|
Қирғизистон Малайзиянинг ҳалол стандартини қабул қилди |
Қирғизистонда хизмат ва маҳсулотларга “ҳалол” стандартини киритиш ҳақида муҳокама анжумани иқтисодий тараққиёт ва савдо вазирлигида муфтий Чубак ҳожи Жалилов иштирокида бўлиб ўтди. Анжуманда муфтий билан иқтисодиёт вазирининг ўринбосари Олег Панкратов, Ислом масалалари бўйича мутахассис Малик Қодиров ҳамда бир қатор ҳалол саноатида машғул ташкилот вакиллари иштирок этдилар.
Самарали муҳокама натижасида Қирғизистон Малайзиянинг ҳалол стандартига мувофиқ маҳсулотларга ҳалол сертификатини таъсис қилиши ҳақида қарор қабул қилинди. Энди ҳалол маҳсулот ишлаб чиқарувчи муассасалар мазкур стандартга мувофиқ бўлиш учун янгидан сертификат олишлари лозим бўлади.
Муфтий тадбиркорларга “Сизлар қилаётган иш аввало Аллоҳ йўлида ҳаракатдир, даромад эса бундан кейинги мақсадингиз бўлсин” деб насиҳат қилди.
Вазир муовини Олег Панкратов “иқтисодий тараққиёт ва савдо вазирлиги маҳсулотларнинг ҳалоллигини назорат қилувчи ташкилот эмас” деди. Унга кўра, вазирлик бу масалада маҳсулот истеъмол қилувчиларни нопок рақобатдан ҳимоя қилади холос. Малайзиянинг ҳалол стандартини қабул қилиш – бу жорий ҳукуматнинг ишлаб чиқарувчиларни назорат қилишни эмас, балки рағбатлантиришни мақсад қилганидир.
Мазкур қарор бугунги жамиятнинг талабларига мувофиқ қабул қилинмоқда. Чунки тадбиркорлар “Ҳалол” тамғаси ҳар қандай маҳсулотга бўлган талабнинг ошишига ҳисса қўшишини билганлари ҳолда, ундан кенг фойдаланяптилар. Бугунги кунда деярли ҳар бир таом шаҳобчаси ёки ошхона ўз мижозлари сонини ошириш ниятида “ҳалол” сўзини ўзлари учун таниқли ном, яъни бренд қилиб олганлар. Аммо шу кунгача бундай маҳсулотларнинг “ҳалол таом” тушунчасига қўйилган талабларга жавоб бериши ёки бермаслиги тадбиркорларнинг виждонига ҳавола эди.
Иқтисодиёт вазирлигининг ҳалол саноат бўйича бўлим бошлиғининг ўринбосари Урмат Жўлдўшевга кўра, “Қирғизистонда охирги пайтларда “ҳалол” тамғаси остидаги гўшт маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши кўпайди. Ҳозиргача “ҳалол” сўзининг ишлатилиши маҳсулотнинг ҳалоллигига фақат ишора қилар, лекин кафолат бермас эди. Бу соҳадаги Малайзия стандартининг қабул қилиниши мазкур маҳсулотни ишлаб чиқариш, сақлаш ва нақлиёт қилишни умумжаҳон қоидаларга мувофиқ қилишни тақозо қилади. Бу қадам ўз навбатида бизнинг тадбиркорларимизга ички талабни қондиришгагина эмас, балки халқаро бозорга чиқишга ҳам имконият яратади”.
Қирғизистон муфтийи муҳокама анжуманининг резолюциясини тасдиқлади ва имзо чекди.
Islamsng.com саҳифасидан олинди |