Ҳозирги кунда атрофимизда тадбиркорлар тарафидан кун сайин кўпайиб бораётган товуқ фабрикалардаги броллер товуқларга берилаётган озуқаларига шариъатда манъ қилинган қон, ўлган товуқлар, ўлимтиклар каби нарсаларни аралаштириб едирадилар. Шу ўринда икки масъала:
Биринчиси ўша нарсаларни сотиб олиш ёки сотиш жоиз ва жоиз эмаслиги. Иккинчи ўша нарсаларни еган товуқларнинг гўштлари ҳалол ёки ҳаром. Товуқларга ҳам ҳалол, покиза нарсалар едириш керак. Юқорида зикр қилинган нарсаларни едириш мумкин эмас. Шунингдек, уларнинг савдоси ҳам жоиз эмас. Росулуллоҳ(صل الله عليه وسلم : (لا تنتفعوا بميتة. “Ўлимтикдан фойдаланманглар” деганлар. 2-унинг гўштига келадиган бўлсак, бундай нарсаларни еган товуқнинг гўшти бадбўйлашиб, нажосатнинг ҳиди келадиган даражага етса, уни еб бўлмайди. Агар тирик ҳолатида бўлса, гўштидан ўша ҳиди кетгунча покиза таомлар билан боқиб турилади. Агар гўштидан ўша ҳид келмаса, уни ейишлик ҳалолдир. Бу худди тўнғизни сутини ичиб катта бўлган қўзининг гўшти ҳалол бўлгани кабидир. Товуқ нажосат ва бошқа нарсаларни еса-ю, гўшти бадбўйлашмаса гўшти ҳалол бўлади. Бу худди тўнғиз сути билан озуқланган қўзининг гўшти каби. Чунки, унинг гўшти ўзгариб қолмайди. Аввалда еган озуқаси эса чиқиндига айланган бўлиб, таъсири қолмайди. (Роддул Мухтор). Гўшти ўзгармасада нажосат еган товуқларни уч кунгача покиза таом билан боқишлик мустаҳабдир.
Тирик жониворларни вазн билан тортиш
“Ҳидоя”нинг соҳиби товуқларни тирик ҳолатда вазнлаб тортишни жоиз эмаслигини зикр қилганлар. Лекин, кейинги уламоларимиз товуқни тирик ҳолида вазнлаб тортишда айтарли фарқ қилмаслигини ва бу фарқ тортишувга олиб бормаслигини эътиборга олиб, тирик ҳолда килолаб тортиб сотишни жоиз деганлар(Ахсанул фатаво). Товуқ, қўй ва молларни тарозуга қўйиб тортишлик борасида аввало, шу нарсага эътибор бериш керакки, жониворлар ададийми(яъни саноғини эътиборга олиб сотиладиган) ёки вазний(шакар, буғдойлар каби неча кило ҳоҳласа килолаб сотиб олинадиган) нарсами. Замонамизнинг етук олимларидан Муҳаммад Тақий Усмоний ҳайвонлар ададий ҳисобланади. Уларни тарозуда тортишлигининг сабаби эса танлаб олишга осон бўлсин учун, таҳминан қанча гўшт қилиши мумкинлигини билиб олиш учундир. Чунки, нарсаларни вазний бўлишлиги ким қанча кило ҳоҳласа ўшанча сотиб олаверадиган бўлиши билан билинади. Жониворлар эса бундай эмас. Жониворларни сотиб олишда килолашлик, таҳминан уларни қанча гўшт қилишини билиш учун холос. Чунки қанча гўшт қилиши ҳеч кимга аниқ маълум эмас. Шунинг учун, савдо килосига эмас балки, унинг ададига бўлади. Бу ададига қилинган савдо эса жоиздир деганлар. Агар сотувчи билан олувчи жониворни тирик ҳолида вазнлаб тортиб олишга рози бўлса, торозуда тортилгандан кейин нақд пул ёки жониворни жинсидан бошқа нарса эвазига масалан, молни буғдой, гуруч каби нарсаларга сотиш жоиз. Молни мол гўштига, қўйни эса қўй гўштига сотиш жоиз эмас. Бу савдода икки нарса шарт.
