28.02.25 11:13    Печат
Товуқ гўштидаги гормонлар ҳақида


Ҳозирги кунда жуда кўпчиликда "товуқ гўштида гормонлар бор" деган фикр бор. Келинг, эндокринолог Мария Герасимова билан бу ҳақда тушунтириб ўтамиз.

Товуқларга ҳақиқатан ҳам гормонлар қўшиладими?

Кўпчилик ўйлайдики товуқ фабрикаларида жўжаларга туғилганиданоқ гормонлар юборилади. Бу, гўёки, уларнинг ўсишини тезлаштиради, вазн қўшишни оширади ва бозорда арзон гўшт пайдо бўлишига сабаб бўлади. Шунингдек, баъзилар бундай гўштни истеъмол қилиш эркакларда ва чақалоқларда кўкрак ўсишига олиб келади, ҳатто онкологик касалликларнинг кўпайишига сабаб бўлиши мумкин деб ҳисоблайдилар (ЛГБТ бўлиб кетади, деган муллалар ҳам бор). Аммо ҳақиқат шундайми?

Гормонлар ва товуқ етиштириш тарихи

XX асрнинг ўрталарида Ғарбда қишлоқ хўжалигининг ривожланиши самарадорликни ошириш ва харажатларни камайтириш усулларини излашга олиб келди. Бу даврда айрим фермерлар анаболик стероидлар (ўсиш гормонлари) қўллашга ҳаракат қилганлар. Натижада, бу усул фақат айрим товуқ зотлари, асосан тухум берадиганлар учун самарали эканлиги аниқланди. 

Энг асосий муаммолардан бири – товуқларнинг вазн қўшишига катта таъсир қилмаслиги бўлди. Бундан ташқари, керакли натижага эришиш учун ҳар куни уч марта гормонлар юбориш керак эди. Бу эса катта фабрикалар учун амалиётга жорий қилиш жуда қийин ва иқтисодий жиҳатдан самарасиз эди. Чунки бундай препаратлар товуқларни боқиш харажатларига тенг келарди.

Нима учун бройлерлар 42 кунда катта бўлади?

Ҳозирги кунда бройлер жўжалари 42 кунда етук вазнга етади. Бу, асосан, селекция жараёнининг самараси. Умумий ҳажмни ошириш учун йиллар давомида фақатгина тез ўсадиган ва кўп гўшт берадиган зотлар саралаб олинган. Бундан ташқари, рационал озиқлантириш, яхши шароит, касалликларнинг олдини олиш ва самарали ветеринария хизматлари ҳам жуда катта аҳамиятга эга.

Хулоса: Товуқларда гормонлар борми?

Йўқ, ҳозирги замонавий бройлер фабрикаларида товуқларга гормон қўшиш амалиёти йўқ. Бройлерларнинг тез ўсишининг асосий сабаби – селекция, тўғри озиқланиш ва яхши парваришдир. Шунинг учун, товуқ гўштидан хавотирсиз фойдаланиш мумкин.

Товуқ етиштиришда гормонлар ишлатилишининг тақиқланиши

Ҳозирги вақтда АҚШ, Австралия ва Европа Иттифоқи давлатларида товуқларнинг ўсишини гормонлар орқали тезлаштириш қонунан тақиқланган. Шунингдек, бизнинг мамлакатимизда ҳам товуқчилик соҳасида гормонал стимуляция қўллаш ман этилган.

Гормонлар нимада ишлатилади?

Гормонлар асосан товуқларнинг кўпайиш жараёнларини яхшилаш мақсадида қўлланилади. Улар тухум ҳосил қилиш жараёнини фаоллаштириш, тухум ҳужайраларининг тезроқ етилишини рағбатлантириш учун ишлатилади. Аммо бу гормонларнинг таъсири жуда қисқа муддатли бўлиб, уларнинг ярим парчаланиш даври 24-32 соатни ташкил қилади. Демак, товуқ тўлиқ ўсиб, сўйиш жараёнига етиб келгунга қадар унинг организмидан барча гормонлар чиқиб кетади.

Гормонларнинг инсон соғлигига таъсири

Ишлатилган гормонларнинг организмда қолиш муддати йўқ даражада кам. Қолаверса, қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган барча гормонал препаратлар "нулл кун бекор қилиш" (zero withdrawal period) тамойили асосида танланган. Бу шуни англатадики, агар гормон қўлланган бўлса ҳам, у бекор қилинганидан кейин ҳар қандай вақтда гўшт истеъмолга яроқли ҳисобланади.

Қолаверса, юқори ҳароратда термик ишлов бериш орқали гормонлар тўлиқ ёки қисман йўқотилади:
-   Қовуриш жараёнида – гормонларнинг   30%   парчаланади.
-   Қайнатиш жараёнида –   68%   гормонлар инактив бўлади.
-   Овқат ҳазм қилиш жараёнида – инсон организми бу моддаларнинг   98%  ини чиқариб юборади.

Иқтисодий жиҳатдан ҳам гормон қўллаш самарасиз

Гормонларнинг нархи жуда қиммат бўлиб, уларни катта миқёсда ишлатиш иқтисодий жиҳатдан мантиқсиз. Бройлерлар ва товуқлар яхши парвариш, сифатли озуқа ва селекция туфайли тез ўсади, шунинг учун гормонлар қўллашга эҳтиёж ҳам йўқ.

-   Гормонлар товуқлар ўсиши учун ишлатилмайди , улар фақат репродуктив жараёнларга ёрдам беради.
-   Барча мамлакатларда, шу жумладан бизда ҳам товуқчиликда гормон қўллаш тақиқланган  .
-   Юқори ҳароратда гормонлар бутунлай парчаланади   ва организмда йиғилиб қолмайди.
-   Товуқ гўштини истеъмол қилиш инсон соғлиги учун хавфсиз  .

Шу сабабли, товуқ гўштида гормонлар борлиги ҳақидаги фикрлар илмий асосга эга эмас.

Абу Муслим тайёрлади