09.06.10 10:31    Печат
Москвада халқаро «Moscow Halal Expo 2010» кўргазмаси очилди

Кеча Москвада Россия Муфтийлари кенгаши ва «Ҳалол» стандартизация ва сертификация маркази томонидан ташкил этилган халқаро «Moscow Halal Expo 2010» кўргазмасининг биринчи куни бўлиб ўтди.

 

Тадбирда жумладан миллий ва хорижий озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар, кийим-кечак, пардоз-андоз маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, ҳамда туристик, нашриёт, Исломий молиявий маҳсулотлар, банкинг ва инвестицион лойиҳалар доирасидаги хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар иштирок этмоқда.

Тадбир очилиш маросимида сўзга чиққан Россия Муфтийлари кенгаши ҳамраиси, Саратов вилояти Диний бошқармаси раиси Муқаддас Бибарсов мазкур кўргазманинг россиялик уммат учун ўта аҳамиятли эканлигини таъкидлади. Чунончи у: «Бир неча йил аввал ҳалол маҳсулотлар бозори бундай жадаллик билан ривожланишини тасаввур ҳам қилмаган эдик... Ҳар бир мусулмон жоиз маҳсулотлар истеъмол қилишга харакат қилиши керак, шу жумладан тадбиркорлик фаолияти доирасида ҳам. Биз учун «Moscow Halal Expo 2010» кўргазмасининг айнан бизнинг диёримизда ўтказилиши айниқса қувонарлидир» - деган фикрларни билдирди.

Кўргазма доирасида «Исломий молиялаштириш ва унинг Россияда ривожланиши» мавзусидаги конференция ҳам ўтказилди. Конференцияда бутун дунёдан йиғилган тадбиркорлар ва олимлар иштирок этди. Мазкур тадбирда сўзга чиққан «Сафинат» гуруҳи Вице-президенти Шамиль Муртазалиев форум иштирокчилари эътиборини Россия Федерацияси ҳукумати Исломий молиялаштириш тизимини қўллаб-қувватламаётганига қаратди.

Хусусан жаноб Муртазалиев Қозоғистонда давлат ёрдами билан Исломий банк ташкил этилгани, ҳамда мамлакатда сўнгги пайтлардаги Исломий инвестициялар ҳажми 400 миллион АҚШ долларига етганини, яқин келажакда эса уларнинг ҳажми 1 миллиард АҚШ долларидан ошиши кутилганини таъкидлади. Шу ўринда Шамиль Муртазалиев Россиядаги Исломий молиялаштириш салоҳияти янада юксакроқ эканлигини эслатиб, уни тўла қонли амалиётда қўллаш учун ҳукумат томонидан тизим қўллаб-қувватланиши лозимлигини билдирди.

«Moscow Halal Expo 2010» кўргазмаси 2 кун давом этиши режалаштирилган. Тадбир Россия ва Исломий мамлакатлар ўртасида савдони кучайтириши, иштирокчилар ўртасида ўзаро алоқаларни жадаллаштириши, икки томонлама учрашувлар ўтказиш учун имкон бериши, ҳамда ҳалол маҳсулотларни оммалаштиришга ёрдам бериши кутилмоқда. Кўргазма доирасида шунингдек бир қанча конференциялар, форумлар, ҳамда маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.