Хабарлар
PDF Печат E-mail
Қарз олган киши ҳақдорнинг уйида таомланиши мумкин эмасми?

Агар бир киши иккинчисидан қарздор бўлса, қарз берган инсон қарз олган биродарининг уйига борса, унинг уйида овқат ейиши мумкинми? Бир мажлисда: «Бундай қилиш мумкин эмас», дейишди ва уй эгасига қарз берган биродаримиз мажлисни ташлаб чиқиб кетди. Шу тўғрими?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ушбу савол ҳозирги кунда жамиятимизда ҳукм сураётган бир нохуш ҳолни ўзида акс эттирган саволдир. Бу – бизда Ислом таълимотини тўлақонли ўрганилмаслиги, Исломни ўрганишда пала-партишлик, ўзбошимчалик билан иш тутилиши, интизомнинг йўқлиги сабабидан келиб чиққан бир нохушликдир. Китоб ёзиб ёки таржима қилиб, уни бозорга чиқариш иштиёқида шариатдан хабардор ёки хабардор бўлмаган, турли савиядаги, турли маълумотдаги, турли дунёқарашдаги кишиларнинг диний китоблар орқали ҳам дунёвий, ҳам маънавий обрў қозониш каби мақсадларда ҳар хил китобларни тартибсиз равишда чиқаравериши оқибатида мана шу нохуш ҳолат юзага келган. Қолаверса, диний китобларни бетартиб, узди-юлди қилиб ўқиш ҳам бу нарсаларга сабаб бўлмоқда.
Мазкур саволга ўхшаган саволлар анчагина бор. Баъзи бир кишилар юқорида айтилгани каби савияси паст, билиб-билмай таснийф этилган китобларни ўқиб олиб, ғоят катта тушкунликка тушганлари, шунча йилги иймон-эътиқодим нима бўлди, деган маънодаги саволларни Ўртага ташлаётганлари ва бошқа шу каби ҳолатлар жуда кенг тарқалгани ҳеч кимга сир эмас.
Катта ёшдаги бир ҳожи оғамиз ўзининг ниъоятда сирли гапи борлиги, ёлғиз гаплашиш кераклиги тўғрисида илтимос қилиб: «Мен бир китоб ўқиган эдим, саксон ёшимгача бўлган муддатдаги иймон-эътиқодим тўғрисида шубҳага тушиб қолдим, энди буёғи нима бўлади, деган ташвишдаман», деб сўз бошладилар. Шунда мен: «Эҳтимол, фалон китобни ўқигандирсиз», десам, у киши: «Ҳа, ҳа, ўша», дедилар. Мен: «Ундай бўлса, ташвишингиз беҳуда, у ерда бошқа маънодаги гаплар сиз ўқиган каби ифодаланиб қолган, шунинг учун ҳам сизга жуда оғир туюлиб кетган бўлса керак», деган жавобни бериб, кўнгилларини кўтариб, тўғрисини айтган бўлдим.
Имом домлаларимиздан бири баъзи бир дўстлари билан бирга кечаси, ёмғир ёғиб турган пайтда чақириб келишди. Ўтиргандан сўнг: «Масжидда бундоқ-бундоқ бўлган эди, кейин уни бундай қилиб тузатдик. Лекин ҳозир мен мусулмонлигим қолдими-қолмадими, аёлим талоқ бўлдими-бўлмадими, шуни сўрагани келдим», дедилар. Мен у кишига билганимча тушунтириб, киши бу билан иймондан чиқмаслигини, эр-хотиннинг орасига талоқ тушмаслигини тушунтириб бердим. Шунда у киши қўйниларидан бир китобни чиқариб, очиб менга кўрсатдилар. «Мана шу ерини ўқиганимдан бери умуман уйқум ҳам йўқ, ҳаловатим ҳам йўқ: мен кофир бўлибман, аёлим талоқ бўлибди, деган хаёлдаман», дея ташвиш билдирдилар.
Бунга ўхшаш мисоллар жуда ҳам кўп. Мана, биттаси кўз олдимизда турибди. Бир одам иккинчи одамдан қарз олган, қарз берувчи қарздорнинг уйига бошқа меҳмонлар билан бирга келган ва қарз бергани рўкач қилиниб меҳмондорчиликдан чиқариб юборилган. Қарз бергани учун қарздорнинг уйидан овқат ейиши мумкин эмаслиги айтилган. Буни ўша мажлисда ўтирганлар ўзларининг хаёлларидан чиқариб айтишмаган. Балки, ҳозирги кунларда таржима қилиниб, кишиларнинг қўлига етиб борган китобларнинг бирида мана шу нарса айтилган бўлган. Қарз берган киши қарз олганнинг таомини еса, рибохўр бўлади, дарахтининг соясида ўтирса, рибохўр бўлади ва шунга ўхшаган гаплар айтилган. Ана шунинг эътиборидан, ҳалиги киши қарздорнинг уйидан чиқариб юборилган.
Аслида, ўша гапларни тушуниш учун бироз зиёда илм керак, уларни уқа билиш керак, ораларини фарқлай олишни уддалаш керак. Бу каби масалаларни тўғри тушуниш учун бу борада бироз тўхталишимизга тўғри келади.
