10.10.11 19:04    Печат
Қозоқистоннинг ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ширкатлари ҳукуматдан уларни қўллаб –қувватлашини талаб қилишди.

Қозоқистоннинг ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ширкатлари мамлакат бош вазирини уларни қўллаб –қувватлашга ва бундай ширкатларга ёрдам беришга чиқиришди.

Ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи бир гуруҳ ширкатлар ва ижтимоий ташкилотлар Қозоқистон бош вазири Карим Масимовга мактуб йўллаб, бу саноатнинг айниқса стандартлаштириш ва рухсатнома бериш бўйича муаммолари ечилишини талаб қилишди.
Шу йилнинг 6 октябр куни йўлланган бу мактубга асосан сўнгги йилларда Қозоқистонда “Ҳалол” стандарти остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга бўлган талаблар тобора ортиб бормоқда.
Қозоқистон республикаси “Ҳалол” стандарти техник қўмитаси раиси М. Сарсенбаевга кўра, ҳозирги кунда бу мамлакатда 500 та ширкат ва корхона ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда ва уларнинг сони тобора ортиб бормоқда.
Мазкур мактубда ёзилишича, Қозоқистон ҳалол маҳсулотлар бозори ривожланишнинг биринчи босқичидадир ва афсуски баъзи бир манфаат талаб ширкатлар бу фурсатдан фойдаланиб, “Ҳалол” стандарти бўйича рухсатномага эга бўлмасдан туриб ҳам бу бозорга қалбаки “Ҳалол” номи билан ўз маҳсулотларини чиқаришмоқда. Ваҳоланки бу маҳсулотлар Ислом меъёрларига мутлақо тўғри келмайди.
Қозоқистон республикасидаги ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ширкатлар ва ижтимоий ташкилотлар ўз мактубларида шунингдек мамлакат бош вазиридан бу муаммолар зудлик билан ечилишини талаб қилишган.