Хабарлар
09.08.13 07:58    PDF Печат E-mail
Гени ўзгартирилган маҳсулот инсон соғлигига хавф солади…ми?

ёхуд балиқ билан «чатиштирилган» помидор, қўнғиз билан «қариндош» картошка… ва бошқалар хусусида

Кейинги йилларда луғатимизда «одам савдоси», «оммавий маданият», «ахборот хуружи», «кибертеррорчи», «генетик ўзгартирилган организмлар ва маҳсулотлар» каби бир қатор ибора ва тушунчалар пайдо бўлдики, уларнинг ҳар бири ҳақида соатлаб гапириш, таҳлил қилиш, муносабат билдириш мумкин. Бугун улардан бири — «Генетик ўзгартирилган организмлар ва маҳсулотлар» ҳақида биология фанлари доктори, профессор, экологик хавфсизлик халқаро фанлар академияси академиги Абдуқодир ЭРГАШЕВ билан мулоқот қилдик.
—Абдуқодир ака, кейинги пайтларда айрим газета-журналлар саҳифаларида «генетик ўзгартирилган маҳсулотлар» ва уларнинг салбий оқибатлари ҳақида соҳа мутахассислари ва оддий фуқаролар орасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган мақолалар чоп этилмоқда. Сиз умрингизни экологик-генетика фани ривожига бағишлаган олим, қолаверса, халқаро ЮНЕСКО ташкилотининг маслаҳатчиси сифатида бу муаммоли масалага қандай баҳо берасиз?
—Янги минг йиллик инсоният тарихида бутунлай янгича бир босқични, яъни, тирик организмларнинг, жумладан, инсон организмининг ирсий асослари — ирсият кодини (алифбосини) ўқиш имкониятини бошлаб берди.
XX аср ўрталаридан бошлаб генетика ва молекуляр биология фанларининг назарий ва услубий бирлашуви натижасида янгича бир ёндашув — «ген инженерлиги» деб номланган тадқиқотлар йўналиши юзага келди. Ушбу йўналишнинг бош мақсади — фан ва амалиёт учун керак бўлган ирсиятнинг янги-янги моделларини яратиш ва келгусида уни тирик организмларда рўёбга чиқаришдан иборатдир.
Рўй бераётган кўпгина глобал муаммолар ечимини топишда «ген инженерлиги» жуда асқатиши мумкин, деган орзу-умидлар ҳам йўқ эмас… аммо булар ҳозирча орзулар, холос.
Маълумки, она заминимиз инсоннинг биологик талабларини қондирувчи ягона манба ҳисобланади. Инсон ва табиат ўртасидаги боғлиқлик ниҳоятда нозик масала. Дақиқалар ичида содир бўладиган офатлар ва кескин ўзгаришларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш жуда мушкуллашиб бораётир (Чернобиль АЭСи ва яқинда содир бўлган  Япониядаги фожиалар, бунга мисол бўла олади).
Ер юзидаги ҳаёт тизими, шу жумладан, инсон ҳам, барча-барча тирик организмлар (ҳайвонлар, ўсимликлар ва барча микроорганизмлар ирсияти (генофонди ва геноми) узоқ эволюция жараёнида, табиий тикланиш билан миллион йиллар мобайнида тоза ҳаво, тиниқ сув, табиий соф озуқа, ям-яшил олам, ёруғлик, мўътадил ҳароратга мослашиб, ривожланиб келган. Бироқ, ачинарли жиҳати шундаки, кўпгина сабабларга кўра, бундай ҳаётий муҳим ва зарур бўлган табиий омиллардан кўп ҳолларда маҳрум бўлиб қоляпмиз.
Айниқса, ҳозирги даврда сайёрамиздаги ҳайдаладиган ерлар деградацияга учраб, унумсиз бўлиб бормоқда.
БМТнинг ФАО ва ЮНЕП экспертлари келтирган маълумотларга кўра, ер юзида:
—5 800 000 кв.км.дан ортиқ ер майдони дарахтларнинг кесиб юборилиши;
—6 800 000 кв.км.дан ортиқ ер майдони чорва моллари бетартиб боқилиши;
—1 370 000 кв.км.дан ортиқ ер майдони ўтин учун кесилган дарахт ва буталар ҳисобига;
—1 095 000 кв.км.дан ортиқ ер майдони йўллар қурилиши сабабли;