Шариатимизнинг аҳкомларини тушунишда фатво тарафи назарда тутилади. Яъни, зоҳирий кўриниш, аҳкомларни ўрнига қўйиб адо этиш ҳолатлари эътиборга олинади. Лекин руҳий тарбия маъносида, тасаввуфнинг юқори босқичларида тақво жиҳати эътиборга олинади, гаплар тақво юзасидан гапирилади. Бунда амалнинг ички – руҳий-маънавий, ботиний аҳкомлари тўғрисида гап кетади. Фатво тарафини олиш шариатнинг, фиқҳ илмининг асоси ҳисобланса, тақво тарафини олиш юқори даражаларга кўтарилиш, қалбнинг ҳолатини аҳкомларга боғлаш билан бўлади.
Буни яхши тушуниш учун, келинг, яхшиси, бир мисол келтирайлик. Тасаввуфга кўра рўза уч даражада бўлади: биринчиси: омманинг даражаси бўлиб, у авом халқнинг рўзаси ҳисобланади; иккинчиси: хосларнинг рўзаси бўлиб, ўрта даража ҳисобланади; учинчиси: хослар хосининг рўзаси бўлиб, бу энг юқори босқичдир.
Биринчи даражада қорин ва фарж шаҳватини тийиш билан рўза ҳисобга ўтади. Демак, қоринга ёки жинсий алоқага оид нарсалардан ўзини тийиш билан инсон омманинг рўзасини, умумий рўзани тутган бўлади.
Иккинчи босқичда қорин ва фарж шаҳватларидан ўзини тийиш билан бирга, кўз, қулоқ, оғиз, қўл, оёқ каби бошқа аъзоларни ҳам гуноҳдан сақлайди. Демак, хос рўза тутган одам фиқҳ китобларида кўрсатилган рўза тутиш шартларига қўшимча сифатида, кўзини ҳам гуноҳлардан рўза туттириши керак, оғзини ҳам гуноҳ гаплардан, сўзлардан, ғийбатдан, бўҳтондан, туҳматдан тийиш ила рўза туттириши керак. Қўлини ҳаромга узатишдан тийиб, қўлига ҳам рўза туттириши керак, оёғига ҳам, қулоғига ҳам рўза туттириши керак ва ҳоказо.
Ана энди, ўша умумдан юқори турадиган хосларнинг рўзаси ҳақида гап кетганида, мисол учун, Суфёни Саврийдан ривоят қилинишича, «ғийбат рўзани бузади», дейилади. Бу, хосларнинг рўзасини тутиб, қориннинг ва фаржнинг шаҳватини тийиш билан бирга, кўз-қулоғини, оғзи-бурнини, қўл-оёғини харомдан тийиб юрган одам бировни ғийбат қилса, ҳалиги хос рўзаси бузилади. Лекин Аллоҳ амр қилган фарз рўза – умумий рўза бузилмайди, рўзаси очилди, энди еб-ичса ҳам бўлаверади, дейилмайди. Фақат, рўзанинг камолига футур етади, савоби камаяди. Мана шу ҳақиқатни билмаган одам ўша тасаввуф китобларидан бирини ўқиб бораётиб, унда «ғийбат рўзани бузади», деган гапни ўқиб қолса, «и-е, мен ғийбат қилиб юборган эдим-ку, демак, рўзам бузилибди-да, унинг қазосини тутай», деган хулосага келиши мумкин. Бу эса, кўриб турганингиздек, тўғри хулоса бўлмайди. Чунки, бу ерда хос рўза назарда тутилган.
Худди шунингдек, қарз масаласида ҳам фатво ва тақво жиҳатлари бор. Фатво жиҳати ҳалол-ҳаромлигини ҳал қилса, тақво тарафи амалнинг мукаммаллигини, савоби ва натижаси тугал бўлишини таъминлайди.
Мисол учун, бир одам иккинчисига қарз берди, умумий қоида бўйича, қарз берувчи берган қарзининг устига фойда олса, яъни: «Мен сенга бунча нарсани қарз бераман, қайтараётганингда устига бунча қўшиб берасан», деб шарт қўйса, олгани рибо бўлади, бу иши судхўрлик бўлади, гуноҳ, ҳаром ҳисобланади. Аммо, қарз олган одам қарзини адо қилаётиб олган нарсасидан кўра яхшироқ шаклини қайтариб берса, рибо бўлмайди. Бунга далил Набийимиз алайҳиссаломнинг бир феълий суннатларидир.
Набий алайҳиссалом бировдан бир ҳайвонни қарз олдилар, муддати келганда ҳалиги қарз берувчи келиб: «Мендан олган қарзингизни қайтариб беринг»,–деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга: «Қаранглар, бизнинг ҳайвонлар ичидан бу одамдан олган қарзимизни қайтариб беринглар»,–дедилар. Саҳобалар истаб, қараб, худди ўша одамдан олинган ҳайвон сифатига эга бўлган ҳайвон ҳозир у ерда йўқ эканини, аммо ундан яхшироғи борлигини айтганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўша яхшисини беринглар, қарзни қайтараётганида яхшироғини қайтариш керак», деган маънодаги гапни айтганлар.
