21.02.14 20:33    Печат
Британияда қушларни техника орқали сўйишни ҳалол санашга чек қўйилмоқда

2012 йилнинг июнь ойида Буюк Британияда, давлатнинг нуфузли 40 уламоси иштирокида “қушларни техника орқали сўйиш”га бағишланган конференция бўлиб ўтганди. Конференция хулосаларига кўра, кўпчилик уламо: “Қушларни техника орқали сўйишни ҳалол санашга бўлмайди”, деган қарорга келган бўлсада, лекин аниқ бир тўхтамга келинмаган эди. Масалан, ишлаб чиқарувчиларга сертификат (рухсатнома) берувчи Ҳалол озиқ-овқатлар бошқармаси (Halal Food Authority) “қушларни машина орқали сўйиш”ни Ислом шариатига тўлиқ мос келади, бундай сўйиш жоиз, деб ҳисоблаганди.

Узоқ давом этган суҳбат ва мунозаралардан сўнг, Ҳалол озиқ-овқатлар бошқармаси 2014 йилнинг 3 мартидан бошлаб ўз қарорига тузатиш ҳамда ўзгартиришлар киритишни маъқул кўрди. Ва қушлар машина орқали сўйилганда уларга Ҳалол рухсатномаси берилмаслигини маълум қилди.
Бундан ташқари, Ҳалол бошқарув  кенгаши (НАВ) жорий йилнинг 22 февралида “Механик (қўл ёрдамида) сўйишнинггина ҳалол эканлиги” тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилиш учун махсус конференция ўтказади.
Конференцияда HMC ва HFA сингари ҳалол сертификатлашнинг асосий корхоналари, ҳамда масжид вакиллари билан шариат олимлари қатнашадилар.

Кўриладиган масалалар сирасига асосан иккита мавзу киритилган:

1. “Қушларни машина ё техника орқали сўйиш – Ислом шариатига мос эмас, ҳаром. Ва Британия мусулмон жамиятида бунга рухсат берилмайди.
2. Фақатгина мусулмон қассоблар томонидан, ҳамда қўл ёрдамида сўйилган қушларгина ҳалол ҳисобланади.

Осиёлик ишбилармонларнинг Йоркшир уюшмаси маслаҳатчиси Навид Саиднинг сўзларига кўра, натижада ушбу қароргача ҳалол деб саналиб келган ва дўкон расталарида сотилаётган 1,8 миллион “техника орқали сўйилган қуш” йўқ қилинади.

Энг ожиз банда тайёрлади