Бойкотнинг «туғилиши»
Бугун кўпчилик бойкот сўзидан фойдаланади. Бойкот – сиёсий ва иқтисодий курашнинг бир шакли, айрим шахс, ташкилот, корхона билан муносабатларни тўлиқ ёки қисман тўхтатиш, масалан ишга ёлланиш, шу корхона маҳсулотини харид қилишдан воз кечишдир. Демак, бойкот бу иқтисодий чеклов чораларидан бири экан. Биз бу атаманинг маъносини тушуниб олдик, келинг энди унинг тарихини ўрганиб чиқамиз.
Бойкот – XIX асрда яшаган инглиз мулкдорларидан бирининг исми.
Нафақага чиққанидан сўнг инглиз армияси капитани Чарльз Каннингем Бойкот ўзининг Ирландиядаги мулкини бошқаришга киришди. 1880 йилда ҳосилнинг яхши бўлмагани ва бунинг ортидан собиқ капитаннинг ерида ишловчиларнинг аҳволи оғирлашиб қолганига қарамай, у ижарачилардан ўзига тегишли бўлган пулни дарҳол тўлашни талаб қилди, акс ҳолда барча мол-мулкларни деҳқонлардан тортиб олиш билан уларни қўрқитди. Орадан кўп вақт ўтмай ҳеч қандай муросага келинмагач, ижарачилар ўз участкаларидан ҳайдаб чиқарилди. Лекин бунга жавобан улар ҳавас қилса арзигулик бирдамлик кўрсатдилар. 11 ноябрда ҳайдаб чиқарилган деҳқонлар бир овоздан норозилик акциясини бошлайди, унинг моҳиятини ва шартларини норозилик ҳаракати иштирокчиларидан бири Чарльз Парнел шундай тавсифлайди: «Кимда ким деҳқонлар чиқариб юборилган ҳудудларни ижарага олса, у билан бир жойда – катта йўлда, шаҳар кўчаларида, дўконда, ярмаркада, бозорда ва ҳатто ибодатхонада ҳам – учрашиб қолишдан қочишга ҳаракат қилинг. Уни қаттиқ ёлғизликка маҳкум этиш орқали сиз унга қилган жинояти сизни қандай ғазаблантираётгани ва ундан жирканишга ундаётганини кўрсатишингиз керак. Бутун Ирландия бўйлаб оддий аҳоли ушбу тизимга амал қилса, сиз ўз яшаш ҳудудингизда жамоатчилик фикрига зид келадиган ва сизнинг ахлоқ кодексингизни бузадиган қарорлар қабул қиладиган, ўз манфаатлари билан маст бўлган одамларнинг йўқлигини таъминлайсиз!» Ушбу кампаниянинг биринчи қурбони Чарльз Бойкот бўлди. Қилган иши ортидан унинг оиласи қўшниларидан бутунлай ажралиб, ўзи эса аянчли қашшоқликка тушиб қолди. Ушбу муваффақиятсиз капитаннинг фамилияси машҳур атамага айланди, «бойкот» сўзи эса дунёнинг кўпгина тилларига, шу жумладан, ўзбек тилига ҳам кириб келди.