Демак, Набийимиз алайҳиссалом олган қарзларини қайтариб бераётиб, олганларидан кўра яхшироқ нарсани берганлар ва буни рибо ҳисобламаганлар. Шу боис, уламолар бундай молни ҳаром демаганлар.
Энди, тасаввуф тушунчасида, юқори ахлоқий савияда, тақво тарафини олганда, қарздордан умуман ҳеч қандай фойда кўрилмаса, савоб тўлиқ бўлади, деган маъно олға сурилиб, «қарздорнинг уйида овқат еса, рибо бўлиб қолади, дарахтининг соясида ўтирса, рибо бўлиб қолади», каби гаплар айтилади. Бу маънодаги сўзлар ана ўшандай юқори савияда юриб, юксак даражаларга эришиш ҳаракатида бўлган кишиларнинг мақомларига мос равишда, уларнинг ўзлари тушунадиган истилоҳда ифода қилингандир. Мана бу ҳақиқатни ниҳоятда яхши тушунишимиз керак.
Албатта, ҳар бир мўмин-мусулмон банда тақвога интилиши, юксак мақомларга етишга ҳаракат қилиши, кўпроқ ажр-савобларга эга бўлишга уриниши керак. Аммо, биз айтмоқчимизки, ҳар бир гапни тушунишда ундан кўзда тутилган маънога эътибор бериш, маълум маънода айтилган гапни умумлаштирмаслик лозим.
Китоб чиқармоқчи ёки таржима қилмоқчи бўлганлар ундаги ҳар бир сўзга алоҳида эътибор қаратишлари керак. Одамлар ўртасида ихтилофга, келишмовчиликка, тушунмовчиликка сабаб бўладиган нарсалардан эҳтиёт бўлишлари лозим. Баъзи бир ана шундай тушунчалар бўлса, биладиганларга кўрсатиб, муаммо келтириб чиқармайдиган қилиб изоҳлаб беришлари даркор.
Халқни қийнаш керак эмас, динини ўрганиб келаётган мусулмонларга улар тушунмайдиган, ғариб бўлган фикрларни, аҳкомларни ҳеч қандай тушунтиришсиз, изоҳсиз тақдим қилмаслик керак. Одамлар орасида ихтилоф чиқаришдан, мана бу саволга ўхшайдиган ҳар хил ҳолатларга сабаб бўлишдан мусулмонлар учун ҳеч қандай манфаат йўқ.
Ўрни келганда муҳтарам китобхонларимизга шуни ҳам таъкидлаб ўтмоқчимизки, китоб ўқийдиган бўлсаларингиз, аввал китобнинг ўзи қандай китоб эканини яхшилаб ўрганишга ҳаракат қилинглар. Китобнинг муаллифи кимлигини, ҳақиқий олимми, халқ эътиборини қозонган, уламоларнинг таҳсинига сазовор бўлган зотми ёки қандайдир бошқа касбда юриб, бу соҳага бир ъиссасини қўшмоқчи бўлган ёки обрўсини орттириш учун ҳаракат қилаётган кишими, агар китоб таржима бўлса, таржимон ким, диний таълим олган одамми ёки диндан бехабар, фақат тил билади, холосми – буларнинг ҳаммасини яхшилаб ўрганиб, кейин китобни ўқинглар.
Шунингдек, китобнинг муаллифи қайси соҳа мутахассиси экани, фақиҳми ё муҳаддисми, муфассирми ё мутасаввифми, тарихчими ё шарқшуносми, бунга ҳам эътибор бериш лозим. Валлоҳу аълам.

 

Your are currently browsing this site with Internet Explorer 6 (IE6).

Your current web browser must be updated to version 7 of Internet Explorer (IE7) to take advantage of all of template's capabilities.

Why should I upgrade to Internet Explorer 7? Microsoft has redesigned Internet Explorer from the ground up, with better security, new capabilities, and a whole new interface. Many changes resulted from the feedback of millions of users who tested prerelease versions of the new browser. The most compelling reason to upgrade is the improved security. The Internet of today is not the Internet of five years ago. There are dangers that simply didn't exist back in 2001, when Internet Explorer 6 was released to the world. Internet Explorer 7 makes surfing the web fundamentally safer by offering greater protection against viruses, spyware, and other online risks.

Get free downloads for Internet Explorer 7, including recommended updates as they become available. To download Internet Explorer 7 in the language of your choice, please visit the Internet Explorer 7 worldwide page.