Хабарлар
10.05.21 09:51    PDF Печат E-mail
Ҳалокат кўлами

Жисму жонимизда парокандалик изларини кўрамиз; ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ касалликка чалингандай бўламиз; ишимиз юришмайди; кўзлаган мақсадимизга етаверамаймиз; дуо қиламиз, илтижо қиламиз, лекин қабул, ижобат бўлишига ишончимиз етмайди...
Нега? Буларнинг бир сабаби, ҳалол ва ҳаромни ажратмай, Аллоҳ ейишни ҳаром қилган нарсаларни бемалол тановул қилишга одатланиб қолганимиздан эмасмикин? Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Ҳалол луқма енглар, ҳаромга асло яқинлашманглар, чунки ҳаром луқма қориндан қирқ кунгача чиқмайди”, деганлар. Қаранг, бир луқма ҳаромнинг зарари қирқ кунгача танамиздан кетмас экан, руҳиятимизни, ахлоқимизни бузишда таъсири қанчайкин? Аллоҳдан қўрққан, танию кўнгли соф бўлишини ҳамма нарсадан аъло кўрган ота-боболаримиз оғир очарчилик замонларида, кунлари ўт-ўлан томирига  қолганида ҳам ҳаромдан ҳазар қилишганини эслайлик.

Ит қанақа ҳайвон?

Таассуфки, ҳалол нарсалар етарли бўлган айни кунларимизда, ўзи мусулмон бўлатуриб, баъзилар ҳеч тап тортмай ит ё чўчқа гўштини истеъмол қилишяпти.
Баъзилар эса, янада ҳадларидан ошиб, бу ҳаром қилинган ҳайвонларни боқиб-кўпайтириб, уларнинг сотувидан фойда кўриш, ҳой-ҳавасларини қондириш йўлига ўтиб олган. Бу ишлари билан бошқаларнинг ҳам гуноҳга ботишига, турли-туман хасталикларга чалинишига ҳисса қўшишаётганидан хабарлари бормикин? Хабарлари бўлганида ўзини зиёли ҳисоблайдиган муҳандис бир кимса азим шаҳарларимиздан биридаги донғи кетган ресторанда ит гўштидан тайёрланган таом билан онасини сийлаганини дўстига айтиб мақтанмаган бўларди.
Ҳолбуки, Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Агар сизлардан бирингизнинг идишини ит яласа, уни етти марта (қатрон қилсин) ювсин”, деб буюрганлар. Зарурат бўлмай туриб ит боқишдан эса, қайтарганлар. Чунки итдан шундай касалликлар тарқайдики, бу хасталиклар инсон ҳаёти учун хавфли, охир-оқибатда ўлим билан якунланиши ҳам ҳеч гап эмас. Буни Исломдан йироқ оврупалик олимлар эътироф этишган.
Олмон файласуфи Герартфентесмер “Коинот” номли олмон журналида босилган ит боқишнинг зарарлари ҳақидаги мақоласида бундай деб ёзади: “Кўпчилик ит боқувчилар ўз қўллари билан ўзларини ҳалокат чоҳига итараётганларини билмайдиганга ўхшайдилар. Чунки итларда мавжуд сектор қурти хавфли касалликни келтириб чиқаради ва кўп ҳолларда унга чалинган беморлар ўлим чангалига тушади. Йиртқичлардан бўри, чиябўриларда, шунингдек, чўчқаларда учрайдиган қуртларнинг энг хавфлиси итларники хисобланади. Чунки у итларда кўриб бўлмас даражада жуда кичкина бўлади ва қотиллигини яширин тарзда олиб боради. Дастлаб итнинг ичакларида кичик доначалар шаклида бўлган қуртлар инсон танасига вирусини юқтириши билан бутун аъзоларини емириш пайига тушади. Қуртлар аввал инсон юраги ва унинг атрофини эгаллайди. Баъзан ўпка, ичаклар, буйрак, талоқ ва ҳатто бош суяклар қатигача ўрнашиб олади ва қайси аъзога ўрнашса, уни ишдан чиқаради. Аммо унинг нималигини аниқлашга, мутахассис ҳам қийналади. Унинг биргина белгиси шуки, инсон баданида сепкил сифатида кўринади...”1
Чекка қишлоқларимиздан бирида юз берган мудҳиш фожеа, анча йиллар ўтган бўлса-да, ҳа-мон хотирамдан кўтарилмайди. Қўққисдан бир неча хонадон қутуриш касалига йўлиқади. Оқибатда ушбу оилаларнинг ёстиғи қуриди, уй ҳайвонлари қириб-ёндириб юборилди. Ҳозир у жой харобазор, қарғиш теккандек, биров яқинига йўлашга қўрқади... Аниқланишича, бир дона дайди итни тутиб, сўйиб, гўштини ўша оилалар ўртада бўлиб олишган экан...
Демак, Пайғамбаримиз (с.а.в.) итларни яқинлатмасликка, идишларни ялашига йўл қўймасликка буюрганлари, заруратсиз ит боқишни тақиқлаганлари замирида улуғ ҳикмат ётибди. Бунда умматларини кўриб бўлмас хавфдан огоҳ этиш сабоғи бор.

