24.04.10 20:06    Печат
Европа соҳта ҳалол билан курашмоқда

Image

Ишонувчан мусулмонлар баъзан виждонсиз тадбиркорлар қурбонига айланмоқдалар

Европа мусулмонлари ҳалол деб сотилаётган гўштларнинг ҳалоллигига тобора кўпроқ шубҳа билан қарамоқдалар.
Голандия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги Бош инспекция хизмати (Algemene Inspectiedienst, AID) қалбаки «Ҳалол» гувоҳномаларини тақдим қилиш ҳолатларини текширишга киришиб, яқинда Fasen Meat Trading компаниясини текширувдан ўтказди. Голландиядаги Бред шаҳрида рўйхатдан ўтган убу компания Францияда бир неча минг тонна гўштни қалбаки ҳужжатлар асосида ҳалол деб сотган.
«Европа ҳалол маҳсулотлар бозори асосан фирибгарлар қўлидадир», - дейди «Ҳалол» сертификатлар берувчи Halal Correct ташкилоти директори Бин Али-Салоҳ.
«Ҳалол» сўзига мамлакатда барча ўрганиб бўлгандек кўринса-да, бу атама юридик нуқати назардан ҳеч қандай ҳимояланмаган. Бундай маҳсулотга талаб тинмай ортиб бораётганлиги туфайли, ўз маҳсулотларини ҳалол деб кўрсатаётган гўшт етказиб берувчилар ҳамда супермаркетлар сони ҳам тобора кўпайиб бормоқда. Ваҳоланки уларнинг биронтаси буни ҳеч нарса билан тасдиқлаб бера олмайди,  дейди Али-Салоҳ.

Интернет форумларда ҳам модага кирган бу атамани кўпгина ресторанлар истаганларича эркин талқин қилмоқда, деган хабарлар айланиб юрибди. Kentucky Fried Chicken (KFC) тезкор овқатланиш ресторанлар тармоғи оддий гўштни ҳалол деб сотганликда айбланмоқда. Гаагадаги Halal Quality Control сертификатлаш агентлиги бошқарувчиси Ийяд Альенди KFC ресторанга келган мусулмонларни алдамоқда, деб очиқчасига айтмоқда. Хўрандаларнинг талабига кўра кўрсатилаётган гувоҳномада мазкур кушхона ҳалол гўшт ишлаб чиқариш ҳуқуқига эга, дейилган, аммо тайёрланган гўштнинг ҳақиқатан ҳам ҳалол эканлиги ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. «Volkskrant» газетасининг мухбири KFC тармоғига тегишли тўртта ресторанга шахсан кириб, ушбу гувоҳномани ўз кўзи билан кўрган.

Муаммо шундаки, ҳалол маҳсулотлар савдоси ғоятда катта фойда келтирадиган бизнес бўлганлиги туфайли сертификатлаш агентликлари назоратсиз равишда кўпайиб бормоқда, деб ҳисоблайди Halal Correct ходими Али-Салоҳ. Афсуски, уларнинг кўпчилиги керакли малакага эга эмаслар.
Айни пайтда Голландия Мудофаа вазирлиги мусулмон аскарларга ҳақиқатан ҳам ҳалол таом берилаётганлигига ишонч ҳосил қилиш мақсадида шахсий текширувларни бошлаб юборган, - дейди армия имоми Али Эддауди. Мусулмонлар кўпинча бундай гувоҳномаларига кўр-кўрона ишонадилар, виждонсиз «тадбиркорлар» эса ана шу ишончни суистеъмол қилиб, пул ишлаб олиш пайида бўладилар, деб ҳисоблайди у. Ҳатто, бундай «тадбиркорлар»нинг баъзилари ўзларини мусулмон деб ҳисоблайдилар ҳам.