Алҳамдулиллоҳ, сўнгги йилларда Татаристонда ҳалол маҳсулот ишлаб чиқариш саноати жадал ривожланиб бормоқда. Ҳалол атамаси мусулмон бўлмаган халқлар томонидан нима учундир (асосан) фақат гўшт маҳсулотларига нисбатан ишлатилмоқда. Улар ҳалол маҳсулотлар кўргазмаларида: асал, китоб, диск, идишлар ва шу каби нарсаларни кўриб ҳайрон қолишмоқда. Аслида эса ҳалол – бу шариатда рухсат этилган нарсаларнинг барчасини қамраб олади. Шундай экан бунга ўхшаш кўргазмалар ҳалол бизнес қилувчиларнинг кўргазмаси ҳамдир.
Ҳалол анча кенг тушунча бўлиб, у фақат таом (луқма) билан чекланмайди. Мисол тариқасида айтадиган бўлса ҳалол, бу Исломий турмуш тарзини демакдир.
Аммо бу мақолада мен асосан ҳалол луқмага ҳақида гапирман. Россияда ҳалол атамаси кўп жиҳатдан озиқ-овқат ва гўшт маҳсулотларига татбиқ қилинади ва маҳсулотнинг ҳалоллигини товар белгиси (“Ҳалол” муҳри босилган) га қараб ажратишади. Шундан келиб чиқиб, аҳоли ҳалол тушунчасини фақат озиқ-овқат ва гўшт маҳсулотларига деб билишади. Шу боисдан ҳам бозорларни ҳалол маҳсулотлар билан тўлдириш гўшт маҳсулотларидан бошланди. Ҳалол луқма – мусулмонликнинг энг муҳим шартларидан бири бўлгани учун, мусулмонлар ҳалол маҳсулотлар, шунингдек ҳалол гўшт маҳсулотлари истеъмол қилишлари керак. Собиқ Советлар даврида бу анча жиддий муаммо эди. Лекин Аллоҳга шукр-ки, ҳозирга келиб вазият тубдан ўзгарди.
Аҳолисининг асосий қисми мусулмонлар бўлган Татаристонда ҳалол озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш саноатининг тараққиёти баъзи жиҳатларга кўра таълим ва ОАВ ривожидан муҳимроқдир.
Татарларни ўз эътиқодларига жалб этишга узоқ уринган христиан миссионерлари XIX асрга келиб, улар ҳалол луқмани тарк этмасалар ўз эътиқодларини тарк этмасликларини англаб етдилар. Ҳаммаси оддий! Ҳаммаси шундай содир бўлди ҳам. Советлар даврида асосан шаҳарлик татарлар луқма ҳалоллигини тезда эсдан чиқардилар. Чунки, дўконларда ҳалол гўшт маҳсулотларини тпоиб бўлмас эди. Ўшанда қишлоқ жойлардан Қозондаги колхоз бозорларига ҳалол гўштларни олиб келувчи татарлар кўпчиликнинг жонига оро киргандилар.
Машҳур иборани бироз ўзгартириб: “Нима ейишингни айтсанг, ким эканлинигни айтаман”, – дейиш мумкин. Биз истеъмол қилаётган нарсалар ўзлигимизни англашимизга кучли таъсир қилади. Кўпчилик этнопсихологларнинг таъкидлашларича, ватан, тил бой берилганда айнан миллий таомлар миллий ўзликни англашнинг ягона манбаи бўлар экан.
Биз еяётган таомларимизнинг ўзимизга қанчалик таъсир қилишини тушунмаймиз (ҳис қилмаймиз). Озиқ-овқат аслида яшашимиз учун зарур бўлган энергия (куч) манбаигина эмас, балки фаолиятимизни мувофиқлаштирувчи (программалаштирадиган) ахборот ҳамдир. Ким билади, балким татарларининг ўз эътиқодлари – Исломга қайтишлари ҳам айнан луқма ҳалоллигига боғлиқдир.