—500 000 кв.км.дан ортиқ ер майдони суғориш ва ирригация ишларини нотўғри юритиш туфайли таназзулга юз тутган.
Ахир, бу ер майдонлари инсониятни боқиш, кийинтириш ва яшаши учун хизмат қилиб келган-ку! Бундан ташқари, охирги йилларда радиацион, кимёвий ҳамда бошқа ксенобиотик омилларнинг қишлоқ хўжалигида, ишлаб чиқаришда, тиббиётда кўплаб қўлланиши оқибатида турли-туман аллергик ва бошқа касалликларни келтириб чиқариш ҳолатлари мавжуд. Улар сув орқали, ҳаво ва истеъмол озуқаларига тушиши натижасида инсон организми ва бошқа тирик организмларга ўтади, бунинг оқибатида етказилган тератоген, кан цероген ва мутаген таъсирини тузатиб бўлмайди. Яъни юқорида айтиб ўтилганидек, ўта нозик «ҳаёт ипи» узиб қўйилиши мумкин. Бу барча тирик организмлар учун катта таҳлика туғдиради. Бир сўз билан айтганда, бугунга келиб, инсон ирсияти хавфсизлигини таъминлаш мураккаб ва энг долзарб масалага айланди. Аввалги даврларга нисбатан, охирги 50 йил ичида биологик турларнинг йўқолиш жараёни 100-1000 баробарга ортиб бормоқда.
Маълумот учун айтиш мумкинки, ер юзида 13 миллионга яқин биологик турлар мавжуд бўлиб, ҳозиргача олимлар уларнинг 1,75 миллион турини аниқлашган, холос.
Ушбу муаммо БМТнинг «Одам геноми ва инсон ҳуқуқлари» Умумжаҳон Декларациясида яхши ёритилган. Унинг 12-моддасида давлатлар тажрибаларни демократик қонунлар доирасида олиб борилишини таъминлаши, қадр-қиммат ва шахсий дахлсизлик, ижтимоий саломатлик ва атроф-муҳитни сақлашдан иборатлиги қайд этилган. 13-моддасида эса, жавобгарлик масъулияти олимнинг интеллекти даражаси ва виждонига ҳаволадир, дея таъкидланган.
Биз осиёликлар учун мисолни узоқдан қидириш шарт эмас. Биргина Орол фожиаси миллионлаб инсонлар ҳаётини издан чиқариб, юзлаб биологик турларнинг йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлди.
—Домла, шу ўринда «Генетик ўзгартирилган организмлар ва маҳсулотлар» деган тушунча ёки ибора нимани англатиши ҳақида ҳам кенгроқ тўхталиб ўтсак?
—Генетик ўзгартирилган организмлар ва уларнинг маҳсулотлари илк бор ўтган асрнинг 50-70 йилларида тарқала бошлади. Ҳозирги кунда бундай маҳсулотлардан энг кўп фойдаланаётган мамлакатлар АҚШ, Канада, Австралия, Аргентина, Мексика, Уругвай, Туркия, Эрон, Афғонистон, Ироқ ва бошқа давлатлардир. Европа, Хитой, Япония, Ҳиндистон каби бир қатор давлатлар эса бундай маўсулотларни ўз ҳудудларига олиб киришни тақиқлаганлар.
Генетик ўзгартирилган организмлар ва уларнинг маҳсулотларини етиштириш таннархи пастроқ ва кўпроқ ҳосил олиш мақсадида ишлаб чиқилади. Бу орқали озиқ-овқат маҳсулотлари етишмаслиги муаммосини ҳал этиш унинг ижобий жиҳати бўлса, унинг биохилма—-хилликка таҳдид солиши, истеъмол бозорларига тўлиқ назоратдан ўтмаган уруғлар ҳамда маҳсулотлар кириб келиши каби салбий томонларидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
—Трансген ўсимлик ёки ҳайвон биринчи маротаба қаерда ва қачон пайдо бўлган?
—Генетик ўзгартирилган экинларни яратиш борасидаги тажрибалар ўтган асрнинг 60-йилларида бошланган. Трансген маҳсулотнинг биринчи намунаси, таркибига камбала балиғининг гени киритилган помидор 1994 йилда дунёда биринчи марта АҚШ савдо дўконларида пайдо бўлди. Бу гени ўзгартирилган помидор Американинг «Монсанто» корпорациясининг олимлари томонидан етиштирилган эди. Айни кунларда дунё бўйича 80 дан ортиқ гени ўзгартирилган маҳсулотлар етиштирилмоқда. Жумладан, буғдой, шоли, соя, ғўза каби экинларнинг трансген турлари кенг миқёсда экилмоқда.
