тушуниш мумкин?
Бунинг жавоби шуки, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ наздида гўшти ейилмайдиган қушларнинг тезаги хафифа нажосат бўлишига аслида зарурат сабаб бўлмайди. Бу борада у кишининг далили бошқа. Лекин «Ҳидоя» соҳиби бу далилни Имом Муҳаммад раҳимаҳул-лоҳ келтирган далилга жавоб ўлароқ зикр қилган, холос».
Ииртқич қушларнинг тезаги идиш ичига тушиши борасида ҳам икки хил кавл бор:
Биринчиси - тезак идишларни нажосат қилади. Бу Абу Бакр Аъмаш раҳимаҳуллоҳнинг қавли бўлиб, у киши: «Идишлар устини ёпиб қўйиб, тезак тушишидан сақланиш мумкин. Шу сабабдан бу ҳолатда зарурат топилмайди», дейди.
Иккинчиси - уларнинг тезаги идишни нопок қилмайди. Бу имом Кархий раҳимаҳуллоҳ ихтиёр қилган қавл бўлиб, у киши: «Идишларни уларнинг тезагидан сақлаш узрлидир. Бу ҳолатда зарурат юзага келади. Шунинг учун уларнинг тезаги идишга тушганда уни нопок қилмайди», деб айтган.
«Агар кийимга балиқнинг қони, хачир ёки эшакнинг сўлаги бир дирҳамдан ортиқ миқдорда тегадиган бўлса, у билан намоз ўқиш жоиз бўлади». Балиқ қони қон ҳисобланмайди. Шунинг учун у иажас бўлмайди. Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳдан нақл қилинган бир ривоятда у киши балиқнинг қони борасида унинг кўп миқдорда бўлишини эътиборга олган. Шу сабабдан у киши балиқ қонини (хафифа) нажосат деб ҳисоблаган.
Хачир ва эшакнинг сўлагида шак бор. Шунинг учун у билан пок нарса нопок бўлиб қолмайди.
Шарҳ: Агар кийимга балиқнинг қони, хачир ёки эшакнинг сўлаги бир дирҳам микдоридан кўп тегса, у кийим билан намоз ўқиш жоиз бўлади. Чунки балиқнинг қони қон деб эътиборга олинмайди. У қуёш нурига қўйилса, оқариб кетади. Бошқа қонлар эса қуёш нурида қорайиб кетади. Шу сабабдан балиқ қони нопок ҳисобланмайди. Нопок бўлмагандан сўнг намознинг жоиз бўлишига монелик қилмайди.
Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллохдан нақл қилинган ривоятда балиқнинг қони хафифа нажосат бўлиши айтилган. Шунинг учун у кийимнинг тўртдан бир қисмига тегадиган бўлса, у билан намоз ўқиш жоиз бўлмайди. Агар ундан кам бўлса, жоиз бўлади.
Хачир ва эшак сўлагининг пок ёки нопок эканида эса шак бор. Аниқ пок нарсани аниқ нажосат бўлган нарса нопок қила олади. Лекин нажосат эканида шак қилинган нарса пок нарсани нопок қила олмайди. Шу эътибордан хачир ва эшакнинг сўлаги кийимни нопок қилмайди.
«Агар кийимга игна бошининг мислича пешоб сачрайдиган бўлса, у зарар қилмайди». Чунки ундан сақланиб бўлмайди.
Шарҳ: Бу масаланинг далили зоҳирдир. Яъни кийимга сачраган пешоб зарралари жуда майда бўлгани учун у намоз жоиз бўлишида зарар қилмайди.

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг
"Ҳидоя шарҳи" китобидан

 

Your are currently browsing this site with Internet Explorer 6 (IE6).

Your current web browser must be updated to version 7 of Internet Explorer (IE7) to take advantage of all of template's capabilities.

Why should I upgrade to Internet Explorer 7? Microsoft has redesigned Internet Explorer from the ground up, with better security, new capabilities, and a whole new interface. Many changes resulted from the feedback of millions of users who tested prerelease versions of the new browser. The most compelling reason to upgrade is the improved security. The Internet of today is not the Internet of five years ago. There are dangers that simply didn't exist back in 2001, when Internet Explorer 6 was released to the world. Internet Explorer 7 makes surfing the web fundamentally safer by offering greater protection against viruses, spyware, and other online risks.

Get free downloads for Internet Explorer 7, including recommended updates as they become available. To download Internet Explorer 7 in the language of your choice, please visit the Internet Explorer 7 worldwide page.