«Ҳалол» сўзи арабчада «рухсат этилган» маъноси бор. Истеъмол қилиниши жазо берилишига сабаб бўлмайдиган ҳар бир нарса; қилиниши шариат манъ этмаган нарсалар ҳалол саналади. Мўмин-мусулмонларнинг нима ҳалолу нима ҳаром эканини билишлари фарздир. Чунки Аллоҳ таоло биз, мўминларга ҳалол, шубҳалардан холи нарсаларни ейишимизни буюрган (Моида, 88). Ҳалол, шубҳалардан холи нарсаларни ейиш (истеъмол қилиш) барча яхшиликларнинг асоси ва фарз амалларнинг улуѓидир. Ҳалол луқмани ҳалол касб билан, шариат ман этмаган йўл билан топиш ҳам фарздир. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розийаллоҳу анҳу) Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганларини ривоят этганлар: «Ким қирқ кун ҳалол, шубҳадан холи нарсани еса, Аллоҳ таоло унинг қалбини нурли қилади ва ҳикмат чашмаларини унинг қалбидан тилига оқизиб қўяди». Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳалол касб ҳақида бундай деганлар: «Ким ҳалол касб қилиб, кечқурун чарчаган ҳолда уйқуга кетса, унга жаннат вожиб бўлади. Аллоҳ таоло ундан рози бўлади». Ана шуларга кўра, уламолар еб-ичиш ва касб қилиш илмини (нималарни еб-ичиш ҳалол, уларни қандай йўл билан топиш ҳалоллигини билиши) ибодат илмидан олдин ўрганиш лозим, дейишган. Зеро, ибодат қилишга куч-қувват еб-ичиш орқали пайдо бўлади. Ейилган таом, кийилган кийим ҳалол бўлмаса ва ҳалол йўллар билан топилмаса, ибодат мақбул бўлмайди. Машҳур тобеъинлардан Ибн Сириндан (раҳимаҳуллоҳ) бир киши ибодатларни ва уларни қандай адо этишни сўраганида, Ибн Сирин ундай қандай овқатланишини сўрабдилар. У киши: «Тўйгунимча ейман», дебди. Ибн Сирин унга: «Ҳалигача ҳайвонлар каби еб-ичасанми?! Бор, аввал еб- ичишни ўрган, сўнг ибодат ва уни адо этишни ўрганасан», деган эканлар. Мўмин, тоат-ибодатларимга куч бўлсин, деб еб-ичади. Ҳалол еб-ичиш эса қайси йўллар билан топилган мол ҳалол эмаслигини, қайси нарсалар истеъмоли шариатда ман қилганини билишни тақозо этади. Нарса ўзи ҳалол бўлсада, шариат манъ қилган йўллар билан: ўѓрилик, босқинчилик, товламачилик, судхўрлик, қимор, порахўрлик, тарозидан уриб қолиш каби йўллар билан топилган бўлса, уни истеъмол қилиш ҳалол бўлмайди. «Ҳалол» ҳақида сўз борганида кимлар билан никоҳланиш ҳалол бўлади, қайси ҳолда ҳалол жуфти ўзига ҳалол бўлмай қолади, деган мисолларни ҳам ўрганиш лозим. Чунки никоҳ, оила масалалари жуда нозик масалалар қаторида бўлиб, ҳалоллик чегараси бузилса, унинг сабабидан инсониятга хатар етади. («Ширъатул Ислом»).
|