Дунё миқёсида савдо-сотиқнинг 20% даромади ҳалол озиқ-овқат савдосидан тушади. Бироқ олмон дўконларида саккиз қирра юлдуз ичига “ҳалол” сўзи зарб этилган маҳсулот танқис. Ўз-ўзидан “Олмон савдо тизимида мусулмон харидорига эҳтиёж борми?” деган ўринли савол туғилади.
Дунёдаги мусулмон уммати 1.6 млрд одамни ташкил этади. Уларнинг аксарияти ўз динининг тамойилларига мувофиқ, яъни ҳалол овқат истеъмол қиладилар. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, дунё миқёсида савдо-сотиқнинг 20% даромади ҳалол озиқ-овқат савдосидан тушар экан. Мутахассисларнинг фикрича, бу рақамнинг Олмония бозоридаги улуши 5 млрд еврони ташкил қилиши мумкин. Бу мамлакатда 4 миллиондан ортиқ мусулмон истиқомат қилиши эътиборга олинса, бу ажабланарли рақам эмас. Бироқ ҳалол маҳсулот билан савдо қилувчи олмон ширкатлари ўз рақибларидан сезиларли даражада орқада қолиб кетганлар. «Олмон тадбиркорлари ҳалол маҳсулотлар савдосига жуда ҳам кеч киришдилар» дейди Аня Шли. У олмон-турк озиқ-овқат маҳсулотла симпозиумида қатнашар экан: «Уларнинг тутган ўринлари франсуз, ҳолланд ёки британ ширкатлари мавқесидан анча заиф», - деди.
Даромадли иш
Ўз маҳсулотларини мусулмон ўлкаларга экспорт қилишни йўлга қўйиб олган халқаро ширкатларларнинг тажрибасига кўра, Ислом шариатига мувофиқ келган озиқ-овқат савдоси мўмайгина даромад келтиради. Мазкур ширкатлардан бири Швейцариянинг «Нестле» консерни бўлиб, ҳалол маҳсулот савдоси бу ширкатга даромадининг 5%-ни келтиради. 2010-йилнинг куз мавсумидан бошлаб бу маҳсулотларни энди Олмония дўконларида ҳам топиш мумкин. «Нестле»нинг Олмониядаги бўлимининг матбуот котиби Серен Пинковнинг сўзларига кўра, консерн Олмонияда яшайдиган кўп сонли мусулмон мижозларга аллақачон эътибор берган. «Улар «Нестле» учун келажакда савдо-сотиқ қилишда тижорий салоҳияти юқори бўлган эҳтимолий мижозлардир». Бир қатор Оврупо мамлакатларида, жумладан Франсияда, Белгияда ва Ҳолландияда озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи консернлар мусулмон мижозларни жалб қилишга ҳаракат қиладилар. Аммо олмон тадбиркорлари ва ширкатлари бундай қадам қўйишга журъат қила олмаяптилар. Кўпчилик ҳалол маҳсулот савдоси уларнинг обрўйига футур еткизиши мумкин, деб қўрқадилар. Чунки кўпчилик ғайридин мижозлар бундай ҳаракатда ўз жамиятларнинг «исломлашиб» кетиш «хавфидан» ҳавотирдалар. Ўнгчи эсктремист гуруҳ вакиллари ҳатто очиқчасига айбловларни бошлаб юборишлари ҳам мумкин. «Шунинг учун, – дейди Аня Шли, – ҳалол маҳсулот ишлаб чиқарувчи ширкатлар «жимгина юриш» яхшироқ, деб биладилар». Маҳсулотнинг ҳалоллигига далолат қилувчи ёрлиқ кўзга ташланмайди; бунинг устига олмон дўконларида алоҳида ҳалол расталар ҳам йўқ.
Ҳалолми ёки ҳалол эмасми?
Шундай бўлсада, олмон дўконларида мусулмонлар истеъмол қилишлари мумкин бўлган қарийб 4 000 хил турли маҳсулот сотилади. Бироқ уларга «ҳалол» тамғаси босилмаган. Хўп, уларнинг ҳалол эканлигини қандай билиш мумкин? «Нуга, ун, гуруч, шакар, ўсимлик ёғи, ёнғоқ-мағизлар, лактоза, какао кукуни, туз, эмулгатор, соя леситини — буларнинг барчаси ҳалол ва сотиб олсам бўлади», – дейди Мелиха Серефижон ва аравачасига икки қути жўхоридан ясалган бўтқа солади. 39 ёшли тур аёл озиқ-овқат солинган аравачасини катта супермаркетнинг расталар орасида туртиб юрибди. Кейинги «манзил» - қандолат маҳсулотлари. Мелиха қўлига печение қутисини олади. «Е 471, Е 476, Е 475 – буларни рўйхатдан қараш керак», дедида тўнининг чўнтагидан тўртга букланган бир парча қоғоз чиқарди. Қоғозчада 300 дан зиёд эмулгаторлар қисқартмалари бор. Таркибида алкогол ёки ҳайвон ёғи бор эмулгаторлар юлдузча билан белгиланган. Бундай рўйхатлар исломий вебсаҳифаларда бисёр. Мелиха керакли қисқартмани топди ва қутини жойига қайтарди – у ҳалоллик талабларига жавоб бермади. Аёлнинг сўзларига кўра, эмулгаторларнинг таркиби яхшилаб ўрганилади. Рўйхатни тузувчилар маҳсулот ишлаб чиқарувчилар билан бевосита боғланиб, унинг таркибида нималар бор, қандай кимёвий элементлар мавжуд эканини ўрганадилар ва шундан кейингина рўйхатга киритадилар. Мелиха музлатилган курка қўйилган раста олдида ҳатто тўхтамади, чунки у олмон дўконларидан гўшт сотиб олмайди. Лекин «Анвойи балиқ» идишини текшириб кўриш мумкин. «Йўқ, бу «Анвойи балиқ» ҳам бўлмайди экан. Балиқ, сабзавотлар, сув, помидор, эдам пишлоғи бор экан. Буларни истеъмол қилиш мумкин, бироқ улар билан яна желатин ҳам қўшилган экан. Уни эса истеъмол қилиш мумкин эмас», – дейди мижоз аёл.
Вақтинчалик муаммо
Ҳалол маҳсулот излаш кўп вақт талаб қиладиган ишга айланиб бормоқда. Шу билан бирга Олмонияда турк ва араб тадбиркорлари асос солган ва бевосита араб давлатларидан маҳсулот импорт қилувчи дўконлар кўпаймоқда. Хўш, олмон улгуржи савдо ширкатлари мусулмон мижозларни ўзларига жалб қила оладиларми? Бремен шаҳридаги ҳалол маҳсулот сертификати берувчи ташкилот бошлиғи Ёвуз Ўзўғуз ба масала вақтинчалик масала эканлигига ишонади. «Франсиянинг кўплаб супермаркетларида ҳалол маҳсулот сотиладиган бутун бошли расталар бор ва у ердан истаган нарсани топиш мумкин. Назарий нуқтаи назардан қаралса, айнан шу ишни Олмонияда ҳам қилиш мумкин», — дейди Ўзўғуз.
"Deutsche Welle" |