2018-2019 йил учун глобал ислом иқтисодиёти ҳақида ҳисоботда айтилишича, 2018 йил бошига бўлган ҳолатда дунёда 1,8 млрд атрофида мусулмон яшаган, 2060 йилга келиб эса уларнинг сони 3 млрд кишига етади ва 70% ўсади. Башоратларга кўра, ҳалол маҳсулотлар ва мусулмон хизматлари бозори (ислом молиясини ҳисобга олмаган ҳолда) 3 трлн долларга етади. Бу ҳақида Қозоғистон таҳлил хизмати Energyprom.kz хабар беради.
Ҳалол талабларига мувофиқ тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотлари бозори ҳажми 2017 йилда 1,3 трлн долларни ташкил қилди, 2023 йил эса 6,1%га ўсиб, $ 1,9 трлн долларга етиши кутилмоқда. Ҳалол маҳсулотлар энг кўп Индонезияда истеъмол қилинади, бу ерда харажатлар, сўнгги маълумотларга кўра, 170 млрд долларни ташкил килган. Шунингдек, Туркия ва Покистон ҳам биринчи учликка кирди — мос равишда 127 млрд ва 118 млрд доллар. ТОП-5 ни Миср (86 млрд) ва Бангладеш (76 млрд) якунлайди. «Шу билан бирга, бозорнинг тезроқ ривожланишига тўсқинлик қиладиган муҳим муаммо бу ягона глобал озиқ-овқат стандартлари йўқлиги: амалда ҳар бир мусулмон мамлакати ўзининг сертификатлаш ташкилотига эга. Ҳозирги кунда бутун дунёда 120 дан ортиқ Ҳалол сертификатлаш идоралари, жумладан Малайзия, Индонезия, Сингапур, Таиланд ва Филиппин каби муҳим мамлакатларда давлат идоралари мавжуд. Бундан ташқари, сертификатлаштириш стандартлари ўзгариб туради, бу қўшимча харажатларга олиб келади ва халқаро савдо имкониятларини камайтиради», - изоҳ беради Energyprom.kz таҳлилчилари. Ҳозирги пайтда Қозоғистон ҳалол саноати Ассоциацияси томонидан 600 та маҳаллий ва 50 та хорижий компания сертификатланган. Сертификатлаш стандартлари гўшт ва гўшт маҳсулотлари, балиқ ва балиқ маҳсулотлари, сут, тухум, дон ва бошқа йўналишларга нисбатан амал қилади. Жорий йилнинг июль ойи охирида Қозоғистон бош вазири Аскар Мамин мусулмон бозорларида Қозоғистон ҳалол маҳсулотларининг рақобатбардошлик қобилияти юқори бўлиши, халқаро талабларга мувофиқ бўлиши учун назорат тизимини ривожлантиришни талаб қилишини айтди. У 15 августгача ҳалол маҳсулотларни ривожлантириш бўйича Йўл харитаси тайёрлашга топшириқ берди.
Ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги вазири Сапархон Омаров органик ва ҳалол маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сертификатлаш тизимини йўлга қўйиш кераклигини таъкидлади. Вазир муаммолар ҳақида ҳам гапирди: гарчи Ислом Озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилотини тузиш ташаббускори айнан Қозоғистон бўлсада, мамлакатда ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қонунчилик йўқ. Қозоғистон учун фойда Исломий давлатларга озиқ-овқат етказиб беришни кўпайтиришдир. Республикада ҳалол ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар режаси бўлмаган ҳолда, экспортнинг ўсишини таъминлаш мумкин эмас.
|