Ифлосликларнинг тимсоли

“У (Аллоҳ) сизларга фақатгина ўлаксани, қонни, тўнғиз гўштини ва Аллоҳдан ўзгага аталиб сўйилган нарсаларнигина ҳаром қилди” (Наҳл , 115).
Тўнғизнинг турган-битгани нажосатдир. Ундай ифлос, қўланса жонивор бошқа йўқ. Аллоҳ ҳалол қилган қанчалаб неъмат бор бўлгани ҳолда, емиши нажас бўлган чўчқани истеъмол қилишга ҳозир ҳеч муҳтожлик бормикин? Қолаверса, Аллоҳ ҳаром этган нарсаларнинг инсон фитратига ёмон оқибат келтирадиган жиҳатлари ҳам бор. Буни қачон ўйлаб кўрамиз?
Яширишнинг ҳожати йўқ, биз билан бир ҳаводан нафас олаётган айрим миллатдошларимиз чўчқадан ҳазар қилишни аллақачон унутиб юборишган. Чўчқа гўштини ишлатадиган ошхоналар кўпайиб қолди, ота-бобоси чин мусулмон ўтган баъзи уддабуронлар чўчқа боқиб, уни сотиб, тирикчилик юргизиш пайида. Ҳа, десангиз, даромад келтирадиган иш экан, дейди. «А» қишлоғилик бир танишим гапириб қолди: “Битта бизнинг қишлоқнинг ўзида қирқ-эллик оила чўчқа боқади. Кўчаларидан ўтиб бўлмайди, ҳовлиларига кириб қолсангиз, бадбўйлигидан нафас ололмай қоласиз. Қишлоқ оқсоқоллари, имомлар чўчқабоқарларга неча марта танбеҳ бериб кўришди, фойдаси йўқ, қайтага даромадига қизиқиб, сафлари баттар ортиб боряпти. Ҳолбуки, жирканч натижаси тез орада ўзини кўрсатади...”
Немис тадқиқотчиси Хайз Хизиш Ровфиг бундан ярим аср олдин бир тажриба ўтказади. Катта-катта ўттизта идишга оқ сичқонларни солиб, ҳар хил емишлар билан, жумладан, баъзи идишлардаги сичқонларни чўчқа гўшти билан боқди. Маълум вақт ўтгач, чўчқа гўшти бериб боқилган оқ сичқонлар бир-бирини ейишга тушди. Бундан ташқари, кўпи саратон касалига йўлиқди. Бошқа емиш еган жониворларда на бир-бирини ейишга мойиллик, на касалликка чалиниш аломати кузатилди. Мазкур олим яна бир қанча тажрибалар ўтказиб, инсон саломатлиги учун чўчқа гўштининг зарарли эканини исбот этди. Унда ҳаёт учун хавфли трихин микроби ва бактериялар борлигини аниқлади.2
Бу кунларда кўпчилик азият чекадиган хасталиклардан бири грипп эканини яхши биламиз. Унинг сабабини аксарият одамлар шамоллашга, юқувчанлигига боғлашади. Ҳолбуки, олимларнинг аниқлашича, чўчқа гўштини истеъмол қилиш оқибатида танада бир вирус ўрнашиб олар, шу вирус гриппни келтириб чиқаришда асосий восита бўлар экан.
Инсонни Ҳазрати Инсон қилиб турган таянч нуқталаридан бири унинг ор-номуслилик ҳиссиётидир. Юсуф Қарзовий тадқиқотида чўчқа гўштини истеъмол қилган сари кишида рашк қилиш туйғуси йўқолиб боришини кузатганини ёзади3. Бу ҳол инсон инсонлигини бой бериб қўяётганидан, тубанлик чоғига қулаётганидан дарак эмасми? Бу нарсаларни бир-биримизга тушунтирайлик. Аллоҳ бизга инъом этган ҳалол, покиза, тану руҳимизга фойдали егуликлар қанчадан-қанча, ўшалар егулигимиз бўлсин. Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларда биз билган-билмаган иллат кўп. Улардан ҳазар қилайлик. Улар теварагида содир бўлган нохуш воқеалардан ибрат олмас эканмиз, ҳалокат кўлами кенгайиб бораверади.

Шавкатжон ВАЛИЕВ


1. Юсуф Қарзовий. «Исломда ҳалол ва ҳаром», 134—135-бетлар.
2. Хайз Хизиш Ровфиг. «Чўчқа гўшти ва саломатлик». «Шарқ юлдузи» журнали,  1991 йил, 3-сон, 203—207-бетлар. Ушбу мақола ибрат учун кўчириб босиляпти.
3. Юсуф Қарзовий. «Исломда ҳалол ва ҳаром», 47-бет.

 

Your are currently browsing this site with Internet Explorer 6 (IE6).

Your current web browser must be updated to version 7 of Internet Explorer (IE7) to take advantage of all of template's capabilities.

Why should I upgrade to Internet Explorer 7? Microsoft has redesigned Internet Explorer from the ground up, with better security, new capabilities, and a whole new interface. Many changes resulted from the feedback of millions of users who tested prerelease versions of the new browser. The most compelling reason to upgrade is the improved security. The Internet of today is not the Internet of five years ago. There are dangers that simply didn't exist back in 2001, when Internet Explorer 6 was released to the world. Internet Explorer 7 makes surfing the web fundamentally safer by offering greater protection against viruses, spyware, and other online risks.

Get free downloads for Internet Explorer 7, including recommended updates as they become available. To download Internet Explorer 7 in the language of your choice, please visit the Internet Explorer 7 worldwide page.