Чарльз Бойкот ким эди? Капитан Чарльз Каннингем Бойкот (1832 йил 12 март – 1897 йил 19 июнь) Норфолкда туғилган эди. Ирландияда Чарльз Бойкот Мейо округидаги катта ер эгаси лорд Эрна қўлида бошқарувчи бўлиб ишлади. Деҳқонларга нисбатан қилган ноҳақ ҳаракатлари унинг ўз номи билан юритилувчи ҳаракатнинг вужудга келишига сабаб бўлди. Қўшнилар у билан гаплашишни тўхтатди, дўконлар унга хизмат қилишдан бош тортди, ҳатто черковда одамлар унинг ёнида ўтирмасдан ва у билан гаплашмасдан қўйишди. Бойкотга қарши кампания инглиз матбуотида ҳам ўз сакс-садосини топди, марказий газеталар ғарбий Ирландияга мухбирларини юборди. Капитан ушбу кампаниянинг биринчи қурбонига айланди – қашшоқликка тушиб, 1886 йил 1 декабрда Ирландияни тарк этди. Бугунги куннинг «бойкот»и нима? New York Тribune мухбири Жеймс Редпат биринчи бўлиб халқаро матбуотда бойкот ҳақида ёзган эди. Атама The Times томонидан 1880 йил ноябрда уюшган ҳаракат маъносини англатувчи атама сифатида ишлатилди. (Stanford, Jane, That Irishman: the Life and Times of John O’Connor Power, pp. 95–97.). «Бойкот» атамаси бугунги кунда қандай маънода қўлланилади? Бойкот сиёсий ва иқтисодий кураш шакли бўлиб, бирон бир шахс, ташкилот, корхона билан алоқаларни тўлиқ ёки қисман бекор қилишни, муайян корхона маҳсулотларини сотиб олишдан бош тортишни ўз ичига олиши мумкин. «Бойкот» сўзи кенг миқёсда мамлакатлараро алоқаларда ҳам кўриниш беради. БМТ низомига биноан халқаро муносабатларда тинчликка рахна солмасдан (қуролли кучлардан фойдаланмасдан) бойкот амалга ошириш мумкин. Машҳур бойкотлар Европада дастлабки машҳур бойкотлардан бири, «бойкот» сўзи фанга кириб келишидан олдин XVIII аср охирида Англияда аболиционистик ҳаракат вакиллари томонидан амалга оширилди. Ҳаракат аъзолари қуллар меҳнати орқали ишлаб чиқариладиган ҳар қандай маҳсулотни истеъмол қилишдан бош тортди ва охир-оқибат Лондон дунёсининг катта қисмини шакар билан чой ичишдан бош тортишга кўндиришга муваффақ бўлди (чунки қуллар кўпроқ шакарқамиш плантацияларида оғир мехнат қилишган). Бу воқеа 1833 йилда Британия империясида қулликни бекор қилинишига катта туртки берди.
Манба
“Ислом молияси”дан қўшимча: Kўриб турганимиздек, бойкот ҳукумат эмас, балки оддий фуқаролар тарафидан амалга оширилиши мумкин бўлган чора экан. Чунки бойкот ҳукуматлар учун жуда жиддий иқтисодий сиёсат ҳисобланади ва уни эълон қилиш учун жиддий асос бўлиши керак. Бундай чора кўришдан олдин масалани ҳар томонлама жиддий ўрганиб чиқиш, бунга нисбатан кўрилиши мумкин бўлган эҳтимолий чоралар чуқур таҳлил қилиниши зарур. Чунки ҳар қандай хатти-ҳаракатга қарши аксил хатти-ҳаракат ҳам бўлиши табиий. Агар масала ҳар томонлама таҳлил асосида хал қилинмаса, ўзбекнинг ибораси билан айтганда “Қош қўяман деб кўз чиқариш” ҳам мумкин, яъни қайсидир давлатга/унинг маҳсулотларига нисбатан қўлланган бойкот, бойкот қўллаган давлатнинг ўзига бевосита ёки билвосита каттароқ сиёсий ёки иқтисодий талафот етказиши мумкин (сиёсат ва иқтисодиёт бир бирига чамбарчас боғлиқ масалалар бўлиб қолганлиги кўпчиликка сир эмас албатта).
Демак, иқтисодий чеклов чоралари кўллаш ҳукуматлар учун анча мураккаб ва хатарли масала. Шу билан бирга, шуни инобатга олган ҳолда фуқароларнинг ўзлари ҳам зарурат туғилганда бойкот сингари самарали иқтисодий чеклов чораси кўришлари мумкин экан.
Иқтисодий чеклов чоралари фақат бойкотдан иборат эмас, балки унинг турларидан биридир. Кейинги мақоламизда яна бир иқтисодий чеклов – эмбарго ҳақида сизларга маълумот берамиз.
|