1996 йилдан 2003 йилгача бўлган даврда трансген ўсимликлар дунёнинг 18 мамлакатида 67,7 миллион гектар майдонга экилиб, 40 баробарга кўпайди. Шундан 42,8 миллион гектари АҚШга тўғри келган.
Гени ўзгартирилган экинларни етиштирувчи давлатлар сони 1996 йилда 6 та, 2003 йилда 18 та, 2008 йилда 25 тага етди. 2015 йилга келиб, 40 дан ортиқ давлат шу маҳсулотларни етиштириш билан шуғулланиши кутилмоқда.
Агарда илгари маълум генларга эга бўлган ўзига хос фенотипик ва биологик хусусиятга эга янги навларни яратиш учун 6-10 йиллаб вақт талаб қилинган бўлса, айни пайтда бу жараён илм-фаннинг замонавий тараққиёти сабабли 2 ёки 3 йилда амалга оширилиши мумкин.
—Бугун жаҳон афкор оммасини генетик ўзгартирилган маҳсулотлар бора-бора инсон ирсиятига ҳам таъсир қилиш оқибатида жиддий генетик ўзгаришларги олиб келиши мумкинлиги хавотирга солмоқда. Мутахассис олим сифатида бу борада нима дея оласиз?
—Генетик ўзгартирилган маҳсулотларнинг инсонга зарарли таъсирини аниқлаш ҳозирча жуда қийин муаммо. Шунинг учун бундай маҳсулотларни ишлаб чиқараётган АҚШ, Канада, Лотин Америкаси ва бошқа мамлакатларда генетик ўзгартирилган ўсимликлардан олинган озиқ-овқатларга мажбурий махсус белги қўйиб сотиш жорий этилган. Шуннигдек, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (WHO — WORLD HEALTH ORGANIZATION) маълумотига кўра, кўпгина давлат ташкилотлари геноми ўзгартирилган маҳсулотларни махсус баҳолаш жараёнидан ўтказиш лозим, деб ҳисоблайди.
Бугунги кунда Америка ва Европанинг кўпла мамлакатлари дўконларида бир турдаги маҳсулотларнинг ҳам табиий, ҳам ирсий ўзгартирилганлари сотувга чиқарилмоқда. Трансген озиқ-овқатларнинг нархлари табиий маҳсулотга қараганда бироз арзонроқ. Бироқ уларнинг мазаси, таъми ва биологик таркиби деярли бир хил эканлигини айрим олимлар алоҳида таъкидламоқдалар.
Лекин яна бир гуруҳ олимлар трансген маҳсулотлар ва инсон саломатлиги борасида жиддий, ташвишланарли фикрларни айтишмоқда. Айрим олимларнинг ижобий фикрлари билан бирга, кўпчилик олимлар бундай маҳсулотлар келажакда одам ирсиятига ҳам таъсир қилиб, инсоннинг ўз инсонийлик қиёфасини йўқотиб юбориши мумкин, дея бонг уришмоқда.
Уларнинг таъкидлашларича, трансген озуқаларнинг инсон саломатлигига асосан қуйидаги жиҳатдан таъсир қилиш эҳтимоли бор: аллергик реакциялар, ген кўчишлари, ауткроссинг ва мутацияланишлар.
Россия олимлари томонидан сичқон ва каламушларга трансген озуқалар бериб тажрибалар ўтказилганда, биринчи авлодда ўлимнинг 50 фоизга ортгани, қолганларида бепуштликнинг келиб чиқши, шунингдек, бу жониворланинг хусусиятларида ҳам кучли қўзғалувчанлик, агрессивлик ва туғма инстинктларида ҳам ўзгаришлари аниқлашган.
Саратов шаҳрида олиб борилган кузатишларда трансген маҳсулотлар билан озиқлантирилган сичқонлар ўз болаларини еб қўйиши кузатилди. Аслида бу хусусият жониворларнинг бу тури учун хос эмас. Бундан олимлар трансген маҳсулотлар жониворларнинг руҳий ҳолати (психикаси)га таъсир кўрсатади, деган фикрга келмоқдалар.