1.Муъаййан жониворни ҳар бир килоси фалонча нархданлиги. 2.Жониворни тортилгандан кейинги умумий қиймати муъаййан бўлишлиги керак.
Бунинг мисоли : муъаййан бир молни танлаб бир килоси 10.000 сўм деб торозуда тортилинади ва умумий баҳоси айтилади. Ҳаридор қабул қилдим – дейди. Шу билан байъ боғланади. Шу ўринда икки нарсани яхши билиш зарур.
1-жониворни килолаб сотиш ва сотиб олиш. 2-жониворни килолаб сотиладиган нарсалар жумласидан деб ҳукм қилиш.
Биринчи масъалага келсак, килолаб сотиш ва сотиб олиш шубҳасиз жоиз. Чунки жоиз эмаслигига сабаб йўқ. Иккинчиси, жониворларни килолаб сотиладиган нарсалар қаторига қўшиш ва унга уларни ҳукмларини жорий қилиш, бу жоиз эмас. Биринчи сабаб. Чунки қайси нарсалар азалда вазний, литрли ёки адададий(доналаб сотиладиган) бўлса абадий шундайлигича қолади. Росулуллоҳ(صل الله عليه وسلم) замоналарида жониворлар доналаб сотиладиган нарса деб ҳисобланган. Энди қайси нарсалар Росулуллоҳ(صل الله عليه وسلم) даврларида бўлмаган ёки ҳолати маълум бўлмаган бўлса урфга қаралинади. Иккинчи сабаб. Жониворларни тирик ҳолатида бошқа килоли нарсалар каби ҳоҳлаганича сотиб олиш масалан : тирик жониворни 10кило 15килосини сотиб олиш имкони йўқ. Шунинг учун у килоли нарсалар сафига қўшилмайди. Жониворларни урфда килосини тортиб сотилсада, ҳақиқатини олиб қаралганда унинг килосига эмас балки, унинг умумий баҳоси эътиборга олинган бўлади. Бу байъ жоиздир. Чунки жонивор ҳам, қиймати ҳам тайин, жоиз эмаслигига сабаб йўқ. Ҳадисда Росулуллоҳ(صل الله عليه وسلم) : “Сотиладиган ва эвазига бериладиган нарсанинг нави турлича бўлса, ҳоҳлаган шаклда сотаверинглар” деганлар. Баъзи шаҳарларда кийимларни ҳам килолаб сотилади. Бу билан у нарсалар килоли нарсалар сафига қўшилиб қолмайди. Жоизлигига сабаб, у кийимлар тайин, нархи ҳам тайинлигидир. Жониворларни килоли нарсалар сафига қўшилмаслигига келсак, жониворларни тирик ҳолатида қарзга олиб бўлмайди, улардан худди шакарга ўхшаб ҳоҳлаганда ҳоҳлаганча килосини олиб бўлмайди. Тирик тургани билан қанча гўшт қилишлигини ноаниқлигига келсак, сотувчи ва олувчи ҳам ноаниқликка рози бўлиб туришибди. Кейинчалик жанжалга сабаб бўлмайди. Баъзи бир қисқартиришлар билан “Фатавои Усмоний”дан олинди. Ҳозирги кунда, қассоблар орасида кенг тарқалган ҳар бир килосини фалонча нархдан, калла пойчаси эса чегирма(скидка) шаклида қилинадиган савдолари мутлақо ножоиздир. Чунки, бу олувчининг фойдасига қилинган шарт билан бўлинган савдодир. Шариъатимизда эса сотувчи ёки олувчидан бирининг фойдасига бирор нарсани шарт қилиб қилинган савдони ножоиз дейилган. Шунингдек, ҳайвонни тарозуда тортиб таҳминан 60% гўшт қилади, ҳар бир килоси 20.000 сўмдан – деб қилинган савдода ҳам, агар муъаййан ҳайвонни охирги муъаййан бир нархга келишиб олса жоиздир. Чунки бу сувратда кило эътибор эмас балки, ҳайвоннинг умумий нархи эътибордир. Килолаш эса унга бир мўлжал холос.
Абдуманнон Қосимий |