Ҳаммасини оддийидан (кичик нарсалардан) бошлаш керак. Истеъмол қилаётган нарсаларига эътибор қиладиган юртдошларимиз биладилар-ки, ҳар қандай колбаса маҳсулотларининг таркибида чўчқа гўшти мавжуд бўлиши мумкин. Секинлик билан фақат ҳалол маҳсулотлар сотиб олиш керак деган фикрга келинади. Зеро, бугун барча дўконларда улар мавжуддир. Бинобарин, ҳалол маҳсулотларни сотиб олишни Исломдаги энг оддий фарз (бурч) дейиш мумкин. Эътиборлиси шундаки, ҳалол гўшт маҳсулотлари бошқаларига нисбатан сифатли ва мазали бўлади.
Қачонки, ҳалол маҳсулотлар татарларнинг кундалик дастурхонларида ажралмайдиган бўлса, кейинги босқичларга ўтиш имкони туғилади. Агар инсон фақат ҳалол луқма тановул қила бошласа, кейинчалик спиртли ичимликлардан ҳам ўзини тия бошлайди ва бунинг қанчалик даражада муҳим эканлигини тушуниб етади. Тушунинг, ахир ҳалол луқмани ароққа газак қилиш даҳшат-ку (разиллик-ку)! Агар оилавий дастурхонларда спиртли ичимликларга жой берилмаса ва ундан фақатгина ҳалол маҳсулотлар ўрин олса, оилада Ислом маънавияти мустаҳкамланади. Бундай оилаларда ўсган болалар тенгдошлари орасида (маънавий) соғлом бўлиб, Ислом ҳақида янада кўпроқ билишни истай бошлайдилар. Бахтимизга ҳозирги пайтда дўконларимизда диний адабиётлар танқислиги мавжуд эмас.
Шу тариқа инсон (Исломда) ўз йўлини топиб олади. Ҳалол луқма еб, Рамазон рўзаларини тутиб, диний китоблар ўқиб юрувчилар эртами- кечми масжидларга қатнай бошлайдилар. Дастлаб фақат Жума намозларига чиқадилар ва Исломнинг барча шартларини (фарз) бажариш шарт эканлигини англаб етадилар. Кўриниб турибди-ки, ҳаммаси ҳалол луқмадан бошланади.
Ҳалол халқимиз учун шунчаки луқма (таом) эмас, балки бутун бошли мафкурадир. Бошқа динларга эътиқод қилувчи халқлар қуршовида асрлар давомида яшаб келган татарлар ўз дини, эътиқоди ва халқини сақлаб қолиш учун жуда кўп заҳираларни сафарбар қилишларига тўғри келди. Фақатгина XIX асрга келиб Россия империяси таркибига киритилган ва асосан ўз диндошлари орасида яшовчи кавказликлар, қарийиб 500 йилдан буён империянинг марказида кучли ассимиляция босими остида яшаган татарларнинг тақдири ва муаммоларини тушунишга қодир эмасдир. Шунга қарамасдан биз халқимизни, динимизни ва тилимизни асраб қолдик.
Шу ўринда ишлаб чиқарувчилар “ҳалол” белгиси остида даромад кетидан қувиб, маҳсулот сифатини сақлаб қолишлари ҳам ўта муҳимдир. Ислом ёввойи капитализм макони эмас!
Татар халқини мусулмонлигича сақлаб қолишимиз учун ҳалол луқма (таом) муҳим ўрин тутади. Собиқ совет ҳукумати даврида татарларнинг каттагина қисма ўз динларини эсдан чиқаришгача боришганига қарамасдан деярли барча татарлар ўзларини мусулмон санашадилар. Тушуниш керак-ки, бу воқеалардан кейин дарҳол намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш каби фарз амалларини бирданига бажариб кетиш мураккаблик қилиши мумкин. Шунинг учун, келинг, дастлаб луқмамизни ҳалоллашдан, яъни фақат ҳалол маҳсулотларни истеъмол қилишдан бошлаймиз! Ахир бу жуда осон-ку, ваҳоланки, қоидага кўра ҳалол маҳсулотлар ҳалол бўлмаган маҳсулотлардан кўра сифати ва мазасининг аъло даражада эканлиги билан ажралиб туради.
Айтиш мумкин-ки, ҳалол колбаса маҳсулотларини истеъмол қилишга (фойдаланишга) нафақат татар-мусулмонлар, шунингдек руслар ҳамда бошқа номусулмон халқлар орасида ҳам талаб катта.
info-islam.ru сайтининг маълумотлари асосида Элдор Ишмуратов |