—Трансген экинлар маҳсулотлари гени ўзгартирилмаган турлардан нимаси билан фарқ қилади?
—Ҳозирча биологик хусусиятларига кўра, бундай ўсимликлар бир қанча афзалликларга эга. Уларнинг табиий навларга қараганда ҳосилдорлиги анча юқори бўлиш билан бирга турли касалликларга, совуқ ва шурланишга чидамлидир. Масалан, Америкадаги биринчи трансген помидорига камбаланинг совуққа чидамлилик хусусияти ўтганлиги сабабли совуқ музламаларда ҳам нобуд бўлмайдиган, аксинча ривожланаверадиган ҳосилдор нав дунёга келди. Унинг асосий хусусияти касалликлар, зараркунандалар ва бошқа ноқулай табиий шароитларга ўта чидамлилигининг ошиб кетишидир. Шунинг учун гени ўзгартирилган экинларни касаллик ва зараркунандаларга қарши пестицидлар билан ишлашга умуман ҳожат йўқ. Масалан, трансген картшканинг катталиги қовундай бўлиши билан бирга, ҳатто қолорадо қўнғизи ҳам зарарламайди. Шунинг ўзидан ҳам кўриниб турибдики, қўнғиз ҳам уни ҳазм қилолмайдиган биохимик ўзгаришлар содир бўлган.
Бир сўз билан айтганда, генетик ўзгартирилган организмлар ва уларнинг маҳсулотлари муаммоси айрим нашрлар бураётганидек, инсоният келажагига жиддий хавф солиш ёки солмаслиги бутун дунё олимлари томонидан ўрганилмоқда ва ҳали-ҳозирча бир хулосага келингани йўқ.
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, экологик ҳаракат фаоллари, мутаҳассислар ва таниқли олимлар, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Ўзстандарт» вакиллари иштирокида ўтган амалий семинар ва давра суҳбати айнан шу масалаларга бағишланган эди. Бундан қилинган хулосалар ҳам асосан ушбу йўналишга катта эътибор берилаётганлиги ва юртимизда бирмунча ижобий ютуқлар қўлга киритилаётгани билан бир қаторда, ушбу соҳаларнинг қонунчилик базасини яратиш вақти келганлиги ва бунинг учун, авваламбор, алоҳида бир илмий-амалий конференция ўтказиш, ундан олинган хулосалар асосида гени ўзгартирилган маҳсулотларнинг республикамизга турли қинғир йўллар билан кириб келишига «қонуний қалқон» механизмини яратиш ҳақида амалий фикрлар билдирилди.
—Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

«Инсон ва қонун» мухбири,
Дилфуза ЭРГАШЕВА суҳбатлашди.

 

Your are currently browsing this site with Internet Explorer 6 (IE6).

Your current web browser must be updated to version 7 of Internet Explorer (IE7) to take advantage of all of template's capabilities.

Why should I upgrade to Internet Explorer 7? Microsoft has redesigned Internet Explorer from the ground up, with better security, new capabilities, and a whole new interface. Many changes resulted from the feedback of millions of users who tested prerelease versions of the new browser. The most compelling reason to upgrade is the improved security. The Internet of today is not the Internet of five years ago. There are dangers that simply didn't exist back in 2001, when Internet Explorer 6 was released to the world. Internet Explorer 7 makes surfing the web fundamentally safer by offering greater protection against viruses, spyware, and other online risks.

Get free downloads for Internet Explorer 7, including recommended updates as they become available. To download Internet Explorer 7 in the language of your choice, please visit the Internet Explorer 7 worldwide page.